- 2013-06-10
Американинг Global Finance иқтисодий журнали бой ва қашшоқ мамлакатлар анъанавий рейтингини эълон қилди. Таҳлилчилар томонидан 189 давлат кўрсаткичлари инобатга олинган рўйхатда Қозоғистонга 54-ўрин муносиб кўрилган. Унга биноан, Қозоғистоннинг ҳар бир фуқаросига 25670 доллар тўғри келади.
Таъкидлаш жоизки, журнал таҳририяти рейтингни тузишда Жаҳон банки ва Халқаро валюта фондининг очиқ маълумотларидан фойдаланган. Рейтинг асосига аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ (ялпи ички маҳсулот)нинг харид қобилияти тенглиги бўйича қайта ҳиссобланган натижаси олинган.
Рейтингга кўра, МДҲ мамлакатлари орасида энг юқори натижа Россияга тегишли бўлиб, у аҳоли жон бошига 26,109 долларлик кўрсаткич билан 52-ўринда. Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг бадавлат деб топилган (54-ўрин) Қозоғистоннинг ҳар бир фуқаросига бир йилда 25,670 доллар тўғри келади. Туркманистон 17,4 минг доллар билан 73, Ўзбекистон 6452 доллар билан 127-ўрин, Қирғизистон 3467 доллар билан 148, Тожикистон 2982 доллар билан 157-ўринда жойлашган.
Дунёнинг энг бой давлатлари ўнталиги — Қатар, Люксембург, Макао, Сингапур, Бруней, Кувайт, Ирландия, Норвегия, БАА ва Сан-Марино эканлиги қайд этилган.
Дунёнинг энг қашшоқ 10 мамлакатини эса, асосан, Африка мамлакатлари ташкил этган. Булар — Марказий Африка Республикаси, Конго Демократик Республикаси, Бурунди, Либерия, Нигер, Малави, Мозамбик, Гвинея, Эритрея, Мадагаскар ва Комор оролларидир.