- 2017-04-29
Хитойнинг Шарқий Туркистон минтақасида мусулмон уйғур турклари билан Хитой полицияси орасида бўлиб ўтган тўқнашувда 21 киши ҳаётдан кўз юмди.
Қашқар-Урумчи минтақасида кеча пешин вақтида юз берган тўқнашувларнинг Хитой полициясининг шубҳа остига олган бир уйга қилган босқини билан бошланганлиги маълум қилинмоқда. Хитой манбалари тўқнашувларга уйғур туркларини айбдор ҳисобласалар, Дунё уйғур конгресининг президент ёрдамчиси Сайид Тумтурк уйга қилинган ҳужумда 10 нафар уйғурнинг ўлдирилганлигини ва бунинг ортидан келиб чиққан тўқнашувларда полиция сафида ҳам йўқотишлар бўлганлигини билдирди.
Маҳаллий манбалар ушбу ҳодисаларга алоқадор 8 кишининг ҳибсга олинганлигини маълум қилиб, ўлганлардан 10 кишининг полиция эканлигини билдирди. Хитой ташқи ишлари вазири эса полициядан 15 нафари қурбон берилганлигини айтди. Хитой ҳукумати ҳодисани “террористик ҳаракат” деб баҳолади.
“Пичоқ суякка тақалди”
Дунё уйғур конгреси президент ёрдамчиси Сайид Тумтурк Хитойнинг Шинжан минтақасида юз берган ҳодисалар ҳақида “Пичоқ суякка бориб етди” деб гапирди.
Қашқар шаҳридаги ҳодисаларнинг Хитой махсус кучларининг бир уйғур туркининг уйига босиб кириши билан бошланганлигини иддао этган Тумтурк “Босқинда 10 нафар тинч аҳолидан бўлган уйғур турки ўлдирилди. Шундан кейин маҳаллада яшовчи бошқа уйғурлар қўлларига тушган нарса билан қуролланиб, полицияга ҳужум қилишди ва полиция орасида ҳам ҳаётдан кўз юмганлар бўлди. Ҳодисалар шу тариқа бошланди” деди.
2009 йили 200 киши ўлдирилганди
Шинжан Уйғур автоном минтақасида 2009 йили Урумчида юз берган ҳодисаларда расмий рақамларга кўра, 200 га яқин киши ҳаётдан кўз юмганди. Ҳодисалар ортидан минтақада вазият таранглашгандан кейин вилоятнинг бир қанча жойида Хитойнинг қуролланган полицияси иш бошлаб, айниқса уйғурлар зич яшайдиган Қашқар, Ҳўтан, Или каби минтақаларда фавқулодда вазият эълон қилинганди.