Ҳайратланарли ҳайвонлар


  • 19 Май, 2012
  • 1839

 ШАМОЛЛАРНИ ҚОЛДИРИБ ДОҒДА...

Югуриш бўйича дунё рекордини қўядиган жонивор гепарддир. Қисқа масофаларга югуришда у тезлигини соатига 100 километргача етказа олади, аммо 500 метрча чопганидан сўнг ҳансираб қолади. Шу туфайли ов узоқ чўзилиб кетгудек бўлса, гепард Канада ҳамда Шимолий Мексикада яшовчи ва марафонча югуришлар бўйича бемалол рекорд қўя оладиган гўзал жонивор − айришох оҳуни қувиб етиши даргумон. Оҳу 6 километр масофани соатига 56 километр тезликда босиб ўтса-да, ҳатто нафас олиши тезлашмайди.

Денгизда эса елканчи балиқ рекордчи-сузувчи ҳисобланади (эсингиздами, Эрнест Хемингуэйнинг “Чол ва денгиз” асари қаҳрамони айнан шу балиқни овлаш учун анча вақтини сарфлаганди). Елканчи балиқ қисқа масофаларда ҳатто гепардни ҳам ортда қолдиради. Унинг тезлиги соатига 109 километргача етади.

Тўғри, тезлик борасида сапсан лочинига тенг келадигани йўқ. Орнитологларнинг баҳолашларича, сапсан юқоридан ўлжаси томон шўнғиганида соатига 322 километргача тезлашар экан. Сапсаннинг жарговар зарбаси шунчалар кучлики, қурбонининг калласини чўрт узиб юборишга қодир.

КИМНИНГ ҚУЛОҒИ КАТТА?

Биз доимо филларни энг катта қулоқли ҳайвон деб атаймиз, илло Африка филининг қулоқлари бир ярим метргача етади. Бироқ бу хартумли паҳлавоннинг қулоқлари узунлиги танасининг тўртдан бир қисминигина ташкил этади. Аммо мўғул даштларида яшайдиган узунқулоқ тушқончанинг тана узунлиги тўққиз сантиметр бўлса, қулоқлари беш сантиметргача етади. Демак, фоизига қараганда тушқонча биринчи ўринни эгаллашга ва сайёрадаги “энг қулоқдор жонзот” деган унвонга муносиб экан.

Ер юзасидаги энг совуққа чидамли жонзотлар ҳақида гап кетганида, биз дарҳол пингвинлар ва оқ айиқларни эсга оламиз. Аммо совуққа бардошлилар улар эмас экан. Паст ҳароратга нисбатан кўпроқ мослашганлар ўрдаклар ва ғозлардир. Тажрибалар давомида бу паррандалар Цельсий бўйича 110 даража совуққа ҳам бардош бера олишлари маълум бўлди.

Биз дунёдаги энг кучли жонзот фил эмас, балки чумоли, деб ҳисоблаймиз. Аслида бу нотўғри. Чумоли ўз вазнидан 50 марта оғирроқ юкни кўтара олади ва бу бизни ҳайратда қолдиради. Шохдор қўнғиз эса елкасида ўзининг вазнидан 850 марта оғиррроқ бўлган юкни кўтаришга қодирлиги аниқланди! Тан беринг, чумолининг бу рекордга етишига ҳали анча бор...

10 МЕТРЛИ “ЧАҚАЛОҚ”

Кўк китнинг боласи бир кеча-кундузда 80-100 килограммгача (дақиқасига 75 граммдан) семиради. Туғилганида узунлиги 10 метр бўлади, бир ярим ёшгача 20 метргача, вазни 45-50 тоннага етиб қолади! Вояга етган китнинг узунлиги 30 метрдан ошади, вазни 125 тоннага етади ва ундан ҳам ошиқроқ бўлади.


Бошқа мақолалар