- 2012-04-13
Халил Жиброн: «Ягона миллат бўлишига қарамасдан майда қабилаларга бўлиниб олиб, ҳар бири ўзини алоҳида миллат деб ўйлаётган гуруҳларга ҳайф бўлсин.» Халил Жиброннинг бу ҳазин сўзи худди биз ҳақимизда айтилгандек.
Афсуски, Ота боболаримиз яшаган буюк Туркистон, аввало иккига бўлинди ва алоҳида номланди: Шарқий Туркистон ва Ғарбий Туркистон. Шарқий Туркистон Хитой мустамлакасига айланди. Ғарбий Туркистон эса, Чор Россиясининг чангалида қолди. Пекин ҳам, Москва ҳам “турк” сўзидан ўлгудек қўрқишарди. Шунинг учун ҳам Хитой ҳукумати Шарқий Туркистонга “Sinkiyag” (Синьцзян)номини берди. “Sinkiyag” сўзи «Забт этилган янги ер» маъносини англатади.
Руслар ҳам Ғарбий Туркистонни беш парчага бўлди: Туркманистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғистон, Қозоғистон (!) деб номладилар. Руслар Ғарбий Туркистондан ташқари Қрим ва Озарбайжонни ҳам мустамлакага айлантирган эди.
Шундай қилиб Москва, улуғ ватанни, улуғ ва ягона миллатни, катта-кичик парчаларга бўлиб ташлади. Бўлинган ҳар бир халққа ўзи ўйлаб топган янгича миллат номини берди. Сўнгра бу халқлар устидан ўзларининг маккор режаларини амалга ошира бошлади.
Масалан Озарбайжон халқи асосан Ўғуз қабилаларидан ташкил топган. Озарбайжон турклари ўғуз туркчасида гаплашар эди. Чор империализмининг янги раҳбарлари 1805 йиллардан бошлаб Озарбайжон Туркларига: «Сиз турк эмассиз! Сиз Ўғуз қабиласидансиз. Яъни сиз Озарбайжон миллатисиз. Турк эмассиз. Туркча эмас, озарбайжонча гаплашасизлар!»
Туркманистонда ҳам аксарият Ўғуз қабилалари яшаб, Ўғуз диалектида сўзлашар эди. Салжуқийларни ва Усмонийларни туркманлар қурган эди. Руслар Туркманистонда ҳам айнан шу ўйинни ўйнадилар. Уларга “Турк бошқа, туркман бошқа! Сиз туркмансиз ва туркманча гаплашасиз! Турк эмассиз! Турк тилида сўзламайсиз. Турклар сизнинг маданиятингизни, тарихингизни тортиб олмоқчи. Сизларни уларнинг босқинчилигидан Қизил армия ҳимоя қилади!» дедилар. Москва бунга ўхшаган бўҳтонларини бошқа Турк халқлари орасида ҳам кенг ёйди.
“Сиз қозоқсиз, турк эмассиз! Қозоқча сўзлашасиз! Сиз ўзбексиз! Сиз қирғизсиз! Сиз татарсиз! Турк эмассизлар! Сиз ўзбекча, қирғизча, татарча гаплашасизлар! Москва сизларнинг саводингизни очиш учун араб алифбосини олиб ташлаб, ўрнига жуда осон бўлган лотин алифбосини беряпти. Янги алифболаригизни, тезроқ ўзлаштириб, ўз динингиз ва миллатингиз қадриятларини ўрганишга ҳаракат қилинг"
Москванинг асл мақсади Туркистон турклари билан Туркия туркларини бир биридан алифболарини ўзгартириш орқали ажратиш эди. Бу тақдирда Туркистон туркларининг тарихлари йўқолар ва Туркияда нашр этилган асарларни бошқа туркий халқлар ўқий олмас ва тушуна олмас эди.
1926 йилгача бутун Турк олами ягона алифбони ишлатар эди. У ҳам бўлса, араб алифбоси. Руслар 1926 йили Туркистон халқининг алифбосини бутунлай ўзгартирди. Араб алифбосини бекор қилиб, ўрнига лотин алифбосини таъсис қилди. Худди ўша руслар Советлар таркибидаги арман, грузин, болтиқ халқларининг алифбосига қўл учларини ҳам текказишмади.
1926 йили Туркияда, Эронда, Араб ярим оролида, Болқонларда истиқомат қилаётган турклар араб алифбосида қолди. Лекин Совет иттифоқи таркибидаги турклар эса, мажбуран лотин алифбосига кўчирилди. У ҳам етмагандай, янгича алифбога ҳар бир сунъий миллат учун бир-биридан фарқли камида беш-олти дона янгича ҳарф суқиштирилган эди.
1928 йили Туркия турклари ҳам лотин алифбосига кўчди. Москва бу вазиятдан хавотирлана бошлади. Чунки Туркистон билан Туркия турклари яна ягона алифбо орқали "боғланиш" арафасида эди. Бу сафар Туркистон халқларининг алифбоси кириллчага кўчирилди. Ҳар бир туркий қабила учун бир-бирдан фарқланадиган алоҳида кирилл алифбоси татбиқ қилинди. Бу орқали мустамлакачилар бизнинг миллатимиз устида ўйлаган ифлос режаларини яна чала қолдиришмади.
Бу ерда бизни ўйлашга мажбур қиладиган ҳолат шуки, дунёда ҳар бир миллатнинг ўз алифбоси бор. Инглизларнинг, французларнинг, хитойларнинг, японларнинг, яхудийларнинг, арманларнинг, арабларнинг, грузинларнинг ўз алифболари бор. Ер юзида 29 та фарқли алифбода ўқийдиган ва ёзадиган ягона миллат бизмиз! Нима учун?
Хуллас руслар татбиқ қилган маданият борасидаги сиёсатлари орқали ягона турк халқимизни аввало бир нечта сунъий миллатларга бўлиб ташлади. Уларга ҳар турли алифболар берди. Асрлар давомида турк тилининг турли диалектларида сўзлашиб келган Туркистон туркларини, бир-бирига бегона умуман бошқа миллат мансуби ва бошқа тилда гаплашадиган гуруҳлар эканликларига ишонтиришди. Чор Россиясининг босқинчилигидан аввалги эркин Туркистонда яшаб ўтган барча шоир ва олимларимиз "Мен китобимни туркийда битдим" дерди. Мустамлакага айлангач қаламини ва миллатини сотганлар келиб чиққан уруғ-аймоғини миллатга айлантиришга уринишди. Шарқий туркистонда яшаётган миллати турк бўлган уйғур қардошларимиз ҳам ҳозир худди шу жараённи бошларидан кечиришмоқда.