- 2012-05-10
Дунёда йирик давлатлар билан бирга митти давлатлар ҳам анчагина.
Бу давлатларнинг ҳудудлари шу қадар кичикки, бутун бошли давлатни пиёда айланиб чиқсангиз бўлади. Аммо бу дегани уларнинг дунёда тутган ўрни паст, дегани эмас. Уларнинг аксарияти БМТ аъзоси, шунингдек, олимпиадаларда қатнашиш ҳуқуқига эга. Сиёсат бобида ҳам уларнинг таъсири сезиларли даражада. Мисол учун улар орасидаги энг кичик давлат — Ватиканни олайлик. Унинг етакчиси Рим Папасини исталган мамлакатда жуда катта ҳурмат ва эҳтиром билан қабул қиладилар. Яна бир кичик давлат бу — Монако. Аммо унинг дунёга машҳур казиноларида жаҳонга танилган миллиардерлар пул тикиб, ё бор бўладилар ё йўқ бўладилар. Гренадачи? Шу митти давлат бир пайтлар АҚШга шу қадар улкан муаммоларни туғдирган эдики, натижада 1983 йилда Америка ҳукумати уларга қарши йирик армия, кўпсонли ҳаво кучлари ва ҳатто денгиз флотини ҳам ишга солишга мажбур бўлган эди.
Дунёдаги энг кичик давлатларнинг тўрттаси Европада жойлашган. Учтаси Океанияда, иккитаси Кариб денгизи қирғоқларида ва биттаси Осиёда жойлашган. Уларнинг учтасида денгизга чиқиш имкони йўқ бўлса, олтитаси ҳаммаёғи сув билан қопланган оролларда жойлашган.
Хўш, бу давлатлар аҳолисининг ҳаёт тарзи қандай? Хусусан, Ватикан дунёдаги католик мазҳабига кирувчиларнинг хайрия-эҳсонлари, шунингдек, сайёҳлик фирмаларининг даромадлари ҳисобидан кун кўрадилар. Монако эса нафақат казинолар орқали, балки йирик кўргазмалар ўтказиш йўли билан ҳам каттагина даромад топади. Лихтенштейн ва Сан-Марино давлатларига эса почта маркалари ва сайёҳлар даромад келтиради. Науру давлати бюджети эса кредит-молиявий операциялар ҳисобидан қопланади. Мальдив ороллари ҳам сайёҳлик ортидан кун кўради. Тувалу ва Маршалл ороллари кокос ёнғоғи ва балиқ етиштириш йўли билан яхшигина ҳаёт тарзини қуришган бўлса, Сент-Китс давлати шакар етиштириш билан, Гренада мускат ёнғоғини пуллаш орқали кун кўради.