Туркия ўз ҳарбийларини эвакуация қилди


  • 24 Февраль, 2015
  • 1778

Туркия бош вазири Ахмет Довудўғлу Туркия армиясининг Сурияда жойлашган Сулаймон Шоҳ сағанаси ва уни қўриқлаётган аскарларини эвакуация қилиш бўйича ўтказган операциясига изоҳ бераётиб: “Расмий Анқара ўз ҳарбийлари хавфсизлигини ҳимоя қилиш ва ўз тарихий меросини сақлаб қолиш учун барча зарурий чора-тадбирларни ўтказиш ҳуқуқига эга”, деб айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, 22 февралга ўтар кечаси турк ҳарбийлари Суриянинг Кобани шаҳри атрофидаги ҳудудга кириб, ўз чегарасидан 35 км масофада жойлашган Усмоний давлати асосчиси Султон Усмоннинг бобоси бўлмиш Султон Сулаймоннинг сағанаси томон йўл олган. Бу сағанани қўриқлаётган фахрий соқчилар 39 нафарни ташкил қиларди. Турк аскарлари ва сағана Туркия чегарасига яқинроқ бўлган Эшма шаҳрига кўчирилди.

Довудўғлунинг айтишича, бу операция Туркия қўшинларининг Суриядаги мавжудлиги борасидаги иғво, таҳдид ва шантажларни бартараф этиш учун муҳим қадам бўлган. Бош вазир Анқаранинг Сурия сиёсати аввалгидек ўзгаришсиз қолишини, ушбу операция эса Сурияда ҳарбий можаронинг давом этаётгани ва ИШИД томонидан шантаж воситасига айлантиришнинг олдини олиш учун ўтказилганини айтди.


Бошқа мақолалар