- 2024-09-09
Дунёда энг кўп ишлатиладиган қуроллардан бўлган Калашников автоматининг ихтирочиси рус ҳарбийи Михаил Тимофеевич Калашников 94 ёшида ўлди.
Бу ҳақида рус оммавий ахборот воситалари хабар берди. AK-47 ёки “калаш” деб аталадиган ва бир қанча серияси бўлган Калашников автомати оддийлиги ҳамда ишлатиш қулай бўлгани учун дунё миқёсида тез оммалашди. Иккинчи Жаҳон урушида Гитлер фашизмига қарши курашган СССР Қизил армияси сафларида ҳарбий хизматда ихтиро қилган пиёда автомати Калашниковга машҳурлик ва юксак унвонлар келтирди. Михаил Тимофеевич Калашников СССР тарафидан ҳам, Россия Федерацияси тарафидан ҳам турли унвонларга лойиқ кўрилди.
Михаил Калашников 1919 йили Олтой диёридаги Курья қишлоғида туғилди. Мактабни тугатганидан кейин темир йўл станциясида техник котиб бўлиб иш бошлади. 1938 йили Қизил армия сафига чақирилди ва танк механиги сифатида тайёрланди. Иккинчи Жаҳон урушида танк командири сифатида иштирок этган Брянск жангида оғир яраланди. Шифо топганидан кейин Москвада AK-47 устида иш бошлади. Дзержинский академияси бошқарувчиси А.Благонравов Михаил Калашниковнинг ишини рад этди. Лекин уни тўғри йўналтирса, келажакда яхши муҳандис бўлишини билдирди. Калашников таҳсилни давом эттирди. 1944 йили лойиҳасини бошлаган қуролининг 1946 йили прототипи ишлаб чиқарилди. 1948 йили AK-47нинг Қизил Армиянинг қуроллари қаторига киритилгани билдирилди ва қўшиннинг пиёда аскарларининг бош қуроли қилиб танланди. 1948 йили Калашниковга Сталин мукофоти берилди. Қуролнинг армия қуроли этиб қабул қилинганидан бир йил ўтиб, Социализм Қаҳрамони эълон қилинди. Кейинчалик ҳарбий унвони Генерал-лейтенант даражасигача кўтарилди. 1966 йили Олий кенгашда депутат бўлди. 2009 йили 10 ноябрда, яъни 90 ёшга тўлган куни Россия президенти Дмитрий Медведев тарафидан Россия федерацияси қаҳрамони унвони берилди. Ҳозирги кунда Россия қарамоғидаги Удмуртия республикаси пойтахти Ижевскдаги Ижмаш фабрикаларида Калашников автоматлари ишлаб чиқаришда давом этмоқда.