Мана сизга маданий ўлка!


  • 17 Сентябрь, 2015
  • 1754

“Маданий” деб ҳисобланган Европанинг 1500-йиллардаги қизиқарли маълумотлари ва баъзи ибораларнинг келиб чиқиш тарихи...

Сафар чоғида қўлингизни юваётган сувнинг ҳарорати сиз истагандек бўлмаса, қадимда Англияда бу ишларнинг қандай бажарилганлигини ўйланг. 1500 йилларда Англияда бу қуйидагича амалга ошириларди:

Одамларнинг кўпи июнь ойида турмуш қурарди. Чунки улар ҳаммомга йилда бир марта, яъни май ойида тушишарди. Июнь ойида ҳали улардан таралаётган бадбўй ҳидга чидаса бўлар эди. Лекин яна қўланса ҳид келишни бошлаганда келинлар вужудидан чиқаётган ҳидни бостириш учун қўлларида гулдаста олиб юришарди.

Уларнинг ҳаммоми ичи иссиқ сув билан тўлдирилган катта бочкадан иборат эди. Уйнинг эркаги тоза сувда чўмилиш имтиёзига эга эди. Ундан кейин ўғиллар ва бошқа эркаклар, сўнгра аёллар, сўнгра ёш болалар ва энг охирида гўдакларни шу сувда чўмилтиришарди. Бу вақтга келиб, сув шунчалик ифлос бўлиб кетардики, сув ичига тушган нарса умуман кўринмасди. Инглизчадаги “Ҳаммом суви билан бирга чақалоқни ҳам оқизиб юборманг” (Don't throw the baby out with the bathwater) ибораси бундан келиб чиққан.

Уйларнинг томлари устма-уст тахланган қамишдан иборат бўлиб, қамишларнинг тагига ёғоч қўйилмасди. Том уй ҳайвонлари ва бошқа ҳашаротлар исина оладиган ягона жой бўлгани учун бутун мушуклар, итлар ва бошқа кичик жониворлар (сичқон, қўнғиз) шу ерда яшар эди. Ёмғир ёққан вақтда том сирпанчиқ ҳолга келиб, устидаги жониворлар томдан қулаб тушарди. Инглиз тилидаги “ит-мушук ёғмоқда” (It's raining cats and dogs) ибораси шундан келиб чиққан.

Юқоридан уйнинг ичига тушадиган нарсаларни тўсиб қоладиган ҳеч нарса йўқ эди. Қўнғиз ва шунга ўхшаш ҳашаротларнинг ётоққа тушиши катта муаммо эди. Атрофида устунлари ва усти берк бўлган инглиз услубидаги ётоқларнинг келиб чиқиш сабаби шу.

Уйнинг поли тупроқдан эди. Фақатгина бадавлат кишиларнинг поллари тупроқдан бошқа нарсадан ишланганди. “Тупроқдек фақир” (dirt poor) таъбири шундан келиб чиққан. Бадавлат кишилар уй ичига тахта тўшаб қўйишарди. Улар қиш вақтида нам тортиб, жуда сирпанчиқ бўлиб қоларди. Бунинг олдини олиш учун унинг устига сомон (thresh) сочиб қўйишарди. Сомон сочиш қиш давомида қайталаниб, баъзан эшик очилганда сомон ташқарига тошиб чиқарди. Бунинг олдини олиш учун эшик остига тахта парчаси қўйиларди. бунинг номи “thresh hold” (сомон тутувчи) эди.

Овқат ҳар доим олов устига осиб қўйилган катта қозонда пишириларди. Ҳар куни олов ёқилиб, қозонга бир нарсалар ташланарди. Кўпинча сабзавотлар овқат қилинарди, гўшт жуда тансиқ эди.

Кечқурун ортиб қолган овқат қозонда қолдирилиб, эртасига яна иситиб ейишарди. Баъзан овқат қозонда жуда узоқ вақт қолиб кетарди. “Нўхат аталаси иссиқ, нўхат аталаси совуқ, қозондаги нўхат аталаси тўққиз кунлик” деган эртаклардаги кириш сўзи шундан келиб чиққан.

Баъзан тўнғиз гўштини қўлга киритишиб, бунга қаттиқ қувонишарди. Одамнинг уйига тўнғиз гўштини олиб келиши бадавлатлик белгиси эди. Бу гўштдан кичкина кесиб, меҳмонлари билан бўлишарди. Бунга “ёғ чайнаш” (chew the fat) номи берилганди.

