Туркистонда марказий бозор ёниб кетди


  • 2 Март, 2015
  • 1553

Туркистон шаҳрида ёнғин “Қуаниш” марказий бозорини деярли бутунлай кулга айлантирди. Ёнғинда бир тадбиркор жароҳат олди.

Жанубий Қозоғистон фавқулодда вазиятлар департаментининг хабарига биноан, ёнғин 2 март куни тонгги соат тўртларда бошланган. Савдо расталари ва дўконлар бутунлай ёниб кетган.

Сотувчиларнинг дўконларига кириши ва ўғрилик ҳолатларининг олдини олиш учун 200 полиция ходими воқеа жойини ўраб олишди.

Дастлабки маълумотларга кўра, бозорда савдо қиладиган тадбиркорлардан бири ёнғинда жароҳат олган ва район касалхонасига ётқизилган. Бошқа жароҳат олганлар ҳақида маълумот йўқ.

Ўт ўчириш ходимларига очиқ оловни бартараф этиш учун 4 соат керак бўлди. Эрталабки соат 09:37да ёнғин бутунлай ўчирилди. Ўт ўчиришда 16 та техника ва 137 ходим иштирок этди. Ёнғин майдони 600 квадрат метрни ташкил этди. Ёнғин бозорнинг айнан ўзбекларга тегишли бўлган Ташкентский қисмида чиқиб яна шу қисм ёниб бўлгунча давом этганлиги шубҳа уйғотмоқда.

Воқеа жойида мутахассислар ёнғин сабабини ўрганишмоқда.


Бошқа мақолалар