- 2023-10-17
Венгриянинг янги бош вазири Петер Мадяр Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳақида
чиқарилган Халқаро жиноий суд қарори бўйича гапирди. Мадяр ўз мамлакати халқаро мажбуриятларига содиқ қолишини таъкидлаб, агар Нетаньяху Венгрияга келадиган бўлса, “ҳибсга олиш буйруғи ижро этилишини” айтди.
Венгриядаги умумий сайловларда ғалаба қозонган “Ҳурмат ва Озодлик” партияси (Tisza) етакчиси Петер Мадяр пойтахт Будапештда ўтказилган матбуот анжуманида муҳим баёнотлар берди. Мадяр собиқ Бош вазир Виктор Орбан даврида бошланган Халқаро жиноий суддан (ХЖС) чиқиш жараёнини тўхтатишларини эълон қилди.
Мадяр ўз мамлакати ХЖС аъзолигини давом эттиришини билдириб, суд томонидан ҳибсга олиш буйруғи чиқарилган шахсларнинг Венгрияга кириши ҳолатида қўлга олиниши ҳуқуқий мажбурият эканини ифода этди. Ушбу баёнот, айниқса, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан боғлиқ саволлар жавобида янгради.
Нетаньяхуни мамлакатга таклиф қилган-қилмагани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Мадяр барча етакчилар билан учрашишга тайёр эканликларини ва ҳеч кимга нисбатан айирмачилик қилинмаслигини айтди. Бироқ ХЖС қарорларининг мажбурий кучига диққат қаратиб: “Агар бир давлат ХЖС аъзоси бўлса ва у ерга ҳибсга олиш буйруғи бўлган киши кириб келса, ўша шахс қўлга олинади”, деди.
Бошқа томондан, Исроил Бош вазири идораси Нетаньяху ва Мадяр ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтганини ва Мадяр Нетаньяхуни Венгрия қўзғолонининг 70 йиллиги тадбирларига таклиф қилганини маълум қилди.
12 апрелда бўлиб ўтган сайловларда “Tisza” партияси парламентда катта кўпчиликни қўлга киритган бўлса, 16 йилдан бери иқтидорда бўлган Орбан етакчилигидаги “Fidesz” партияси жиддий овоз йўқотди.
Халқаро жиноий суд Ғазода содир этилгани иддао қилинган уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар доирасида 2024 йил 21 ноябрда Нетаньяху ва Исроилнинг собиқ Мудофаа вазири Йоав Галлантни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган эди.