Ҳаёт молекуласи


  • 8 Май, 2012
  • 1891

 Сув бизнинг турмуш тарзимизга айланган, бир қарашда, оддийгина бир неъмат. Аммо унинг аслида нима эканлигини одамзот ҳали тўлиқ англай олгани йўқ. Ҳозиргача сувнинг олимлар изоҳлай олмаётган 43та хусусияти аниқланган.

Қонунларга зид равишда

- Жами тирик мавжудотлар таркибининг 70-80 фоизини ташкил этувчи сув том маънода беқиёс, мутлоқ ўзига хос моддадир, - дейди Санкт-Петербург Ахборот технологиялари университети профессори Константин Коротков. - У бошқа субстанцияларга тегишли қонунларга бўйсунмаган ҳолда яшайди...

Бундай қатъий хулоса учун асослар етарли, албатта. Барча суюқликлар музлаганда тораяди, сув эса кенгаяди. Ҳар қандай модда қаттиқ ҳолида суюқлигига қараганда оғир бўлади, сувда эса бунинг акси. Муз унинг юзасида қалқиб туради, физик қонунларга кўра чўкиб кетмайди. Фақат ўтган асрдагина олимлар бу шунчаки табиатнинг инжиқлиги эмаслигини пайқаб қолишди. Зеро, агар муз сувга чўкканида ҳавзалар туб-тубигача музлаб, улардаги ҳаёт тўхтаб қоларди. Демак, Аллоҳ сувга ҳаётни рағбатлантириши учун алоҳида хусусиятлар ато этган.

Сувнинг яна бир антиқа хусусияти шундаки, у икки хил газ бирикмасидан - кислород ва водороддан ташкил топган. Бошқа ҳеч бир газлар ўзаро бирлашиб суюқлик ҳосил қила олишмайди. Ҳатто хлор ёки фтор каби агрессив моддалар ҳам водород билан бирлашганда фақат сув эритмасидагина айрим кислоталарни ҳосил қилади.

Яна бир ҳайратланарли томони шуки, сув бир вақтнинг ўзида учта - суюқ, қаттиқ ва газсимон ҳолатда бўла олади. Эрта баҳорда тонг чоғи ҳали музи эриб улгурмаган ҳовуз ёнига боринг-а, бунга ўзингиз амин бўласиз.

Ҳаммасидан ҳайратланарлиси, сувнинг ҳар қандай ҳажми битта молекуладир. Гап шундаки, сув - дипол, яъни манфий ва нисбий магнит қутбларига эга заррачадир. Ва ундаги барча молекулалар зудлик билан бирлашиб олади: манфий қутблилар нисбийси билан ва аксинча. Шундай экан, пиёладаги сув ҳам битта, Тинч океандаги сув ҳам битта, ягона молекула!

Сувнинг хотираси бор!

Агар сувнинг энг нодир хусусиятларини танлаб оладиган бўлсак, улар иккита: хотира ва ахборот узатиш. Сув нимаики бўлса, эслаб қолади. Швейцариялик олимлар буни тасдиқловчи ҳайратомуз тажриба ўтказишди. Улар Женева кўлининг қирғоқ сувида бир нечта туз заррачаларини эритишди. Сўнг нариги қирғоқда ускуналар ёрдамида текширув ўтказишди ва... туз эмас, туз ҳақидаги хотира маълумотини қайд этишди. У қирғоқдаги тузнинг ўзини аниқлашга ускуналарнинг сезувчанлиги етишмаган бўларди. Аммо кўл ҳовузидаги улкан молекула ушбу хотирани қандай бўлса шундайлигича сақлаб қолган.

Биологларнинг аниқлашича, сув тирик организмларни нафақат суғоради, балки улар бўйлаб ахборот ташийди. Айнан сув воситасида тирик жисм органлари бир-бирининг ҳолатидан бохабар бўлиб, қандай функциялар зарурлигини билиб туришади. Сув бу ахборотларни қаердан олиши тўғрисида эса фақат тахминлар қилиш мумкин - масалан, физикларнинг таъкидлашига кўра, Ерни ва ҳар бир одамни чулғаб, коинот билан боғлаб турувчи энергетик-ахборот майдонидан олиши эҳтимол. Нима бўлганида ҳам, сувнинг ахборотга эгалиги факт. Мана шу икки хусусият - хотираси ва ахборот узатишга қодирлиги тирик ва ўлик сув ҳақида сўз очишга замин бўлади.

