- 2023-06-15
Туркия ташқи ишлари вазири Аҳмет Довудўғли Исроилнинг Туркия қўйган барча шартларига рози бўлишининг парда ортини гапириб берди.
Вазир Аҳмет Довудўғли Адолат ва тикланиш партияси (Adalet ve Kalkınma Partisi)нинг шаҳар ва вилоят раҳбарлари учун Қизилчаҳаммомда ўтказилган йиғилишда ташқи сиёсат бўйича гапирди.
Исроилнинг Мовий Мармара бўйича узр сўраши ҳақида маълумотлар берган Довудўғли бунинг қарорли ташқи сиёсат жараёнининг натижаси эканлигини таъкидлаб, Исроил ташқи ишлари вазирига хабар юборганини айтди. Довудўғли “Агар Туркиядан узр сўралмас экан, 10 эмас, 50 эмас, 100 эмас, хаттоки минг йил ўтса ҳам Тель-Авив Туркия элчихонасини кўрмайди” дедим. Қароримизда қанчалик қатъий эканлигимизни улар ҳам тушунди, дея гапирди.
Энди дунё “Туркия нима деркан” деб қарайди
Бош вазир Эрдўғоннинг ташқи сиёсат борасида аниқ кўрсатмаси борлигини айтиб ўтган Довудўғли “Бош вазиримизнинг кўрсатмаси энди дунё сиёсатида қадам ташларкан у ёки бу давлат нима дейди деб эмас, балки Туркия нима деркан деб қаралади. Ташқи сиёсатимизни бунга кўра шакллантирмоқдамиз. Кучли давлат бўлиш учун керак бўлган ишларни қилмоқдамиз” деди.
Ливиядаги ички тўқнашувлар пайтида гражданларини эвакуация қилишни мисол келтирган Довудўғли шуларни айтди: “Бир Европа давлати “Ливияда бизнинг 42 нафар ватандошимиз бор, уларни ҳам эвакуация қила оласизми?” деб сўради. Бунга зудлик билан шу жавобни бердик: “Ливияда сизларнинг 42 эмас, 47 нафар ватандошингиз бор. Улар шу онда бизнинг кемада Туркияга қараб йўлга чиқдилар.” Буюк давлат дегани мана шундай бўлади. Улар Ливияда қанча ватандоши борлигини биздан эшитишди.”
Туркиянинг Шанхай ҳамкорлиги ташкилотига кузатувчи аъзо бўлганини хотирлатган Довудўғли “Биз аъзо бўлмаган халқаро ташкилот қолмади” деди.
Бир араб қабила раисининг Усмонли соғинчи
Аҳмет Довудўғли Бағдодда йирик уруғ-қабила раислари билан ўтказилган йиғилишда бўлиб ўтган воқеани айтиб берди: Ички ўзаро тўқнашувларни, қонтўкишларни тўхтатиш кераклигини уларга таъкидлаб, тарихан биродар эканлигимизни айтдик. Шунда бир қабила раиси ўрнидан туриб “Мана шу сўзларни диққат қилинг эшитиг эй халойиқ, бу жуда муҳим, чунки бу Усмонли сўзлари” деди.