- 2024-05-10
Черков қўнғироғига қораяди, бисмиллоҳ овозига ялтирайди!
Кўп йиллардан бери замзам суви ва кристаллари устида тадқиқотлар ўтказган мусулмон тадқиқотчилари билан бир қаторда япон ва немис мутахассислари ҳам Замзам сувининг сирларини илк маротаба ҳужжатли фильм билан маълум қилдилар.
Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳу таолонинг амри билан аёли Ҳожар волидамиз ва ўғли Исмоил алайҳиссаломни Маккага олиб боради. Ёнларига бироз егулик билан Каъбаи муаззама жойлашган ерда қолдириб, Шомга қайтади. Ҳозирда Замзам қудуғи жойлашган ерда ётган гўдак чанқаб йиғлай бошлайди. Онаси сув излаб чопади. Бу орада гўдак оёқларини билан тепинган (ёки Жаброил алайҳиссаломнинг тепган) жойдан Замзам суви отилади. Аллоҳу таолонинг Исмоил алайҳиссаломга эҳсони бўлган Замзам атрофини илк бор ҳазрати Ҳожар қум билан ўрайди. Чўлнинг ўртасида жойлашган бу булоқнинг атрофида Макка шаҳри қурилади. Бироз вақт ўтиб, ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом аёлини ва ўғлини зиёрат этишга келганида уларни мўл-кўллик ва баракат ичида кўради.
Чўлнинг ўртасида 4000 йилдан бери бузилмасдан, ифлосланмасдан, сувўтлари босмай оқаётган илоҳий чашма ҳар йили ҳаж ва умра учун келган миллионлаган мусулмонни сув билан таъминламоқда. Биттагина қудуқдаги сув шунча инсонга қандай етмоқда? Масжиди ҳарам ичида Ҳожари асвад бурчаги қаршисидан чиққан Замзам сувининг бу баракати ва ҳикматлари ғарблик фан одамларини ҳайратга туширмоқда.
Черков қўнғироғи чалинганда Бисмиллоҳ ўқилганда
Узоқ йиллардан бери Замзам суви ва кристаллари устида тадқиқот олиб борган ғайримуслим фан одамлари булоқнинг сирларидан воқиф бўлишди. Немис мутахассиси Др. Кнут Пфайфер улардан бири. Рен дарёсининг сувидан ичган кишининг энергияси камайишини аниқлаган Др. Пфайфер сувлар устида тадқиқот ўтказаркан, тасодифан қўлига бир миқдор Замзам суви тушиб қолади. Мусулмонлар эъзозлайдиган ва бир-бирига ҳадя этадиган бу сув устида тажрибалар ўтказади. Тажрибалар сўнггида кишининг Замзам сувини ичгандан 35 дақиқа ўтиб, роҳатланишини исботлайди. Тадқиқотини давом эттириб, ҳайратланарли ҳақиқатга дуч келади. Замзамнинг уютувчи хоссаси бор эканлигини, бир пиёласи бир челак техник сувни тозалашини, бу хоссасига қарамай энергия ва шифо манбаи эканлигини исботлаган Пфайфер “Сув ҳар қанақа шарт остида ўзгармайди, лекин ўзгартиради” дейди. Немис мутахассиси қуйидагиларни билдиради: “Жуда ажойиб бир тажриба ўтказдим. Бир томчи Замзам сувига юз томчи оддий сув аралаштирдим. Натижада кўрдимки, сувнинг ҳаммаси Замзамга айланибди. Сўнгра бир томчи Замзамга минг томчи оддий сув аралаштирдим. Ва яна бу сувнинг Замзамга айланганига гувоҳ бўлдим. Бунинг сабаби нима? Замзамда шундай бир энергия борки, бошқасини ўзгартиради, лекин ўзи ўзгармайди.”
