Чемпионлар Лигаси чоракфинал жуфтликлари тўғрисида 12та факт


  • 17 Март, 2018
  • 638

Швейцариянинг Ньон шаҳрида Чемпионлар Лигаси 2017/18 мавсуми чоракфинали қуръаси ўтказилди.

Россиянинг «Чемпионат» нашри унинг натижаларига кўра юзага келган жуфтликлар билан боғлиқ фактларни тақдим қилди.

 «Барселона» (Испания) — «Рома» (Италия)

Факт №1. «Барселона» жорий еврокубок мавсумида атиги 2та гол ўтказиб юборди – «Олимпиакос» ва «Челси»дан. Бошқа ҳеч бир жамоа ундан кам гол ўтказиб юбормаган. Бунақа статистикага эга клуб бирор марта мағлубиятга учрамаганини қайд қилиш шарт бўлмаса керак.

Факт №2. «Рома» клуби ўз гуруҳида 1-ўринни эгаллаб, барчани ҳайрон қолдирди. Ваҳоланки, гуруҳда «Атлетико» ва «Челси» ҳам бор эди. Якуний натижага кўра, мадридликлар Европа Лигасига ўтиб кетишди, «Челси» нимчоракфиналда мусобақани тарк этди. «Рома» эса ҳамон Европанинг асосий турнирида иштирок этмоқда.

Факт №3. Бу жамоаларнинг қарама-қаршилиги тарихида ҳозирча тенглик юзага келган. Жами 4 марта бир-бирига дуч келган клублар 1 мартадан ғалаба қозонишган, 2та ўйин дуранг натижа билан тугаган. Демак, кейинги баҳслар мувозанатни бузилишига олиб келиши мумкин.

«Севилья» (Испания) — «Бавария» (Германия)

Факт №1. Висам Бен-Йеддернинг «Манчестер Юнайтед»га қарши фантастик ўйини натижасида, «Севилья» сўнгги 60 йилда илк маротаба Чемпионлар Лигаси чоракфиналига чиқди. Сўнгги марта бу 1958 йилда юз берган, ўшанда андалусияликлар «Реал»га икки ўйин натижасига кўра, 2:10 ҳисобида ютқазишган эди.

Факт №2. «Бавария» еврокубокларнинг жорий мавсумида 8та ўйиндан 7тасида зафар қучди. Фақат «ПСЖ» клубига 0:3 ҳисобида ютқазди холос. Эмери шогирдлари «Реал»га қарши баҳслардан сўнг, мусобақани тарк этишди. «Бавария» эса соврин учун курашни давом эттирмоқда.

Факт №3. «Севилья» ва «Бавария» ўз тарихида илк маротаба бир-бирига рўбарў келмоқда. Кўз олдимизда улар тарихий қарама-қаршиликни бошлаб беришади.

«Ювентус» (Италия) — «Реал» (Испания)

Факт №1. Чемпионлар Лигаси тарихидаги энг яхши тўпурар – Криштиану Роналду бу йил яна бир рекордни ўрнатди. Футболчи гуруҳ босқичининг ҳар бир ўйинида гол уришга муваффақ бўлди. Айни пайтда, Роналду жорий мавсумда ҳам турнир тўпурари бўлиб турибди ва чоракфиналда ҳам рақиб дарвозасини ишғол этиши мумкин.

Факт №2. «Ювентус» афсонавий дарвозабони Жанлуижи Буффон Чемпионлар Лигасида 14-мавсумини ўтказмоқда, аммо ҳали бу мусобақада зафар қучмаган. Бугунги кунда Буффон 40 ёшга кирди, ўтган мавсумда эса Италия терма жамоасидаги фаолиятини якунлади. Катта эҳтимол билан, бу футболчига Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониш учун сўнгги имконият бўлиши мумкин.

Факт №3. Жамоалар ўзаро 20 марта тўқнаш келган, уларнинг ҳар бирида дарвозалар ишғол қилинган. Ўйинларда жами 47та гол урилган, ўртача ҳисобда, ҳар бир баҳсда 2тадан кўп. Бу сафарги беллашувлар ҳам голларга бой ўтиши мумкин. Фақат қайси дарвозага экани мавҳумлигича қоляпти.

«Ливерпуль» (Англия) — «Манчестер Сити» (Англия)

Факт №1. «Ливерпуль» таркибида Чемпионлар Лигаси жорий мавсумининг энг яхши ассистенти тўп суряпти. Кўпчилик ҳайрон қолиши мумкин, аммо у - 8та ўйинда 6та голли узатмани амалга оширган Жеймс Милнер. Унинг яқин таъқибчиси Деле Алли мусобақани тарк этди, демак, Жеймс 1-рақамли бўлиб қолиш учун яхши имкониятга эга.

Факт №2. Ниҳоят «Манчестер Сити» ҳам Чемпионлар Лигаси фаворитлари қаторига кирди. Бақувват жамоани шакллантириш учун қилинган кўпйиллик уринишлар ва катта молиявий харажатлардан сўнг, «Сити» мусобақада ғолиб чиқиш учун асосий даъвогарлардан бири бўлиб турибди. Энди АПЛ етакчиси бу имкониятни қўлдан чиқармаса бўлди.

Факт №3. Жамоаларнинг қарама-қаршилиги тарихи жуда бой, аммо Чемпионлар Лигасида улар ҳали тўқнаш келмаган. Бошқа мусобақаларни ҳисобга оладиган бўлсак, ташаббус «Ливерпуль» томонида. «Қизиллар» 87 марта ғалаба қозонган, «шаҳарликлар» эса 45 марта. Аммо, тан олиш керак, «Сити» сўнгги йилларда жуда ўзгарди ва аввалгига қараганда умуман бошқа жамоага айланди.

kun.uz дан олинди.


Бошқа мақолалар