Бош қотирадиган жумбоқлар


  • 21 Март, 2015
  • 2349

Кўпчилигимиз мактабда турли савол-жавоб ўйинларида қатнашганмиз. Ўша пайтларда бизга берилган саволлар нафақат қийин, балки қизиқарли ҳам туюлган.

Келинг, болалик давримизни ёдга оламиз. Қуйидаги жумбоқлар болалар учун мўлжалланган бўлиб, катталарни ҳам ўйлантириши мумкин.

1. Кема ҳалокатидан сўнг фақат бир эркак тирик қолибди. Тўлқинлар уни аёлларгина яшайдиган оролга элтиб ташлабди. Эркак ҳушига келганида аёллар уни қурбонлик қилиш учун тайёрланишаётган экан. Улар эркакка сўнгги сўзларини айтишни таклиф қилишибди. Эркак сўнгги сўзларини айтгач, аёллар уни ўлдириш ўрнига қайиқ ясаб, озиқ-овқатлар билан таъминлаб қўйиб юборишибди. Эркак уларга нима деган?

2. Бошланғич синф ўқувчиси бу вазифани беш дақиқада, юқори синф ўқувчиси ўн беш дақиқада, олийгоҳ талабаси олтмиш дақиқада ечади, олим эса ечолмайди. Мана ўша вазифа: “БИУТБОЕСТЎ” нимани билдиради?

3. Тошкентдан Самарқанд томон поезд йўлга чиқди. У белгиланган вақтдан ярим соатга кеч қолди. Самарқанддан Тошкент томон ҳам поезд йўлга чиқди, у жадвалдагидан 10 дақиқага кеч йўлга чиқди. Ҳар икки поезд бир-бири билан учрашган вақтда қайси поезд Тошкентга яқинроқ бўлади?

4. Қўлингизда 9та танга бор. Саккизта танга ҳақиқий ва битта танга сохта бўлиб, бошқаларидан енгилроқ. Тангаларни тарозида икки марта тортиб кўриб сохта тангани қандай топиш мумкин?

5. Деворнинг узунлиги 20 метр ва баландлиги 3 метр бўлиб, оғирлиги 3 тонна. Уни қўшимча қурилмаларсиз қандай ағдариш мумкин?

6. Икки киши дарёнинг нариги қирғоғига ўтиши лозим. Лекин қирғоқда фақат бир киши сиғадиган қайиқ бор. Ҳар иккалови ҳам ўзларига керакли қирғоққа ўта олишди. Буни қандай уддалашди?

7. Қаерда от устидан от сакраб ўтганини кўриш мумкин?

8. Шерлок Холмс хиёбонда сайр қилиб юриб бир аёлнинг жасадини кўриб қолди. У аёлнинг чўнтагидан телефон топиб олди ва аёлнинг эрига қўнғироқ қилиб: “Тезда етиб келинг, хотинингизни ўлдириб кетишибди”, деди. Аёлнинг эри етиб келиши билан Шерлок Холмс полицияга қотил айнан эрнинг ўзи эканлигини айтди. У буни қандай билди?

9. Икки ўғил ва ота саёҳатга чиқишди. Уларнинг йўлида дарё бўлиб, бу дарёдан бир вақтнинг ўзида фақат отани ёки иккита ўғилни кўтара оладиган сол ёрдамида ўтиш мумкин эди. Улар нариги қирғоққа қандай ўтишади?

Хўш, топишмоқларнинг жавобини топдингизми? Энди жавобларингизни текшириб кўринг.

Жавоблар:

1. “Мени орангиздаги энг хунук аёл ўлдирсин”, деган.

2. 1, 2, 3, 4, 5, 6, 7, 8, 9, 10

3. Поездлар ҳар икки шаҳардан бир хил масофада узоқликда бўлишади.

4. Тангаларни уч донадан учта гуруҳга ажратамиз. Биринчи ва иккинчи гуруҳларни тарози паллаларига қўйиб тортиб кўрамиз, учинчи гуруҳни четга олиб қўямиз. Шу тарзда сохта танга бор гуруҳни аниқлаб оламиз. Сўнгра сохта танга бор гуруҳдан иккита тангани олиб, тарози паллаларига қўямиз. Агар тангаларнинг вазни бир хил бўлса, учинчи танга сохта танга бўлади.

5. Ҳисоб-китобларга кўра, бу деворнинг қалинлиги 2 сантиметрдан ошмайди, демак уни қўлда итарсак ҳам ағанайди.

6. Улар қарама-қарши қирғоқларда бўлишган.

7. Шахмат ўйинида.

8. Холмс аёлнинг эрига қаерга келишни айтмаган, лекин эр хотинининг қаерда ўлдирилганини сўрамасдан тўғри ўша ерга келган.

9. Аввал иккала ўғил ўтишади, кейин улардан бири отасининг ёнига қайтади. Ўғил қирғоқда қолади, ота эса нариги қирғоққа ўтади. Сўнгра ўғил нариги қирғоқда қолган ўғилнинг ёнига қайтади ва иккаласи биргаликда отасининг ёнига сузиб ўтишади.


Бошқа мақолалар