Назарбоев мишмишларни пучга чиқарди


  • 28 Апрель, 2015
  • 1230

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев яқинда танга девальвацияга учраши ҳақидаги гап-сўзларни инкор қилди.

“Сайловдан кейин ҳеч қандай кескин ўзгаришлар содир бўлмайди. Биз аввал қандай ишлаган бўлсак, худди шундай ишлашда давом этамиз. Мен илгари ҳам айтганман, кескин ўзгаришлар бўладиган тақдирда мен албатта барчани огоҳлантираман. Россия рубли билан боғлиқ равишда ўзгаришлар кузатилган эди, лекин ҳозир ҳаммаси барқарор, бу борада бошқача режаларимиз йўқ”, – деб таъкидлади президент Оқ Ўрдада ўтказилган матбуот анжуманида журналистларнинг девальвация ҳақидаги саволларига жавобан.

“Бошқа масала бор, – қўшимча қилди Қозоғистон раҳбари. – Биз тангани “эркин сузиш”га қўйиб юбориш, яъни уни таргетизация қилиш устида ишламоқдамиз. Лекин бу мураккаб масала, уни Халқаро валюта жамғармаси билан ҳал қилиш керак; бу энг эрта беш йилдан кейин содир бўлади”.

Эслатиб ўтамиз, 26 апрель куни Қозоғистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Қозоғистон Марказий сайлов қўмитаси маълумотларига қараганда, навбатдан ташқари президентлик сайловларида Нурсултон Назарбоев 97.7 фоиз овоз тўплаган.


Бошқа мақолалар