Тель-Авивда исён


  • 5 Май, 2015
  • 1251

Якшанба куни Тель-Авивда Исроил полициясининг эфиопиялик яҳудийни калтаклаганини қоралаб ўн минглаб кишилар намойишга чиқишди. Намойиш тезда тартибни сақлаш ходимлари билан тўқнашувга айланиб кетди. Тўқнашувда 70 га яқин киши жароҳат олди. Уларнинг кўпчилиги полиция ходимлари. Намойишчилар бир неча гуруҳга бўлиниб, ён-атрофдаги дўкон ва кафеларни вайрон қилишни бошлади. Ҳатто бир неча киши Тель-Авив шаҳар мэриясига киришга уринди.

Намойишчилар полицияга қарата тош, шиша идишлар ва петрдлар отишди. Полиция бунга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва сув сочиш билан жавоб берди.

Полиция ходимлари тарафидан эфиопиялик ҳарбийнинг калтакланиши ушбу тартибсизликларга сабаб бўлди. Бу калтакланиш видеога олиниб, интернетга қўйилганди. Намойишчилар бир қатор талабларини қўйишди ва бу талаблар бажарилмайдиган тақдирда “Рабин майдонини Балтиморга айлантириш” билан таҳдид қилишди. Тель-Авивда ҳали бундан норозилик намойишлари бўлмаганди.

Бугунги кунда Исроилда 120 мингга яқин эфиопиялик яҳудийлар яшайди. Улар Исроил аҳолисининг 2%ини ташкил қилади. Эфиопиялик яҳудийлар яшайдиган ҳудудларни тинч-осойишта деб бўлмайди. Бу ерларда жиноят содир қилиш кўрсаткичи энг юқори.

Бунга сабаб ҳукуматнинг қора танли яҳудийларга етарли даражада эътибор қаратмаслигидир. Намойишчилардан бири “Биз нима қилсак ҳам, барибир иккинчи даражали одамга қарагандек қарашади. Сиз шу давлатда туғилган бўлишингиз мумкин, лекин баданингиз рангини ўзгартира олмайсиз. Агар Исроил ҳамжамияти бизни ҳам одам қаторида кўрмас экан, ўлкада ҳеч нарса ўзгармайди” деди. 


Бошқа мақолалар