Тадқиқотларга кўра, Замзам сувининг ерюзига илк чиққан жойидаги ҳарорати 37 даража. Қандай ният билан ичилса, шу дардга даво бўладиган ва 66 номи бўлган Замзам суви атрофдан келган турли овозлар қаршисида фарқли шаклларга айланмоқда. Буни исботлаган эса япон фан одами Др. Масура Ямотодир. Замзам кристалларини илк бор микроскоп остида тадқиқ этган Др. Ямото сувни турли овоз частоталарида қолдирди. Сувнинг молекуляр (кристал) структурасининг турли частоталарга кўра ўзгаришини кузатган япон мутахассиси черков қўнғироғи овозида замзам кристалларининг қорайишини, Қуръони карим ва азон овозларида эса порлашини аниқлади. Тадқиқотда ҳар бир кристалнинг худди Каъбаи муаззамага ўхшайдиган бир тўқима ташкил қилиши аниқланди. Японияда энг кўп сотилган китоблар қаторидан жой олган Др. Ямотонинг Замзам бўйича ёзилган китобида Замзам физикавий ва кимёвий хоссалари жиҳатидан ер юзидаги барча сувлардан бошқача. Др. Ямото “Замзам атрофидаги бутун ўзгаришларни хотирасида сақлай олади. Тузилиши жуда фарқли. Бу уни дунёдаги бошқа элементлардан устун қилади. Мана энди мусулмонларнинг нима учун хасталарини даволашда Қуръони каримдан суралар ўқиб, сувга уфлашларини тушундим” дейди.
Болалигидан бери ҳаётини Замзам тадқиқотларига бағишлаган турк насабли Саудиялик муҳандис Яҳё Ҳамза Кочак Каъбанинг томчиларда яширинган ҳайратда қолдирувчи сирини япон мутахассисидан қандай ўрганганини шундай айтади: “12 йил аввал Лос Анжелесда бир конференцияда япон фан одами Др. Масура Ямото билан танишдим. У сувнинг ўзига хос эсда сақлаб қолиш хоссаси, яъни хотираси борлигидан гапирар, бир овоздан бошқасига ўтганида сувнинг қандай ўзгаришини тушунтирарди. Конференция тугагандан кейин у билан гаплашдим. Биз мусулмонлар бир пиёла сувга Қуръони карим ўқиб, уни хастага ичирамиз. Бундан ташқари Замзам сувимиз ҳам бор. Қандай ниятда ичилса, фойдасини беради. Шуларни тадқиқ эта оласизми деб сўрадим. Мендан Қуръони каримни ким ўқийди деб сўради. Лос Анжелес ва Токиодаги Ислом марказларидан илтимос қилиши мумкинлигини айтдим. 10 йил сўнгра менга устида азон ўқилган сув ва кристаллар бўйича тажрибалари ёзилган бир китобни юбориб, ҳайратга солди. Тадқиқотни ўтказган ва бу бўйича мустақил бир китоб ёзган экан. Сув кристаллари бисмиллоҳ, Қуръони карим ва азон ўқилганида шаклини ўзгартиради. Кристалларнинг кўриниши айнан Ҳарамнинг спутникдан олинган расмидай. Замзам кристали дунёдаги сув кристалларининг барчасидан фарқли. Баъзи фан одамлари бунинг сабабини ҳалиям тушуна олмаяпти.”
Бу булоқ мана шу ерда!
Ҳазрати Исмоил жойини белгилаган Замзам қудуғи Каъбаи муаззаманинг ёнбошида. Ҳаж ва умрага келганлар 4000 йилдан бери ундан қониб-қониб ичишмоқда. Маккаи мукаррамани сув билан таъминлаган Замзам сувининг чиққан жойидаги ҳарорати 37 даража.
Ҳужжатли фильм суратга олинди
Замзам сувининг изини суратга туширган операторлар илк бор булоқ чиққан қояларни суратга олди. Бутун дунё соғликни сақлаш ташкилоти, Замзам тадқиқот ва мукаммаллаштириш институти, Саудия гидрогеологик ташкилоти мутахассислари, Жидда Қирол Абдулазиз университети домлалари ва Замзам проектида ишлаётган тадқиқотчилар ҳужжатли фильмда меҳмон бўлишди. “Муқаддас сув Замзам / Зубайда сув йўли” номли бу ҳужжатли фильмга Дурсун Ўзден режиссёрлик қилди.
Дунёнинг энг тоза сувларидан бири
Бутун дунё соғликни сақлаш ташкилоти ҳисоботларига кўра, Замзам сиҳҳий жиҳатдан энг соф ва тўйимли сувлардан бири. Америкада ўтказилган тест натижаларига кўра, дунёда ичида микроорганизм ва бактерия бўлмаган ягона сув Замзам эканлиги маълум бўлди. Европада ўтказилган лаборатория текширувларида эса микробли хасталикларга қарши ижобий таъсири бўлган Замзамда бошқа сувларга нисбатан ниҳоятда оз олтингугурт мавжудлиги, бундан ташқари анча кўп минералга бойлиги ва тўйимли эканлиги аниқланди.