Мурсийга қўйилган тузоқ


  • 28 Августь, 2013
  • 1236

Мисрда ҳарбий тўнтариш ортидан зўравон ҳарбийлар томонидан вице-президентлик лавозимига ўтқазилганига қарамай кейинчалик қон тўкилганини баҳона қилиб истеъфога чиққан Барадей “Мурсийнинг ҳақли томонларини кўра бошладим” деди.

Мисрда тўнтаришни тайёрловчиларидан бўлган собиқ вице-президент Муҳаммад Барадей ўлкада ҳалигача “Муборак тузуми” сақланиб қолаётганини айтди. Амалидан мажбурлаб туширилган президент Муҳаммад Мурсийга давлат ичидаги яширин давлатнинг тузоқ қўйганини айтган Барадей “Мусулмон биродарлар”нинг қилган хатолари билан ўша шум тузоққа беихтиёр ёрдам берганлари ҳақида гапирди.

Мисрда аксар халқ истеъфога чиқишини постни ташлаб қочиш сифатида баҳолаган Барадей “Аслида мисрликларнинг билмайдиган бир нарсаси бор. У ҳам бўлса, 2011 йилги инқилобдан 2 йил ўтишига қарамай, Мисрда Муборак тузумининг ҳамон давом этаётганидир. Ҳусни Муборак томонидан қурилган давлат ичидаги яширин давлат 2 йил аввалги умумхалқ норозиликларида Муборакни постида ушлаб тура олмаслигини англагач, арқонни бироз бўш қўйди. Улар демократик сайловлар ўтказилса, Мурсийнинг ғолиб бўлишини жуда яхши билишарди. Шунинг учун сабр сақлаб бунга тўғаноқ бўлишмади. Лекин ўтган 2 йил мобайнида ҳақиқатан халқ томонида сайланган демократик ҳукуматни йиқитишнинг режалари устида бош қотиришди. 30 июндаги ҳарбий тўнтариш жуда аввалдан режалаштирилган эди. Мурсийга жирканч тузоқлар қуришди. Мен бу орада Мурсийнинг баъзи ишларда ҳақли эканлигига кўзим етди. Чунки унга тузоқ қўйган ва сунъий кризислар чиқарган қувват давлат ичидаги яширин давлатнинг ўзгинаси эди. “Мусулмон биродарлар” эса, тентаклик қилиб, ҳозир амалда бўлган жирканч режанинг муваффақиятли амалга ошишига билиб-билмай ёрдам беришди. Улар ўзларига мухолиф бўлган мана шу Муборак тузумига беихтиёр ва беминнат хизмат қилишди. Чунки ўз вақтида тўғри қарорлар олиб, Мурсийга тўғри йўналиш беришмади” деди.

Зўравон ҳукуматга сулҳ таклифи

Мисрда Муҳаммад Мурсийни қўллаб-қувватловчи “Ал-Жамаъа ал-исломия” билан “Исломий жиҳод” вақтинчалик янги "ноқонуний" ҳукуматга сулҳ таклиф қилди. “Исломий жиҳод” матбуот котиби Муҳаммад Абу Самра агар хавфсизлик кучлари ватандошларни ҳибсга олишни тўхтатса, норозилик намойишларини тўхтатишга тайёр эканликларини айтди.


Бошқа мақолалар