- 2013-11-23
Франция Марказий Африкадаги тўқнашувларда икки нафар аскари ўлганини маълум қилди.
Француз аскарлари мусулмон “Seleka” аъзоларини ҳибсга олиб, қуролларига эгалик қилишмоқда. Христиан аҳоли куни кеча масжидларга ҳужум қилишди, кўчаларда тўқнашувлар давом этмоқда. Франция Марказий Африка республикаси пойтахти Бангидаги тўқнашувларда икки нафар аскарини йўқотди. Франция президенти Франсуа Олланд бу ҳодиса сабабли чуқур қайғуда эканини маълум қилди. Француз лидери Жанубий Африкада Нелсон Манделанинг дафн маросимидан кейин Марказий Африкага йўл олишни режалаштирган.
2013 йил 24 март куни мусулмон “Seleka” ташкилоти аъзолари пойтахт Бангидаги президент биносини ишғол қилиб, давлат тепасига келишганди. Собиқ президент генерал Франсуа Бозиза эса мамлакат хазинаси билан бирга аввал Камерунга, сўнгра Жанубий Африкага қочганди. Франция бошчилигидаги ғарбий давлатлар тарафидан тижорий эмбаргога учраган Марказий Африкага Франция “демократия ўрнатиш учун” 1600 нафар аскарини олиб кирганди.
Француз аскарлари биринчи навбатда “Seleka” аъзоларини бирма-бир ҳибсга олишни бошлади. Кўплаб “Seleka” аъзоларини христиан аҳоли француз аскарларига тутиб берди. Француз аскарларидан жасорат олган христиан тўдалар ҳам мусулмон аҳолига аёл-ёш бола ажратмасдан қирғинни бошлашди. Мусулмон аҳоли француз аскарларининг кўз олдида ўлдирилмоқда. Сўнгги бир ҳафтада тўқнашувлар натижасида 400 нафарга яқин киши ҳаётдан кўз юмди. Марказий Африка президенти Мишель Джотодия эса “Давлат муаммоларини бир онда ҳеч ким ҳал қила олмайди” деб ўзини оқлаяпти. Франция эса Африка тинчликпарвар аскарлари билан бирга ўлкадаги аскарлар сонини 2500дан 6000 га етказишини маълум қилди. БМТ маълумотларига кўра, Марказий Африка республикасида 4,6 миллионлик аҳолининг 10%и бошпанасиз қолган, бир миллиондан ортиғи озиқ-овқат маҳсулотларига муҳтож.