Тиббиёт оламида катта янгилик


  • 8 Сентябрь, 2025
  • 25

Россиядан миллионлаб одамларга умид бағишлайдиган янгилик келди. Федерал тиббий-биологик агентлик раҳбари Вероника Скворцова йиллар давомида ўрганилган саратонга қарши эмлаш воситаси тайёр эканини ва яқин вақт ичида беморларга бепул тақдим этилишини маълум қилди. Мутахассисларнинг айтишича, ушбу вакцина ўсмани 80 фоизгача кичрайтира олади ва тирик қолиш кўрсаткичини сезиларли оширади.

Россия узоқ йиллар давом этган тадқиқотлардан сўнг саратонга қарши вакцинанинг тайёр бўлганини ва қисқа вақт ичида беморларга бепул берилишини эълон қилди.

Федерал тиббий-биологик агентлик раҳбари ва собиқ соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцованинг таъкидлашича, клиник олди синовлар натижалари жуда умидли:

«Уч йиллик тадқиқот маълумотлари вакцинанинг хавфсизлиги ва самарадорлигини тасдиқлади. Қайта қўлланилган ҳолларда ўсма ҳажми 60–80 фоизга камайгани ва тирик қолиш кўрсаткичи ошгани кузатилди», — деди у.

Янги ишлаб чиқилган вакцина дастлаб йўғон ичак саратонини даволашда қўлланилади. Шунингдек, глиобластома ва кўз меланомаси каби турли хил саратон турларига қарши ўхшаш вакциналар устида ҳам иш олиб борилаётгани қайд этилди.

Федерал соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиғидан сўнг, яқин ойларда аввало меланома билан оғриган беморларга тажрибавий қўлланилиш бошланиши кутилмоқда. Клиник синовлар Москвадаги Герцен онкология тадқиқот институти ҳамда Блохин миллий тиббиёт маркази ҳузурида амалга оширилиши режалаштирилган.

Гамалея маркази мутахассислари вакцинанинг ҳар бир бемор учун индивидуал тарзда ишлаб чиқилашини ва бу жараёнда сунъий интеллектдан фойдаланилганини маълум қилди.

Россия соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош онкологи Андрей Каприннинг айтишича, вакцина Россия ватандошларига бепул тақдим этилади. Бироқ давлат ҳар бир қўлланилиш учун тахминан 300 минг рубл харажат қилади.

Россияда аввалроқ простата саратонига қарши «Ракурс» ва турли хил саратон турларида қўлланиладиган «Афотид» каби дори воситалари ишлаб чиқилган эди. Бироқ саратонга қарши вакцина оммавий қўлланишга киритилиши мамлакат тиббиёт тарихида илк марта қайд этилмоқда.


Бошқа мақолалар