- 2014-06-30
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтаётган олимпиадада бешинчи кун ҳам якунланди. Ниҳоят Қозоғистон термаси ҳам олтин медалларни қўлга киритишни бошлади. Олтин медаллардан бирини оғир атлетика бўйича Нижат Рахимов 77 кглик вазн бўйича қўлга киритди. Нижат Рахимов штангани елкага олиб кўтаришда 214 кг лик штангани кўтара олди ва бу машқ бўйича жаҳон рекордини ўрнатди. У икки машқ натижасига кўра олтин медални қўлга киритди. Унинг натижаси: икки машққа кўра умумий оғирлик – 379 кг; даст кўтариш – 165 кг, елкага олиб кўтариш – 214 кг.
Рахимовдан олдин 69 кг вазн тоифасидаги мусобақаларда Жазира Жаппаркул кумуш медални қўлга киритди.
Қозоғистонлик Дмитрий Баландин 200 метрга брасс услубида сузишда биринчи ўринни эгаллаб, олтин медалга сазовор бўлди. Бу билан Баландин Қозоғистон тарихида сузиш бўйича биринчи олимпиада чемпиони бўлди.
Қозоғистон термаси кечаги баҳсларда 2та олтин ва 1та кумуш медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 11-ўринга кўтарилиб олди. Бизнинг терма жамоа ҳисобида 2та олтин, 2та кумуш ва 3та бронза медаллар бор.