- 2022-02-04
Бизларни қанча йиллардан бери алдаб келишяпти. Тарихимизни ўзимизга ёмонлатишди ёки унутдиришди.
Мактаблардаги дарсликларда ғарбдан ва советлардан келган таржималар орқали бир неча наслни маҳв этишди. Шундоғам, улардан Европанинг ярмини фатҳ этган Усмонлини ёки Москва дарвозаси олдида отини ўтлатган Темурийларни мадҳ қилишларини кутиш анқовлик бўлади.
Мусулмон оламини парчалаш учун бор-йўғини сарфлаган ғарбдан объектив тарихни ўрганишни кутиш нодонликнинг ўзгинаси эди. Ҳа, бизни лақиллатишди.
Агар улар “Американи Христофор Колумб кашф этган” деса, шундай бўлиши шарт эди! Чунки уларнинг фикрича, “Ислом” - бу илм-фандан ортда қолиш, қолоқлик деган маънодан бошқа нарса англатмасди.
Ўрта Осиёда шундай таълим тизимини қуришдики, натижада "мусулмонлик" билан "қолоқлик"ни бир паллага қўядиган "зиёлилар" етиштирилди.
Инглиз Ньютоннинг бошига тушган олма ернинг тортиш қонунини кашф қилишига сабаб бўлганди. Чўпчаклари бирам қизиқ ва бозори ҳам чаққон эди. Архимед эса, ҳовуздан қип-яланғоч югуриб чиққанди. Шундай уйдирма ҳикоялар билан ишонтиришда ғарбга етадиган йўқ эди.
Машҳур билим тарихчилари Сигрид Хунк, Карр де Ваух ва Уильям Дюрант....Учаласи ҳам Ньютондан асрлар аввал Ал-Киндий, Розий, Беруний, Ҳазиний ва Ибни Ҳайсамлар ёзган асарларда ернинг тортиш қонуни ҳақида жуда кенг маълумот берилганини маълум қилишганди. Ҳатто бу ғарблик инсофли тарихчилар “Европаликлар аввал бу асарларни тушуна олишмади. Уларга ернинг тортиш кучига эгалиги эриш туюлди. Бир неча аср ўтгач, Ньютон орқали буни ўзлариники қилиб ўзлаштириб олишди” дейишдан ҳам тортинишмаган эди.
Англиянинг “Telegraph” газетаси куни кеча ички ишлар вазири Тереза Мэйнинг интервьюсини чоп этди.
Тереза Англияга қарши ортиб бораётган террор таҳдидларини ҳал этишнинг янги формуласи ҳақида гапириб“Фарзандларимизга Буюк Британиянинг қадриятларини ўргатишимиз керак” деди.
Афсуски, биз қадриятларимизни бой бердик, фарзандларимизга етказа олмадик. Лекин сохта ҳикоялари билан Галилеодан Кооперниккача, Ньютондан Колумбгача барини ёд олдиришни ҳам канда қилмадик.
Мактабларимиз, университетларимиз ҳар йили юзминглаб битирувчи чиқармоқда. Лекин қизамиқ ва чечак хасталигини илк бор кашф қилган ва келиб чиқишини топган Розийни биладиганимиз йўқ орамизда. Олапеснинг давосини топган Ибни Жассор ҳақида мақола ёзадиган мард йўқ бизда. Туберкулёз микробини топган ибни Хотиб, тўр пардасини илк бор кўрган ибни Рушд ким ўзи?
Дастлабки рак амалиётини Али бин Аббоснинг ўтказганлигини биламизми?
Ноль рақамини илк бор ишлатган Хоразмийни, тригонометрияни илк бор топган Баттонийни ўқиган ёки ўқитганлар борми?
Тангенс, котангенс ва косинусни дунёга маълум қилган Абул Вафони қанча ўзбек танийди?
Ернинг айланишини илк кашф қилган Беруний эканлигини айта оладиган жасурлар борми?
Ернинг айланасини илк бор ўлчаган ака-ука Мусоларнинг, микробни кашф қилган Оқшамсиддиннинг китобларини ўқиганлар борми? Дунёда биринчи бўлиб кўз амалиётини ўтказган Амморни нега кўрмадик мактаб ва тиббиёт китобларида?
Собит бин Қуранинг илк дифференциал китобни ёзганлигини, кибернетикани биринчи бўлиб қурган Исмоил ал Жазирий эканлигини биладиган нечта "зиёли" бор бизда? Буларнинг барчасини ёзадиган бўлсам, жуда чўзилиб кетади.
Юзлаб, минглаб турк ва ислом олимлари ҳали дунё ухлаб ётганида буларни кашф қилишган! Лекин биз ўз-ўзимиз рад қиладиган, ўз-ўзимиздан нафратланадиган, ҳатто миллат бўлиб шакллана олмаган тарқоқ қабилалардан ташкил топган ўлка ҳолига келтирилдик. "Туркистонликмиз, туркмиз, туркиймиз" деса, тагига юбориб қўядиган, "мусулмонмиз" деса, шайтонлаб қоладиган авлодлар етиштирдик.
Фотиҳ Султон Муҳаммаднинг илк бор артиллериядан фойдаланганлигини биладиганлар борми? Алгебранинг, астрономиянинг, медицинанинг бобокалонларини етиштириб чиқарган юрт тупроқларини хор қилиб юрганимизни фаҳмлаймизми?
Юзлаб, минглаб олимларимизнинг китобларини кутубхона архивларида, зах ертўлаларда чиритдик. Қолганини "маданиятли" ўлкаларга ўғирлатдик. Борини ҳам таржима қилиб, ўқитмадик. Фақат ўқиган нодонлар тайёрлаб чиқариш билан шуғулландик. У ҳам етмагандай биттаю битта тилимизни қайси алифбода ёзишни билмай ҳалак бўлган, ёзса ҳам хунаса алифбода ёзадиган насл етиштирдик. Ўзбекнинг "ў" товушини талаффуз қила олмайдиган тилчилар, тухумидан бехабар тарихчилар, қўшни вилоятни душман билган сиёсатчилар тарбияладик.
Шунинг учун "ўзига бек-у ўзгага қул" насллар ғовлаб ётибди.
Шунинг учун ўз миллатини ёв билган раҳбарлар элига гўр ковлаб ётибди.
Биз бошимизга олма тушишини кутмаслигимиз керак. Таълим вазирлиги чора-тадбирларни кўриши керак. Фарзандларимизга ҳақиқий тарихни ўргатишимиз керак.
Миллионлаган яҳудийни қатл этган Гитлернинг машҳур сўзи бор: “Ишонилмайдиган тарих йўқ. Фақат ёлғони каттароқ бўлса бас!”
Шунинг учун токчаларда чанг босган, ертўлалардаги моғор босган китобларимизни қўлимизга олиб, уларнинг ўрнига ёлғон тарихни қўйишимиз керак.