Индонезия аҳолиси 1 миллиард доллар тўплашга киришди


  • 23 Февраль, 2015
  • 1270

Австралия бош вазири Тони Эбботнинг ланг очиқ оғзи қизил боғич билан боғлаб қўйилган суратини бутун Индонезиянинг исталган гўшасида кўриш мумкин.

Маҳаллий аҳоли Яшил қитъа бош вазири сурати туширилган баннерларни бевосита ерга тўшаб, уни тангалар билан тўлдиришмоқда.

“Пулни қайтариш” деб аталган ушбу акция бутун Индонезия бўйлаб ақлбовар қилмас даражада оммалашмоқда.

Индонезияликларнинг бундай кўринишдаги норозилигига Австралия бош вазири айтган сўзлар сабаб бўлди.

Аввалроқ, Тони Эбботт наркотик моддалар контрабандасида айбланиб, ўлимга ҳукм этилган икки австралияликни озод этишни сўраб Индонезия ҳукуматига мурожаат қилганди.

Айни вақтда, ўз илтимоси давомида, Тони Эбботт расмий Жакарта ўз қарзларини қайтарадиган вақт келганига ишора қилган.

Эбботт, катта эҳтимол билан, 2004 йилги вайронкор цунамидан зарар кўрган Индонезия ҳудудларини қайта тиклаш учун Австралия ажратган 1 миллиард доллар миқдоридаги маблағни назарда тутган.

“Келинг, бундан бир неча йил Индонезияга цунамининг даҳшатли тўлқинлари ёпирилганида, Австралия зарар кўрган ҳудудларни қайта тиклаш учун 1 миллиард доллар ажратганини унутмайлик”, – деди Эбботт.

“Мен Индонезия халқи ва ҳукуматига шундай дейман: Австралия ҳар доим сизга ёрдам беришга тайёр. Ва, умид қиламизки, сиз ҳам бу сафар ўша танга билан ҳисоб-китоб қила оласиз”, – деди Эбботт, наркосавдогарларга нисбатан белгиланган жазони юмшатилиши имкониятлари ҳақида гапираркан.

Индонезия ҳукумати Австралия бош вазирининг бу сўзларини хотиржам қабул қилган бўлса-да, оддий аҳоли орасида бу кескин норозиликка сабаб бўлди.

Куни кеча бўлиб ўтган норозилик намойишларида минглаб индонезияликлар иштирок этган. Намойишчилар Австралия бош вазирига қарзни қайтариб бериш учун чақа пул йиғишни бошлашган.


Бошқа мақолалар