- 2021-02-01
Испаниянинг автоном минтақаси Каталонияда 100 минглаган киши Испания ҳукуматидан мустақиллик талабида бўлган намойишда 400 километрлик жонли занжир ҳосил қилишди.
Сариқ футболка кийган ва мовий, қирмизи, сариқ рангли Каталония байроғини кўтариб олган 400 мингдан ортиқ намойишчи шаҳарлар ва қишлоқлар бўйлаб чўзилган инсон занжирига қўшилдилар. Каталония миллий кунида амалга оширилган намойишдаги жонли занжир жанубдаги Валенсия шаҳригача етиб борди. Испания иқтисодиётининг бешдан бирини ташкил этадиган жануби-шарқдаги бадавлат саноат минтақаси Каталонияда рецессия ва халққа пул тўлашдаги узилишлар мустақилликка бўлган талабларни орттирди. Сўнгги ўтказилган сўровномалар Каталониядаги халқнинг 50%га яқини мустақилликни хоҳлашини кўрсатди. Каталонияликларнинг кўпчилиги минтақанинг мустақиллиги учун референдум ўтказилишини талаб қилмоқда. Бош вазир Мариано Рахой ва Каталония автоном бошқаруви раиси Артур Мас минтақага кўпроқ ҳуқуқлар берилиши учун учрашувларга тайёр эканликларини билдиришди.
1989 йили собиқ Иттифоқ республикалари Эстония, Латвия, Литвада ҳам мана шунга ўхшаш жонли занжир ташкил қилиниб, натижада бу ўлкалар биринчилардан бўлиб СССРдан ўз мустақилликларини қўлга киритганди.