- 2017-04-29
Киевда намойишчилар ва полиция орасидаги тўқнашувда ҳалок бўлганлар сони 18 га етди. Булардан 7 нафари полиция ходими ва 11 нафари оммавий тартибсизлик иштирокчиларидир. Сўнгги маълумотларга кўра, 298 нафар ички ишлар органи ходимлари тиббий ёрдам олиш учун мурожаат қилишган ва улардан 272 нафари госпиталга ётқизилган. 59 нафар полиция ходими ўқотар қуролдан яраланган. Намойишчилар тарафидан 221 киши тиббий ёрдамга мурожаат қилишган, улардан 114 нафари касалхонага ётқизилган.
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабарига кўра, “Беркут” махсус бўлинмаси “Евромайдон” лагерини штурм қилишга киришган. Шундан сўнг полийия ва намойишчилар орасида кенг миқёсли тўқнашувлар келиб чиққан. Оммавий тартибсизликларни келтириб чиқарган радикал гуруҳ аъзолари ўқотар қурол, “Молотов коктейли”, тош ва калтаклар билан қуролланишган.
Эслатиб ўтамиз, тартибсизликлар 2013 йил 21 ноябрь куни Украина ҳукумати Евроиттифоққа қўшилиш жараёнини тўхтатганидан кейин бошланганди.