Украинада йўловчи самолёти уриб туширилди


  • 18 Июль, 2014
  • 1170

Кеча Украинада 298 нафар йўловчиси бўлган Малайзия ҳаво йўлларига тегишли Boeing 777 русумли самолёти ракета билан уриб туширилгани маълум бўлди.

Америка разведка мутахассислари Голландиянинг пойтахти Амстердамдан Малайзиянинг пойтахти бўлган Куала Лумпурга кетаётган MH17 рейсли Малайзия ҳаво йўлларига оид Boeing 777 русумли самолётнинг ракета билан уриб туширилгани аниқланганини маълум қилишди. Мутахассислар 283 нафар йўловчи ва 15 нафар борт ходимлари бўлган самолётнинг ҳавода ракета билан урилганидан кейин Украинанинг шарқидаги Донецк яқинидаги қишлоққа тушганлигини айтишди. Самолётнинг соат 17:15 ларда рус айирмачилари билан Киев бошқаруви орасида бир неча ойдан бери тўқнашувлар давом этаётган минтақада Россия чегараларига 40 км масофада қулаганлиги аниқланди. Ҳалокат натижасида ҳеч ким тирик қолмаслиги билан бир қаторда самолёт парчалари ҳам жуда кенг майдонга ёйилган. Храбове қишлоғида яшайдиган аҳоли самолётнинг кабинаси билан бир моторининг 1 км масофа узоқликда топилганлигини, дум қисмининг эса 10 км узоқликда топилганлигини айтишди. Ҳодиса жойига етиб келган қутқарувчилар ҳам жасадлар топилган жойларни оқ байроқлар билан белгилаб чиқишди.

Украина президенти Порошенко бу воқеанинг бир террористик ҳаракат эканлигини айтиб, бунинг учун рус айирмачиларини жавобгар деб билди. Порошенко бундан ташқари, Украина ҳеч бир самолётни уриб туширмаганлигини маълум қилди. Украина хавфсизлик хизмати рус тарафдоларининг орасидаги телефон сўзлашув қайдларини эълон қилиб, уларнинг айбдор эканлигини билдирди. Биринчи телефон сўзлашуви қайдида айирмачилар лидери Игор Безлернинг рус разведкаси ходимлари билан алоқада бир самолётни уриб туширганликларини гапирмоқда. Иккинчи қайдда эса икки рус тарафдори сўзлашувида самолёт қулаган минтақадан 25 км шимолида ракета ҳужуми амалга оширилганлиги ҳақида гапирган. Лекин бу қайдларнинг ҳақиқийлиги ҳалигача текширилмади. Айирмачиларнинг лидерларидан Андрей Пургин ҳам берган интервьюсида самолётни Украина уриб туширганлигига аминлигини айтди.

Малайзия ҳаво йўлларига тегишли самолётда бўлган 283 нафар йўловчидан 154 нафари Голландия ватандоши, 27 нафари Австралия, 23 нафари Малайзия, 9 нафари Англия, 4 нафари Германия ва 4 нафарининг Бельгия ватандоши эканлиги маълум. 50дан ортиқ йўловчининг ҳалигача миллати ва қаердан эканлиги аниқланмади.


Бошқа мақолалар