- 2017-06-24
АҚШнинг Пенсилвания штатида полиция ходимларига қарши қуролли ҳужум содир бўлди. Оқибатда 3 полиция ҳалок бўлди, яна 2 нафари оғир яраланган. Ҳужумчи полиция томонидан йўқ қилинган. Штат губернатори Жош Шапиро ҳалок бўлганлар хотирасига байроқларни ярим тушириш ҳақида кўрсатма берди.
Ҳужум Пенсилваниянинг Йорк округида, маҳаллий вақт билан тахминан соат 14:00 да содир бўлган. Ҳозирча шахси аниқланмаган қуролли шахс хизматдаги полицияларга ўқ узган.
Пенсилвания Давлат полицияси комиссари Кристофер Париснинг маълум қилишича, ҳужумчи полиция томонидан нейтраллаштирилган. Оқибатда ҳудуддаги мактабларга хавфсизлик мақсадида "бинодан чиқмаслик" бўйича огоҳлантириш берилган, аммо кўп ўтмай аҳоли учун хавф йўқлиги хабар қилинган.
Губернатор Жош Шапиро воқеа жойига бориб, ҳалок бўлган полицияларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди. Унинг айтишича:
"Бу ҳудудга, бу штатга, бу мамлакатга хизмат қилган уч қимматли инсон ҳаётдан кўз юмди. Бу каби зўравонлик ҳолатлари қабул қилиб бўлмайди. Жамият сифатида бундан кўра яхшироқ йўл топишимиз шарт."
АҚШ адлия вазири Пам Бонди эса ижтимоий тармоқда билдиришича, ФБР ва Алкоголь, Тамаки, Қурол ва Портловчи моддалар бюроси ходимлари воқеа жойига йўналтирилган. У полицияга қарши зўравонликни қоралаб, ҳалок бўлганлар учун дуо қилишга чақирди.
ФБР директори Каш Пател ҳам ўз баёнотида ФБР ҳозирда воқеа жойида текширув ишларини олиб бораётганини айтиб, шундай деди:
"Дуоларимиз ҳалок бўлган полициялар, уларнинг оилалари ва бутун Йорк округи билан."
Ҳодиса бўйича кенг кўламли тергов бошланган.