- 2017-06-28
Хорун Рашид Аббосий халифаларининг бешинчиси. Муҳаммад Маҳдийнинг ўғли, Жаъфар Мансурнинг невараси. Қабри Тус шаҳрида. Акаси Мусо Ҳодий вафот этганида халифа бўлди.
Отасининг даврида икки марта византияликлар билан жанг қилиб, қаҳрамонлик кўрсатган.
Хорун Рашид халифа бўлиши биланоқ устози Яҳё Бармакийни ўзига тўлиқ салоҳиятли вазир қилиб таъйинлади. Бу оилага мансуб бўлганлар узун замон Аббосий давлатида мустақил идорачи сифатида хизмат қилиб келган. Хорун Рашид, ислом давлатининг энг йирик рақиби бўлган Византия давлатига давомли қўшинлар юборди. Бу сафарбарликлар асносида Византиянинг Анқарага вилоятига қадар эгаллади. Денгиз флотини мустаҳкамлаб, Кипрга ғарбий ҳужумлар қилди. Кўпгина асир ва ғанимат олди. Хазар жабҳасида Арманлар чиқарган ғалаёнларини бостирди. Хуросонда бош кўтарган Рофий бин Лайсни йўқ қилмоқ учун чиққан сафарида ҳасталаниб 24 март 809 тарихида вафот этди.
Хорун Рашид даврида Аббосий давлати жуда мустаҳкамланди. Ичкарида ва ташқарида эътибори ортди. Барча қўшни давлатлар тарафидан устунлиги якдиллик билан қабул қилинди. Давлат муаззам барқарорлик йўлини тутди. Адолат ва маданият ёйилди. Халқ фаровонлик ва ҳузур-ҳаловатга эришди.
Хорун Рашид илм соҳиби ва сахий бўлиб, чиройли гапирар эди. Халифалиги даврида бир йил ҳажга бир йил эса жиҳодга чиқарди. 9 марта ҳажга борди. Макка ва Мадина халқига кўп ҳурмат кўрсатарди. Ҳар куни юз ракъат намоз ўқир эди. Ҳеч бир яхшиликни эвазсиз қолдирмасди. Мусофирларига жуда камтар эди. Илм ва санъатни севарди. Адабиётга мароқли бўлиб, олимларга, адибларга ва камбағалларга ёрдамини аямасди. Саройи илм ва фикр арбобларию санъаткорлар билан тўла эди. Улар вақти-вақти билан халифанинг ҳузурида мажлис қуриб музокаралар олиб борардилар. Улар орасида улуғ ислом олими Имоми Аъзамнинг талабаси Абу Юсуф, шоир Абу Нувос, тил олими Абу Убайда, тарихчи Вокидий, наҳв олими Сибавайҳ, қироат олими Салим ал Муқрий ва авлиёнинг машҳурларидан Фудайл бин Иёд ва бошқалари бор эди.
Имоми Абу Юсуф “Китобул харож” номли китобини Хорун Рашид учун ёзган. Халифа Хорун Рашид, Имоми Моликга “Сизнинг китобларингизни кўпайтириб дунёнинг ҳар нуқтасига юбораман ва барчанинг ўша китоблар билан амал қилишларини буюраман” дегач “Ё Халифа! Бундай қила кўрманг. Олимлар орасидаги фарқ, Аллоҳу таолонинг меҳридандир. Ҳаммаси ҳидоятдадир. Ҳар мусулмон, динда эрк соҳибидир. Хоҳлаган олимига тобе бўлади.” деб жавоб берган.
Хорун Рашид замонида фавқулодда таржима фаолиятлари олиб борилган. “Байтул ҳикма” (ҳикмат уйи) деган ном билан илк кутубхонани очди. У ерда минглаб китоблар тўпланди. Вақт ўтиши билан кутубхона ходимлари ҳам кўпайиб, кутубхона ҳажми ундан ҳам ортди. Таржимонлар, ёзувчилар ва ўқувчилар учун алоҳида-алоҳида хоналар таъминланди. Шунингдек масжидлар билан мадрасаларда ҳам тегишли кутубхоналар бор эди.
Давлатнинг идоравий ташкилотида ўзгаришлар киритган Хорун Рашид вилоятларни кичрайтиб осонроқ идора қилинадиган бир ҳолга келтирди. Марказий ташкилотда баъзи девонлар қуриб уларни вазирларига топширди. Авваллари волийларга қарашли қозикалонга ҳисобот бериш мажбуриятини келтирди. Даврнинг қозикалони Имоми Абу Юсуф ҳазратлари эди.
Халифалик пайтида француз императори Буюк Карл (Чарлемагне) билан дўстлашади. У билан хат ёзишиб, совғалар юборарди. Бир марта сув билан ишлайдиган соат юбориб, европаликларни ҳайрон қолдирган. Ўша даврларда техникадан хабарсиз европаликлар ўзи ишлаб турган соатни кўрганда, бунинг ичида шайтон бор деб, соатни синдириб ташлашган.
Хорун Рашид даврида тижорий фаолиятлар ҳам тараққий топиб, мусулмон савдогарлар Хитой ва Скандинавияга қадар бориб, савдо-сотиқ қилдилар. Бунинг натижасида давлат хазинасининг даромади беқиёс ортди. Аббосий шаҳарлари жоме, масжид, работ ва фавворалар билан безанди.
Хорун Рашиднинг аёли Зубайда хоним ҳам сахий бўлиб, хайр ишларни ёқтирар эди. Қилган кўпгина эзгу ишларидан бири Маккаи мукарраманинг ҳамма мавзеларига сув қувурларини юргизиб, “Айни Зубайда” деб аталадиган чашма ва ҳовузлар қурдирган.