Уй қуришдан мақсад


  • 10 Октябрь, 2012
  • 1584

 Қундузлар кириб чиқадиган "камера"

Одамзот қайси замонда яшамасин, унга бошпана керак бўлган. Чиройли, ҳашамдор қилиб қурилган ҳовли ёки бир неча хонадан иборат квартирада ўзига хос меъморчилик услубини кузатиш қийин эмас. Забони йўқ, аммо ақл ва тадбиркорлик бобида онгли мавжудотдан кўп ҳам қолишмайдиган ҳайвонлар ўз бошпаналарини ғишт ва цемент ўйлаб топилмасидан илгариёқ ажойиб-ғаройиб шаклда қургани кузатилган. Айрим жонзотларнинг ини пиёладек бўлса, бошқалариники улканлигидан кишини ҳайратга солади.

Барча ҳайвонлар ҳам худди одамлар каби ўзларидан кўра болалари ҳақида кўпроқ қайғуришади. Айёрлик бобида кўпчилик турларни доғда қолдирувчилари эса ўлжа учун тузоқ қуради.

Айрим сув ҳайвонлари томонидан ҳосил қилинган қурилма маржонсимон рифлар (қоялар)ни эслатади. Унинг узунлиги юзлаб километрга чўзилиши эҳтимолдан холи эмас, аммо тартибсиз ва чалкашлигидан кўз жимирлайди. Сув қундузлари эса, аксинча, ўз тўғонларини аниқ бир мақсадга мўлжаллаб қуради, бу дейлик, уларнинг инстинктларини бошқаришга қаратилади. Уларнинг энг катта "уйи" чавандозлар ўтирган бир неча отни кўтара олишига, узунлиги эса 700 метрни ташкил қилишига нима дейсиз?

Биламизки, қундузлар ўрмонга яқин кўл ва ариқлар қирғоғида яшайди. Улар ўз инларини қирғоқнинг сув билан туташган тикка жойларида барпо этадилар. Жониворлар кириб чиқадиган ин шох-шаббалардан иборат бўлиб, сиртдан қараганда, омонат турганга ўхшайди. Аммо шох-шаббаларнинг ичкарисини нақ "камера"нинг ўзи дейсиз. Уйчасининг девори қалинлиги 1 метргача бўлиб, қишда илиққина туради. Қундузлар сувга бир шўнғиб олишади-да, ўша "камера" ичига ўзларини уришади ва исиниб олишади. Шуниси ҳайратланарлики, қундузларнинг ўз инларига кирадиган йўли сув орқали бўлиб, у ерга йиртқичларнинг назари ҳам тушмайди. Сув қундузлари ёш дарахтларнинг 30 см.гача узунликдаги шох-шаббаларини олд тишлари билан моҳирона кесиб, тикланажак уйчалари атрофига ташишади. Думли "муҳандислар" ҳар бир тўғонни синчиклаб текширишади, тешиклар бўлса, йўқотишади. Қундузларнинг ўзига хос меъморий қурилмаси уларга бир неча йил хизмат қилади ва бунда бир неча авлод яшайди.

Қанотлиларнинг ҳайратомуз уялари

Қушлар ҳайвонот оламидаги энг тажрибали меъмор эканини ўйлаб ҳам кўрмагансиз. Кўплаб қанотлилар ўз инларини ҳар йили янгилайди. Масалан, колибри ўз уясини йўсин ва лишайниксимон ўтдан қуриб, уни ўргимчак тўрларидек мустаҳкамлаб олади. Натижада энг кичик қушлар учун ажойиб ва мукаммал "беланчак" ҳосил бўлади. Каттароқ қушлар ўз инларини шох-шаббалардан, айримлари лойдан тиклайдилар. Қалдирғочлар ясаган уя пиёла шаклини эслатади.

Жанубий Америкада яшайдиган сариқ қушчани бежизга "печка устаси" демайдилар. Улар лой ва гўнг қоришмасини гўёки ғиштга айлантириб, шакли печкага ниҳоятда ўхшаш ин ясайдилар. Уяга кириш йўли битта бўлиб, у букилган хоначадай кўринади, шу боис ҳам йиртқичлар бу қушнинг тухум ва полапонларига хавф сололмайди.

Оропендаллар ва бошқа моҳир "тўқувчилар" "кутилмаган меҳмонлар"дан бошқача ҳимояланишади. Ўт ва япроқлардан маҳорат билан тўқилган иннинг узунлиги 1 - 1,5 метргача боради.

Қушлар ўз уяларини қуришга кўп вақт сарфласалар ҳам, улар узоқ муддатга мўлжалланмайди. Сабаби оддий, қисқа вақт ичида уя кўплаб ҳашаротлар тўплангани боис ифлосланади. Бу ҳолат йирик қанотлиларни заррача ҳам ташвишга солмайди, шунинг учун улар ўзлари машаққат билан тиклаган бошпанада узоқ йиллар яшаши мумкин. Баъзан бу уялар келгуси авлодга "мерос" бўлиб ҳам ўтади, аммо янги эгалар худди одамларга ўхшаб уни қайтадан тиклашга киришади.

Ҳашаротлар ҳам қолишмайди

Ҳа, ҳашаротларнинг уяси сизни янада ҳайрат оғушига солади. Арилар ўз личинкалари учун сопол "кўзача"лар ясайди. Энг мураккаб уяларни чумоли, асалари, термитлар тиклашади. Миттигина чумолилар уяси голф коптокчасини эслатса, термитлар тиклаган уя ер сатҳидан 9 метргача баландликда бўлиши кузатилган. Лойдан тикланган ушбу "қалъалар" қуёш нурида қотиб қолгач, бир неча ўн йил мобайнида ўз соҳибларига хизмат қилади.

Ҳайвонот оламида биз билган ва билмаган жиҳатлар кўп. Тирик жонзот сифатида улар яшаш учун кураш ва насл қолдириш, юқорида таъкидлаганимиздек, ўз уяларини тиклаш бобида ҳам одамзотга яқин туради.

Ҳулкар Тўйманова

www.ziyouz.uz сайтидан олинди.


Бошқа мақолалар