Дунё тарихидаги “Охирзамонлар” рўйхати


  • 22 Декабрь, 2012
  • 4783

182 – бу рақам шу давргача инсоният омон қолган,  лекин башорат қилинган охирзамонлар

сонини билдиради.  Бу сафарги Майялар тақвими бўйича кўрсатилган охирзамон 183-дир.  Агар сиз шу мақолани ўқиётган бўлсангиз,  демак бу башоратларнинг хеч қайсиси амалга ошмаганини тушуниб етишингиз мумкин.

Охирзамон битилган Майялар тақвими

«Ишонтириб айтаманки,  агар биз яхшилаб қидирсак,  инсоният тарихида ҳар доим Охирзамон ҳақида башоратлар мавжуд бўлган, ” дейди  “Дунёдаги охирзамонлар” китобининг муаллифи Жан Нойел Лафарг.

Қадимий Мисрдаги Атон тангрисининг инсонларга юборган огоҳлантирувчи ваҳийсидан тортиб,  Римнинг Сикстин ибодатхонасидаги Микеланжелонинг “Охирги ҳукм” асарларигача кузатсак шу нарса маълум бўладики,  инсониятдаги бу қўрқув доимийдир,  унинг дини ва цивилизациясидан қатъий назар.

Демак бу афсонанинг  2012 йил 21 декабрдан кейин ҳам яшаб қолишига шубҳа йўқ ва буниси Охирзамонлар рўйхатига 183-чи бўлиб ёзиб қолдирилади.  Охирзамонни катта иштиёқ билан кутаётганлар эътиборига шу вақтгача амалда ўз тасдиғини топмаган 6 та энг машхур Охирзамонлар рўйхатини хавола этамиз.

1.  Энг биринчи башорат авлиё Даниел томонидан Библиянинг эски вариантида ёзилган.  Бу китоб эрамиздан аввалги 167-йилда битилган бўлиб,  ундаги охирзамон воқеаси Иуресалим (Қуддус) ибодатхонасининг биринчи марта вайрон қилинишидан таъсирланган ҳолда башорат қилинган.

Эр.авв. 305-(-64) йилларда Форс шохи Антиох IVни тахтга келиши билан,  Яқин шарқдаги Иудаизмни чекинтириш эвазига Эллинизмни мажбуран ёйиш сиёсати олиб борилади.  Ҳамма яҳудий байрамлари тақиқланади.  Жумладан яҳудийлар қиладиган қурбонликлар,  хатна,  шаббатни қилувчиларга эса ўлим жазоси белгиланган эди.

Библияда бу ҳақда шундай ёзилади:

“Бу эса Яҳудийларнинг ғазабини оширди ва Маккавейлар оиласининг қўзғалишига олиб келди.  Пайғамбар Даниел (Дониёл) охирзамон келиши ва бу дунё тугаб бошқа дунё бошланиши,  у дунёда эса яҳудийлар абадий Худонинг бошқарувида роҳат ва фароғатда умр кечиришлари тўғрисида деган ваҳий келганини айтади”

Унинг башоратига кўра, оҳирзамон абадий қурбонликдан 1290 кун кейин бошланиши керак бўлган.  Лекин шу давргача бу қайси кун эканлигига ҳеч ким аниқлик кирита олмаган.

2.  Насронийлар ва 1000-йил олдидаги қўрқув.  Тарихчилар орасида 1000-йил нима сабабдан инсониятда қўрқув пайдо қилганлиги ҳақида баҳсли мунозаралар бор.  Бу йилдан қўрқиш албатта ўзининг “жияни” бўлмиш 2000-йилга нисбатан анча кичикроқ бўлган,  тарихий қўлёзмалар буни тасдиқлайди.  У даврларда тақвимлар кўп тарқалмаган,  тарихчиларга кўра аҳолининг кўпчилик қисми, ҳатто қайси йилда яшаётганликларини ҳам билишмаган.

