Россияда “McDonalds” янги ном билан очилди


  • 13 Июнь, 2022
  • 214

Украинадаги уруш туфайли Россияда ўз фаолиятини тўхтатган “McDonalds” ресторанлари янги ном билан эшикларини мижозларга очди.

“McDonald’s” ресторанларининг янги номи “Вкусно и точка” (Лаззатли ва нуқта) бўлиб, ресторанлардаги “McDonald’s” рамзлари ва унга тегишли маҳсулот номлари ўзгартирилди.

Бугун Россия бўйлаб очилган янги ресторанларга асосан ёшлар катта қизиқиш кўрсатгани ва вақти-вақти билан узун навбатлар ҳосил бўлаётгани кўринди. Россиядаги илк “McDonald's” 1990 йил Москвадаги Пушкин майдонида очилган эди. Очилиш кунида 40 мингга яқин киши келган бўлимнинг олдида юзлаб кишилар соатларча навбат кутганди.

“McDonald's” 19 майда берган баёнотида ширкатнинг Россиядаги бутун ресторанларини ҳозирги кунда озиқ-овқат соҳасида фаолият кўрсатадиган Александр Говор исмли рус бизнесменига сотиш учун келишув тузилганини билдирганди.

Баёнотда Россиянинг Сибирь минтақасида 25 та “McDonald's” ресторанини юргизаётган Говорнинг ўлкадаги 850 “McDonald's” ресторанини сотиб олишни ва бошқа ном билан фаолиятини тиклашини қабул қилгани таъкидланганди.


Бошқа мақолалар