АҚШда асосий боқувчи аёллар


  • 31 Май, 2013
  • 1199

АҚШда қарамоғида 18 ёшгача болалар бўлган оилаларнинг 40 фоизида аёллар асосий ёки ягона боқувчи ҳисобланади. АҚШ аҳолини рўйхатга олиш Бюроси маълумотлари асосида Pew Research Center (PRC) томонидан ўтказилган тадқиқотлар худди шундай хулоса берган, дея хабар бермоқда «Лента.Ру» интернет-нашри. Таққослаш учун, 1960 йилларда аёллар Американинг 11 фоиз оилаларида асосий боқувчи ҳисобланар эди.

PRCнинг аниқлик киритишича, «боқувчи»-аёлларнинг 63 фоизини (8,6 миллион нафар) ёлғиз оналар ташкил этади. Қолган 37 фоизи эса (5,1 миллион нафар) оилали аёлларга тўғри келиб, уларнинг даромади эрлариникидан кўпроқ. Айни вақтда, даромади турмуш ўртоғиникидан кўпроқ бўлган аёллар улуши 1960 йилги 4 фоизлик кўрсаткичдан 2011 йилга келиб 11 фоизгача кўпайган.

Эътиборли томони, ушбу икки гуруҳ аёлларининг даромадлари бир-биридан кескин фарқ қилади. Хусусан, ёлғиз оналар боқадиган оилаларнинг 2011 йилдаги даромади ўртача 23 минг долларга тенг бўлган эрса, аёл эридан кўпроқ пул топадиган оилаларнинг даромади тахминан 80 минг долларни ташкил этган. Таққослаш учун, 2011 йилда боласи бор Американинг барча оилаларида ушбу кўрсаткич ўртача 57,1 минг долларга тенг эди.

Ҳозирги кунда АҚШда барча ишчи кучининг 47 фоизини аёллар ташкил этади. Ишлаётган болали аёлларнинг улуши 1960 йилда 37 фоизни ташкил этган бўлса, 2011 йилда ушбу кўрсаткич 65 фоизга етган.

kun.uz сайтидан олинган.


Бошқа мақолалар