Тирик ва ўлик сув

- Тирик ва ўлик сув фақат эртакдаги гап эмас, - дейди Константин Коротков. - Бу асл ҳақиқат ва биз мунтазам равишда унга дуч келамиз...

Соғлигимиз қандай сув ичишимизга боғлиқ, бинобарин, у шунчаки тирикликни таъминловчи модда эмас. Сув - ҳаётнинг ўзи! Бу таъкидни тўғри маънода қабул қилиш керак. Умуман олганда, бошқа ҳеч нарса истеъмол қилмасдан фақат сув ичиб, бемалол яшаш мумкин. Бугунги кунда иссиқ мамлакатларнинг фуқаролари ҳеч нарса емасдан, фақат сув ичиб юришлари ҳақида айтмоқдалар. Нега энди иссиқ мамлакатдагилар? Чунки шимолий кенгликларда танани иситиш ва ҳаводаги ҳароратни енгиш учун катта миқдордаги энергия талаб этилади. Аммо шундай вазиятлар ҳам бўладики, егулик ва ичгуликлар тўлиб-тошган ерларда одамлар очлик ва ташналикдан ҳалок бўлишади. Масалан, уммондаги кемалар ҳалокати қурбонларини олайлик. Денгиз сувининг истеъмолга яроқсизлиги аниқми? Бу саволни ўттиз йиллар муқаддам ўртага ташлаган шифокор Ален Бомбар кейинчалик жавобни ҳам ўзи топди. У мўъжазгина яхтада бир ўзи, ҳеч қандай озиқ-овқатсиз ва бир томчи сувсиз йўлга чиқиб, Тинч океанини кесиб ўтди. Уч ой мобайнида уммонда сузиб 28 килога озиб кетди, аммо одам боласи денгиз суви ҳамда хом балиқ билан ҳам яшаши мумкинлигини исботлаб берди.

- Тиббиётчилар Ер юзидаги жуда кўп касалликлар сувдаги минерал моддаларнинг миқдори ёки уларнинг умуман йўқлиги билан боғлиқ эканлигини анча илгари аниқлашган, - дейди профессор Коротков. - Гап шундаки, денгиз суви худди бизнинг қонимиздаги балансга эга, яъни минераллар миқдори бир хил. Бу - тирик сув!

Ўлик сув эса бундай бўлади: табиий сувни тозалаб, етказиб бериш қимматга тушади деб ҳисоблаган қайсидир ақлли бошлар кран орқали қоп-қоп зарур моддалар қўшилган дистилланган сувни юборишни ўйлаб топишган. Ҳозир аксарият ичимлик сувини ишлаб чиқарувчилар шу усулни қўллашади. Унда ҳамма моддалар бор. Фақат ҳаёт моддаси йўқ. Ўлик сув!

Одам - бу сув!

Сувнинг хусусиятларини аниқлаш бўйича давримизнинг тенгсиз олими Масару Эмото бутун Европа ва Американи кезиб маърузалар қилди. Мана унинг фикрларидан мисол: «Биз ўз ҳаётимизни 99 фоиз сувдан иборат ҳомила сифатида бошлаймиз. Етук давримизда бу миқдор 70 фоизгача тушади. Агар жуда қартайиб вафот этсак, танамизнинг 50 фоизи сув бўлади. Бошқача айтганда, бутун умримиз давомида, асосан, сув кўринишида мавжудмиз».

«Демак, узоқ ва бахтли умр кўриш учун ўзимиз ташкил топганимиз - сувни тозалашни ўрганмоғимиз керак, - деб фикрини давом эттиради Масару Эмото. - Буни эса... муз кристалларидан ўрганиш керак».

