- 2019-10-31
Тарихга назар ташласак, Қорачиқ аҳолиси азалдан чорвачилик, деҳқончилик ва савдо-сотиқ билан кун кечирган. Ривоятларга кўра, Қорачиқ халқи ўзларига керак бўлган барча нарсани ўзлари етиштирган. Лекин инсонга энг зарур бўлган ош тузини жуда қиммат нархда сотиб олар экан. Бу тузларни савдогарлар карвон билан бошқа эллардан олиб келишган. Бир куни одамлар кенгашиб, тузни ҳам экиб кўришмоқчи бўлади. Шу тариқа деҳқонлар баҳор келиши билан юзлаб гектар полизга олиб келинган йирик тузни экиб чиқишади. Кунлар исиши билан тузнинг ўсиб чиқмаётганини кўрган деҳқонлар суғоришга киришадилар. Кун ўтиши билан туз экилган ерлар оқариб қолса ҳам ўсиб чиққани сезилмайди. Деҳқонлар яна маслаҳатлашиб, ерга ўғит солишади. Шу тариқа куз ҳам келади, лекин ҳосилдан дарак йўқ. Туз экилган жойларда қордек оппоқ бир нарсалар пайдо бўлади. Деҳқонлар буни кўриб, оқсоқолларни тўплаб, тузни экиб ҳосил олиб бўлмаслигини айтишади. Оппоқ бўлиб кўринган нарсалар эса ернинг шўр босганлигини кўрсатарди. Шундан буён Қорачиқ аҳолиси “туз экканлар” деган лақаб билан аталади. Туз экилган ва шу атрофдаги ерлар шўр босганлигидан бироз йиллар ҳосил бўлмайди. Қишлоқ оқсоқоллари бу масалани ҳал этиш учун ва халқнинг деҳқончилигини мустаҳкамлаш мақсадида Қорачуқ тоғидан оқиб келаётган сувнинг мўллигига асосланиб, янги ерларга кўчишни, туз "экилган" жойларга эса, яйловларни кўчиришни қарорлаштиришади. Натижада XVII асрда халқнинг кўпчилиги яшаб турган жойларининг шарқ тарафига кўчиб ўтиб яшай бошлайди.
Йиллар ўтиб, шўролар ҳукумати даврида колхозлаштириш бошланади. 1929 йилга келиб, қишлоқда иккита колхоз қурилади. Қишлоқнинг юқори тарафида “Иттифоқ” колхози бўлиб, унга Ҳайитбоев Али раҳбарлик қилган. 1929 йили колхозга раҳбарлик Абсодиқов Солига ўтиб, у 1934 йилнинг май ойигача бу лавозимда ишлайди.
Қишлоқнинг қуйи тарафи “Калинин” колхози бўлиб, унга Худойқулов Исоқ раис бўлган. Қишлоққа техникалар келиб, ер ҳайдаш, пахта ва буғдой экиш каби ишларни тракторлар бошқара бошлайди.
Иккинчи жаҳон уруши тугагач, қишлоқ янада ободонлаша бошлади. 1946 йили “Иттифоқ” колхозига Умаров Султон, “Калинин” колхозига эса Айтураев Мақан раислик қилади. 1950 йилда икки колхоз бирлашиб, “Фрунзе” колхози деб аталди. Унга Умаров Султон раҳбарлик қилди. 1953 йили колхозга раислик қилган Юсубалиев Бобохон экин ерларини кенгайтирди. 1956 йили Кариз қишлоғи ҳам колхозга қўшилиб, колхоз номи “Победа” (Ғалаба)га ўзгартирилди.
1963 йили Жамолов Сайдан раис бўлиб ўтирди. Бу вақтда қишлоқнинг кўрки очилиб кетган эди. Қишлоқ бутунлай электр токи билан таъминланди. Ҳар бир уйда радио ва телевизор бор эди. Йўлларга тошлар босилиб, боғ-роғлар кўпайди.
2003 йилга келиб, колхозлар тарқаб, ўрнига кичик хўжаликлар пайдо бўлди. Колхоз даврида бош инженер лавозимида ишлаган Азимов Ҳабибулла ўз улушига тушган ерларда деҳқончилик қилиш имкони бўлмаганларнинг ерларини тўплаб, пахта экишни бошлади.
Ҳозирги вақтда Қорачиқ қишлоғи Туркистон шаҳар ҳокимлигига қарашли қишлоқ. Туркистон шаҳридан 5 км шимолда жойлашган. Қишлоқ аҳолиси сони 9500, 1500 оила бор. (2014 йилги кўрсаткич)
Қишлоқда миллий маданият уйи, оилавий даволаш поликлиника, кутубхона, боғланиш бўлими, “Турон” чорва хўжалиги, бир нечта савдо дўконлари, “Қорачиқ” тўйхонаси, футбол майдони, иккита ўрта мактаб бўлиб, Улуғ ватан урушидан қайтмаган жангчиларга ёдгорлик ўрнатилган.