Пули бўлганлар қалай-қўрғошин аралашмасидан ясалган товоқлар сотиб олишарди. Кислоталиги юқори бўлган таомлар қўрғошиннинг эриб, овқатга аралашиб кетишига сабаб бўларди. Шу тариқа овқатнинг заҳарланишига ва ўлимга олиб келарди. Помидорлар бунга тез-тез сабаб бўлгани учун тахминан 400 йил давомида помидорларни заҳарли деб ўйлашган. Кўпинча бу косалар эскириб, қотиб қолган нондан ясаларди. Нон шунчалик қотиб қолган ва эскириб кетган эдики, булардан узоқ вақт фойдаланиш мумкин эди.

Бу косалар ҳеч қачон ювилмагани учун ичини қурт ва моғор босиб кетарди. Қурт ва моғор босган косалардан овқат еган одамларнинг оғизларида “коса оғзи” (trench mouth) деб аталадиган касаллик пайдо бўларди. Нон обрўсига кўра бериларди. Хизматчиларга ноннинг куйган устки қисми, оила аъзоларига ичи, меҳмонларга ҳам устки қисми тегарди. Пиво ва виски ичиш учун қўрғошин қадаҳлар ишлатиларди. Бу аралашма инсонларни баъзан бир неча кун шуъурсиз ҳолда тутиши мумкин эди. Йўлдан ўтиб кетаётган одамлар уларни ўлган деб ўйлаб, дафн қилиш учун тайёргарлик кўришарди. Улар бир неча кунга ошхона столи устига ётқизиб қўйилиб, оила аъзолари унинг атрофига тўпланиб, еб-ичиб, уйғониш-уйғонмаслигини кутишарди. Бунга “уйғониш” навбати дейишарди.

Англия эски ва кичик ер эди. Одамлар ўликларини кўмишга жой топа олмасдан қола бошлаганди. Шунинг учун қабрлар қазилиб, ичидаги тобут чиқарилиб, суяклар “суяк уйи”га ташланарди. Сўнгра қабр янгидан фойдаланишга топшириларди. Тобутлар очилганида ҳар 25 тобутнинг бирида ички тарафида тирналган излар кўринарди. Шу тариқа инсонларнинг тириклайин кўмилганлиги маълум бўлди. Бу муаммони ҳал этиш учун жасадларнинг билагига ип боғлаб, бу ипни тобутдан чиариб, бир қўнғироққа боғлаб қўядиган бўлишди. Ҳар куни бир навбатчи тун бўйи қабристонда ўтириб, қўнғироқни пойларди. Бунга қабр навбати (graveyard shift) дейилди. Баъзи тириклайин кўмилганлар қўнғироқ орқали қутулиб қолар (saved by the bell), баъзилар эса “ўлик қўнғироқ чалувчи” (dead ringer) бўларди.

Ўрта асрларда Европадаги роҳибаларнинг юз ва қўлларидан бошқа жойларини ювишлари қатъиян тақиқланганди. Кастилия қироличаси Изабелла ҳам 50 йилдан ортиқ ҳаётида икки мартагина ҳаммомга тушганди.

Кир-ифлос бўлиб юриш одати Америкага ҳам юқиб, Пенсилвания ва Виржиния штатларида “ҳаммом қуришни тақиқловчи” ёки баъзи тўсқинлик қилувчи қонунлар чиқарилганди. Филадельфияда эса қонун билан бир ойда бир мартадан кўп ҳаммомга тушган одам ҳибсга олинарди. Ҳожатхона билан таниш бўлмаган Европада 17-асргача тувак ичидаги нажосат кўчага тўкиларди.

Франция қиролларидан Луис XIV кунининг маълум бир вақтини тувакда ўтириб ўтказар, давлат ишларини ҳам шу ердан юритарди. 1600 йилларда Истанбулга келган инглиз элчилари тувак ишлатиш ва буни деразадан тўкиш одатлари туфайли шаҳардан олис бўлган Тарабядаги бир қўналғага жойлаштирилганди. 19-асрга келиб ҳожатхонадан фойдаланишга сўз берганликлари учун Тақсимга кўчишларига рухсат берилган.


Бошқа мақолалар