3.   ХХ аср башоратлари.  ХХ асрда умумий ҳисобда 18 марта охирзамон ҳақида башоратлар бўлган.  Шулардан 10дан ошиғи 1945 ва 1991 йиллар орасида юз берган.  Бу даврга келиб инсонларнинг Худодан қўрқуви аста-секинлик билан йўқола бошлади,  лекин уни ўрнини бошқа қўрқув – ўз-ўзларидан қўрқиш эгаллаб олди. 1945 йилдан кейинги қилинган башоратлар,  асосан,  охирзамонни ядровий урушлар натижасида келиб чиқишини таъкидлайди.

Мисол учун 1986 йил Черноблдаги 4-реакторни портлаши оқибатида охирзамоннинг хоҳлаган лаҳзада содир бўлиши мумкинлиги ҳақидаги башоратларни келтириб чиқарди.  Хусусан,  кино оламида бу фалокат кўпчилик режиссёрларга Охирзамон ҳақидаги филмларни суратга олишда илҳом берувчи манба бўлиб қолди.

ХХ асрдаги қўрқувлар асосан рационал мантиққа асосланган эди.  Инсонлар астериодлар бошқа сайёраларни чилпарчин қилиб юборганига ўз кўзлари билан гувоҳи бўла бошладилар,  худди шу тарзда бизни сайёрамизда бир пайтлар бутун динозаврлар олами йўқ бўлиб кетган эди.  Бу эса фан оламидаги янги парадоксни келтириб чиқарди.  Яъни фаннинг ривожланиши инсоният ўзини хавфсиз ҳис қилиши учун етарли бўлмади.

4.  “Иегова шоҳидлари”нинг башоратлари.  “Иегова шоҳидлари” башорат қилишни яхши кўрадилар,  шу давргача улар охирзамон келишини камида 8 марта эълон қилиб,  дунёда амалга ошмай қолган Охирзамонларни башорат қилишда рекордни ўз қўлларида ушлаб турибдилар. “Иегова шоҳидлари” китобининг муаллифи Бернард Бландр Охирзамоннинг 1914 йилда юз беришини шу тарзда ифодалаган эди: “Улар барча сиёсий,  иқтисодий,  ижтимоий ва диний тартибларни йўқ қилишни,  шу жумладан урушларга чек қўйишни кўзлаган эдилар.  Дунёдаги ҳар қандай ёвузлик йўқ қилинади,  ер юзида фақат “Иегова шоҳидлари” ва келгусида шу динни қабул қилгувчиларгина яшаб қоладилар”.

Тақдир ўйинини қарангки, айнан 1914 йилда унинг башоратини тескариси юз берди – инсон тарихидаги энг катта урушлардан бири бўлмиш 1-Жаҳон Уруши бошланди.

Бу башоратнинг амалга ошмаганига қарамасдан,  мазкур диний йўналишнинг аъзолари шу даврда 2 баробарга кўпайган.

Лекин уларнинг 1975 йилдаги Охирзамон ҳақидаги қилган башоратлари амалга ошмагани сабабли 2179000 аъзодан 551000 таси бу диний йўналишни тарк этишган.

5.  “Илмий” қўрқув.  Кўринишидан “илмий”га ўхшаб кўринган башоратлар кўпинча аҳоли томонидан жуда жиддий ахборот сифатида қабул қилинади.  1910 йил май ойида астрономлар Ернинг думли Галлей кометасининг траекториясига тушганлигини айтадилар.  Одамларни бу ахборот эсанкиратиб қўйди.  Унинг “думи” ҳар ҳил заҳарли моддалардан ташкил топганлиги туфайли инсониятни заҳарланиш оқибатида йўқ бўлиб кетиш қўрқуви эгаллайди.  18 майдан 19 майга ўтар кечаси Ер юзи аҳолиси ростдан ҳам заҳарланиб ҳалок бўлишига ишонган эди.  Шу даврдаги гувоҳликдан:

“Бутун дунёда ибодатлар ва бақир-чақирлар бир вақтни ўзида амалга оширилаётган эди.  Черковларда одам лиқ тўла,  ёш болалар яшириниш учун қудуқларга тушмасликларини айтишар,  аёллар уйларнинг дераза ва эшикларини заҳарли газ кирмаслиги учун маҳкамлаб ёпишар эди.  Лондонда қайсидир генерал дунёни сув ва ўт қоплаши ҳақида башорат қилган бўлса,  Парижда қандайдир аёл унга дунё аҳолиси ўз қонига бўялиб ўлиши ҳақида ваҳий келганини тинмай қайтарарди”.