Қишлоқда ёдда қоладиган ишлар:
1. 1936 йил қишлоқ бўлиси Атажонов Ибод бошчилигида ҳашар йўли билан ёшларга билим бериш мақсадида етти йиллик мактаб қурилган.
2. 1941-1945 йиллари Улуғ ватан урушига қишлоқдан 255 нафар ёш йигит ватанни ҳимоялаш учун урушга кетган.
3. Урушга кетган 61 жангчи қишлоққа қайтиб келди. 191 жангчи урушда ҳалок бўлди. 3 нафари бедарак йўқолди.
4. 1953 йили қишлоқ аҳолиси учун сув тегирмони, 1984 йили электр токи билан ишлайдиган катта тегирмон қурилди.
5. 1960-61 йиллари қишлоққа электр симлари тортилиб, уйларга чироқ киритилди.
6. 1961 йили қишлоқда катта ҳаммом қурилди.
7. 1961 йили чорвачилик билан шуғулланадиган оилаларнинг болалари учун мактаб-интернат ишга туширилди.
8. 1964 йили қишлоқнинг ўртасидан Арис-Туркистон канали ўтказилди.
9. 1965 йилдан бошлаб, Қорачиқ сойидаги тошлар олиниб, йўлларга тўшалган.
10. 1966 йили Қазақ ССР Компартиясининг биринчи котиби Д.А.Қўнаев бошчилигидаги делегация Қорачиқ қишлоғига келиб, қишлоқ деҳқонларининг ютуқлари билан танишади.
11. 1968 йили каналдан аҳоли учун кичик канал қазилади.
12. 1970 йили Қазақ ССР Компартиясининг биринчи котиби Д.А.Қўнаев қишлоққа иккинчи марта келиб, аҳоли билан учрашган. Бу даврларда қишлоқ иқтисодиёти ривожланиб, вилоятда етакчи ўринда эди.
13. 1971 йили қишлоқда маданият уйи қурилади.
14. 1972 йили Улуғ ватан урушидан қайтмаганлар учун ёдгорлик солиниб, унга 204 жангчининг исми ёзилган.
15. 1976 йили катта поликлиника қурилди.
16. 1981 йили Қазақ ССР Компартиясининг биринчи котиби Д.А.Қўнаев қишлоққа учинчи марта келиб, аҳоли билан учрашган. Бу даврда “Победа” колхози пахта, жўхори ва буғдой етиштиришда республикада биринчи ўринни, Иттифоқ миқёсида эса, учинчи ўринни эгаллаган эди.
17. 1982 йили Туркистон-Қарноқ асфальт йўлида Қорачиқ сойи устига кўприк қурилди.
18. 1986 йили қишлоқ аҳолисининг фарзандлари учун 1200 ўринлик уч қаватли катта мактаб қурилади. (“Турон” мактаби)
19. 1990 йили қишлоқ марказида катта масжид қурилиб, фойдаланишга топширилди.
20. 1992 йили тадбиркор Азимов Ҳабибулла бошчилигида “Турон” чорва хўжалиги ташкил қилиниб, унда пахта қайта ишлаш, пахта ёғи олиш цехи, совун ишлаб чиқариш ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш цехлари фаолият кўрсатади.
21. 1994-95 йиллари “Турон” чорва хўжалигида боғлар экилди.
22. 1996 йили якка тадбиркор Муютов Бобохон қишлоқда “Қорачиқ” савдо марказини қурди.
23. 2000 йили Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Қорачиқ қишлоғига келиб, “Турон” фабрикаси ишлари билан танишди ҳамда аҳоли билан учрашди.
24. 2007 йили тадбиркор Ҳ.Азимов тарафидан автомобиль ёқилғи қуйиш шохобчаси ишга туширилди.
25. 2010 йили поликлиника учун янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди.
26. 2012 йили аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун янгидан сув қувурлари тортилиб, фойдаланишга топширилди.
27. 2012 йили эски мактаб ўрнидан 300 ўринлик янги уч қаватли мактаб биноси қурилиб, ҳозир ўқувчилар билим олишмоқда.
28. 2014 йили Б.Муютов қишлоқда “Қорачиқ” тўйхонасини қурди.
29. Қорачиқ қишлоғида маълум бўлган ва номаълум ўндан ортиқ зиёратгоҳ авлиё қабрлари бор.
30. Қорачиқ қишлоғининг шарқида, марказида ва ғарб тарафида учта катта қабристон бор.
31. 2015 йили Улуғ ватан урушининг 70 йиллиги муносабати билан Қорачиқ қишлоғидаги уруш иштирокчилари ёдгорлигига 255 жангчининг исмлари ёзилди.
32. Қишлоқда 850та абоненти бўлган АТС мавжуд.
33. Қишлоқда 10дан зиёд дўкон, битта Жоме ва ўнтача масжид фаолият кўрсатмоқда.
Музаффар Умаров