Рибери бия сўради, Бавария туя бермоқчи


  • 18 Май, 2013
  • 1246

Бавария футбол клуби, машҳур футбочиси Риберининг намоз ўқишга алоҳида хона илтимосини қондириш мақсадида стадион ичида масжид қуришга қарор қилди. Иншоотнинг 85% харажатини таъминлайдиган немис клубининг бу ҳаракати мусулмонлар тарафидан қувонч билан кутиб олинди.

Немис футболининг гигант жамоаси Аллианс Арена стадиони ичига масжид қурдириш учун ишга киришди. Мусулмон футболчиларнинг диний вазифаларини қулай бажаришлари учун бундай қарорга келганларини билдирган клуб раҳбарлари жамоа мухлисларининг ҳам бу масжиддан фойдаланишлари мумкинлигини айтдилар.

Имоми ҳам бўлади

Бу фикрнинг асл соҳиби жамоанинг юлдузларидан бири бўлган Рибери эканлиги маълум бўлди. Француз ўйинчисининг стадион ичида кичик бир хона сўраб қилган талабини раҳбарият яна-да кенгайтириб қурадиган масжид ичида доимий бир имом тайинлашини ҳам билдирди. Бундан ташқари бу ерда ислом кутубхонаси ҳам бўлиши қарорлаштирилди. Бу ерда ўтказиладиган исломий анжуманларда ўйинчилар ва тарафдорлар иштирок эта олади. Бавария раҳбариятининг ушбу иншоотга кетадиган 85% молиясини таъминлаши маълум бўлди. Қолган 15% эса ўйинчилар ва тарафдорлар ёрдами билан тўлдирилади.

Дастлаб Ньюкасл бошлади

Европада мусулмонлар учун илк масжидни Бавариядан аввал инглиз клуби Ньюкасл очганди. Бавариянинг масжид ҳақидаги фикри айниқса Германияда яшайдиган турклар тарафидан мамнуният билан қаршиланди. Шу сабабли мусулмон футбол мухлисларининг Баварияга ташаккурнома мактублари йўллаганлиги маълум бўлди.

Бавариянинг мусулмон ўйинчиси Риберининг ибодат учун махсус кичик бир хона сўраши масжид қурилиши ҳақида қарор берилишига сабаб бўлди. 


Бошқа мақолалар