Яна бундай илмий башоратлардан бири,  2008 йилдаги илмий тақдимотлардан бири бўлиб,  унда Ер шарида ўта кичик ҳажмдаги Қора Туйнукнинг мавжудлиги ҳақидаги аломатлар айтилади.  Гарчи буни ҳали ҳеч қандай исботи йўқ бўлган бўлса ҳам,  бу маълумот инсониятга катта қўрқув олиб келди.

Ва ниҳоят энг кўзга кўринган илмий башоратлардан бири Исаак Нютонга тегишли бўлиб,  у универсал гравитация қонунини чексизлик ҳисобига ёйиб ҳисоблаган ҳолда,  Охирзамонни 2060 йилда юз беришини башорат қилган.  Лекин бир нарсани унутмаслик лозим:  Нютон бу хисоб-китобларни Буюк Карлнинг Римга император бўлган кунга асосланиб,  яъни эрамизнинг 800 йилидан ҳисоблаган.  Унинг бу ҳисоб китобларининг яна бир манбаси авлиё Даниелнинг китобида келтирилган маълумотларга таянади.  Нютонга кўра охирзамон 1260 йил кейин – 2060 йилда юз бериши лозим.

6. 1999 йил 11 август,  машҳур тикувчи Пако Рабан томонидан.  Албатта охирзамон ҳақида гап кетганда Пако Рабанни номини эсламасдан ўтмасликнинг иложи йўқ.  Унинг 1999 йилдаги “Осмондан олов” китобида Охирзамоннинг келиши 1999 йилнинг 11 августига тўғри келиши айтилади.  У бу башоратни хисоб-китоблар,  космосшунослик ва Нострадамус қўлёзмаларига таянган ҳолда ишлаб чиққанини таъкидлайди:

“11-август куни дунёда энг катта қуёш тутилиши юз беради,  у ғалати,  лекин кўнгилни безовта қилувчи юлдузлар тўплами ҳосил бўладиган тунга уланади.  Эслатиб ўтаман,  1999 ни тескарига ўгирсак 6661 ҳосил бўлади,  666 бу бало-қазолар сонидир,  1 эса худога тегишли рақам:  айнан шу куни Исо ва Исога қарши шайтоний кучлар ўртасида аёвсиз тўқнашув юз беради.  Бу воқеанинг юз беришига мен Космология институти изланувчиси билан бўлган суҳбатимдан сўнг аниқ амин бўлдим,  унинг Мир станциясининг жўнатган сигналларининг таҳлили буни аниқ кўрсатиб турибди.  Охирги шубхаларимни эса Нострадамуснинг қўлёзмалари бутунлай ювиб ташлади”.

Нострадамус башоратларини ўрганган олимлардан бири Лук Марининг фикрига кўра,  башоратларнинг кўпчилиги тарихга мос келмаган,  айниқса 1980 йилдан кейинги тарихий воқеалардан хеч биттаси Нострадамус китобида келтирилмаган,  гарчи ундан олдингилари оз мунча мос келган бўлса ҳам.

Агар 2012 йил 21 декабрдаги Охирзамонда тирик қолувчилар орасида шу мавзуга муккасидан кетганлар бўлса,  унда хотиржам бўлаверинг,  чунки қиёмат-қойим ҳақидаги башоратлар рўйхати ҳали анча.  Шулардан энг машҳурлари,  2014 йил май ойидаги келиши кутилаётган “Иблиснинг қасоси” (яҳудийлик дини башорати,  шу жумладан насронийларга ҳам тегишли) ёки 2029 йилда улкан астероид Ерга урилишининг башоратидир.  Шу ўринда авлиё Малшининг башоратини ҳам эслаб ўтиш жоиз.  У “Папалар башорати” деб аталиб,  112-папа сайланиши билан Оҳирзамоннинг бошланишини кўзда тутади,  эслатиб ўтамиз ҳозирги папа Бенедикт XVI 111-пападир,  ундан кейинги келувчи папа 112-бўлади.

www.geopolitikauz.blogspot.com сайтидан олинди.


Бошқа мақолалар