Қотилликни бўйнига олди


  • 10 Март, 2015
  • 1221

Россияда суиқасдга учраган мухолифат лидери Борис Немцовни ўлдирган тўдабоши Заур Дадаев жиноятни бўйнига олди. Россияни ларзага солган мухолифат лидери Борис Немцовнинг суиқасдида гумондорлар қўлга олингандан кейин деталлар ойдинлаша бошлади. Москвада тергов қилиш бошланган беш гумондорнинг ортидан тўданинг олтинчи аъзоси ўлик ҳолда қўлга олинди. Чеченистон пойтахти Грознийда яшайдиган хонадони қуршовга олинганидан кейин гумондор полицияга ўқ узди, кейин қўлидаги гранатани портлатиб, ҳалок бўлгани маълум қилинди. Қўлга олинган беш гумондордан дастлабки эътироф келди.

Москвада беш гумондордан бири Заур Дадаев айбини бўйнига олганлиги тергов томонидан маълум қилинди. Дадаев суднинг кейинги йиғилиши давом этадиган 28 апрелгача  ҳибсда сақланадиган бўлди.

Немцовнинг қотили сифатида судланадиган Заур Дадаев рус лидери Путинга яқинлиги билан танилган Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировнинг командири бўлиб чиқди. Дадаев 2010 йили ўша даврдаги Россия президенти Дмитрий Медведевнинг имзоси билан қаҳрамонлик нишонига лойиқ кўрилгани аниқланди. “Эхо Москвы” радиоси хабарига кўра, Дадаевга нишон шу йили ички ишлар вазири Рашид Нурғалиев ва Рамзон Қодиров тарафидан тақдим этилган.


Бошқа мақолалар