- 2019-07-01
БМТ Бош Ассамблеясидаги овоз беришда Португалия ва Австриядан орқада қолиб, ўз тарихида
илк бор Хавфсизлик Кенгашига сайлана олмаган Германия, Ғазодаги уруш жиноятларига қарамай Исроилга берган шартсиз дастаги туфайли аъзо давлатлар наздида ишончни йўқотди.
Германия тарихда илк марта Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашига сайлана олмади.
БМТ Бош Ассамблеясида 2027-2028 йиллар даври учун “Ғарбий Европа ва бошқалар гуруҳи”га ажратилган иккита ўрин учун ўтказилган биринчи тур овоз беришда Португалия 134 та овоз, Австрия эса 131 та овоз олиб, маррани биринчи бўлиб ишғол этди.
Германия эса сайланиш учун зарур бўлган 127 овозлик учдан икки қисмлик барьердан анча пастда қолиб, бор-йўғи 104 та овоз тўплай олди. Шу тариқа, Германия БМТнинг энг қудратли органида ўрин қозониш курашида ўз тарихида илк бор муваффақиятсизликка учради.
Овоз беришдан олдин Германиянинг Исроилга нисбатан тутган позицияси эътирозларга сабаб бўлган эди.
Германия ташқи ишлар вазири Йоҳанн Вадефул ҳам Берлиннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашида навбатма-навбат алмашинувчи аъзолик ўрнини қўлга кирита олмаганига Украина ва Исроилга берган дастаги овоз йўқотилишига олиб келган бўлиши мумкинлигини қайд этди:
“Хавфсизлик Кенгашининг бешта янги аъзосидан қайси бири сайланишини белгилаш учун ўтказилган овоз беришда Германиянинг Португалия ва Австрияга ютқазиб қўйиши аламли мағлубиятдир. Исроил ва Украинага берган қатъий дастагимиз бор, Россия бундай овознинг Хавфсизлик Кенгашида бўлишини хоҳламайди”
Мерц ҳукумати бундан аввал Хавфсизлик Кенгаши аъзолигидан халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва глобал тинчликни мустаҳкамлаш учун фойдаланишни ваъда қилган эди. Бироқ Берлиннинг Ғазода содир этилган уруш жиноятларига қарамай, Исроилга шартсиз дастак беришда давом этиши ва Тел-Авивга қарши қаттиқроқ позиция эгаллашдан қочиши аъзо давлатлар наздида ишонч йўқотилишига ҳамда муҳим овозларни рақиблари Португалия ва Австрияга бой беришига сабаб бўлди.
Янги сайланган аъзолар 2027 йил бошида БМТ ХХда бу йил якунида муддати тугайдиган вақтинчалик аъзолар Дания, Греция, Покистон, Панама ва Сомалининг ўрнига 2 йил муддатга ўз вазифаларини бажаришга киришадилар.
Баҳрайн, Колумбия, Конго Демократик Республикаси, Литва ва Либерия ҳозирда БМТ ХХда мавжуд бўлган бошқа 2 йиллик вақтинчалик аъзоларни ташкил этади.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши вето ҳуқуқига эга бўлган 5 та доимий аъзо АҚШ, Россия, Хитой, Франция ва Буюк Британия ҳамда 2 йиллик муддатга сайланадиган 10 та вақтинчалик аъзодан иборат. БМТ ХХ аъзолари галдаги тартибда ҳар ой Кенгашга раислик қилади.
Ҳар бир даврда минтақаларга кўра квота бериладиган БМТ ХХ аъзолигига сайланиш учун БМТ Бош Ассамблеясида овоз берган давлатларнинг камида 3-дан 2 қисмининг овозини олиш талаб этилади.