Олимда кристалларнинг микроскоп остидаги кўринишидан олинган кўплаб фоторасмлар бор. У расмларни ўрганади, моделлар тузади, яъни сувни сунъий равишда кристаллар ҳосил қилдиради. Нима учун? «Нега иккита мутлақо бир хил кристаллар мавжуд эмас? Нега айримлари ажойиб, бошқалари хунук?» деган саволларга жавоб бериш учун. Бунинг жавоби асл кашфиёт бўлди: чиройли, мукаммал кристалларни фақат тирик сув ҳосил қилар экан. Ўша, организмга ижобий таъсир этувчи сув.

Нотўғри, синиқ кристалларни эса, танамизга зарар етказувчи ўлик сув ҳосил қилади. Бунга, обиҳаёт таркибини буткул бузувчи модда - хлор қўшилган сув мисол бўла олади. Энди қувурларимизда қанақа сув оқаётганини тасаввур қилаётгандирсиз? Шундай экан, табиий сувни истеъмол қилинг. Масалан, эриган қор суви ҳақиқий тирик сувдир! Текширишларда маълум бўлдики, бундай сув юқори биоактивликка эга ҳамда ўзининг физикавий-кимёвий хусусиятларига кўра бизнинг тўқималаримиздаги сувга жуда яқин. Тоғликларнинг узоқ умр кўриши сабаблари шудир, эҳтимол? Ахир улар ҳамиша музликлардан эриган сувни ичишади.

Ҳа, биз тоғлик эмасмиз. Аммо тирик сув ичиш имконимиз бор: сувни қайнатиб, кейин 20 даражагача тез совутинг ва дарҳол ичинг. Бундай сув эриган сув билан деярли бир хил хусусиятлар касб этади. Терингиз юмшоқ ва эластик бўлади, яра ва куйган шикастлар тез битади. Нимагалиги номаълум, аммо бу факт: эндигина совиган қайнатилган сувда биоактивлик юқори бўлади, бир-икки соат ўтиб эса у ўзининг тириклик хусусиятларини йўқотади!

Ҳали кўп нарсани билмаймиз

Шундай қилиб, япон олими Эмото ҳамда рус профессори Коротковнинг якдил фикрлари қуйидагича: сув атроф оламдаги барча ҳодисалардан таъсирланувчи ўта сезгир тирик структурадир. У ҳатто мусиқани «тинглай» олади. Ҳа-ҳа, Бетховен симфонияси янграганда бир хил кристаллар, Моцарт мусиқаси остида бошқа хилдагилари ҳосил бўлади. Шопен оҳанглари Бах органи садоларига қараганда мутлақо бошқача кристалларни пайдо қилади...

Янада ҳайратланарлиси шундаки, сув бизнинг туйғуларимизга жавоб беради. Кўплаб тажрибаларда аён бўлишича, биздаги ижобий ва салбий ҳис-туйғулар сувнинг таркибини ўзгартириб юборади, сифатига қараб гўзал ва бадбуруш кристаллар ҳосил қилади.

Инсоният неча ўн йилликлардан буён сувнинг хусусиятларидан ҳайратланиб келади. Унинг аслида нима эканлигини эса эндигина англай бошладик. Аммо бу йўлда биз илк қадамларни ташладик, холос. Ҳали олдинда жуда кўп кашфиётлар бор. Масалан, бир америкалик олим сув ёрдамида саратон касаллигига қарши курашишга бел боғлади. Унинг фикрича, сувга олтин ёки кумуш ионлари жойлаштирилса, уларни онкологик ҳужайралар фаоллик билан шимиб олади. Одатда, оддий ҳужайралар уларга бефарқ бўлади. Агар шу пайтда организм юқори частотали энергия билан нурлантирилса-чи? У ҳолда олтин ва кумуш ионлари қизиб, оқибатда онкоҳужайралар нобуд бўлиши мумкин эмасми? Ҳозир айнан шу мазмунда тажрибалар олиб борил¬япти, натижасини кутамиз...

Энг муҳими - биз сувнинг ҳали ўзимиз билмаган хосиятлари томон қадам-бақадам илгарилаяпмиз.

Муаллиф: Альберт ВАЛЕНТИНОВ


Бошқа мақолалар