Андалус масжидининг вайрон этилиши


  • 13 Июнь, 2017
  • 940

Христианлар 897 (м.1492) йили Андалус давлатини маҳв этиб, Қуртубага кирганида биринчи ишлари ушбу масжидга ҳужум қилиш бўлди. Бу жуда гўзал, ҳашаматли масжидга отлари билан киришди. Масжиддан паноҳ топган мусулмонларни шафқатсизларча қиличдан ўтказишди. Шунчалик кўп қон тўкилдики, масжиднинг эшикларидан қон оқиб чиқа бошлади. Ундан кейин олтин минбарни парчалаб, тақсимлаб олишди. Фил тишидан ясалган раҳлаларни бўлиб олишди. Минбарда сақланган ва Усмон (родиаллоҳу анҳ) ёзган Қуръони каримнинг жуфти бўлган инжу ва зумрадлар билан безатилган Мусҳафи шарифни оёқлари остида топтадилар. Шу тарзда минбар ва Қуръони карим, бу икки бебаҳо нафис асар йўқ қилинди. Ваҳший испанлар бутун мусулмон ва яҳудийларни ўлим билан таҳдид қилиб, мажбуран христиан динига ўтказишди. Қўлларидан қочган яҳудийлар Усмоний давлатидан паноҳ сўрашди. Бугун Туркияда яшайдиган яҳудийлар ана шуларнинг авлодлари. Ҳолбуки, мусулмонлар илк бор бу мамлакатларни забт этганларида у ерда яшаётган христиан ва яҳудийларга ҳеч тегмаган, уларни ўз динларига кўра ибодат қилишларига қатъиян моне бўлмагандилар.

Христиан испанлар мисли кўрилмаган ваҳшийлик билан мусулмон ва яҳудийларни йўқ қилгандан кейин бу шоҳасар масжидни бузишни бошлади. Аввал миноралардаги олтин ва зумрад билан безатилган анор шаклидаги айвонларни тушириб таладилар. Буларнинг ўрнига оддий тошдан ясалган гўё фаришта шаклидаги чиркин айвонлар қўйишди. Шифтдаги ҳашаматли, гўзал тахта безакларни юлиб олишди. Ердаги чиройли мармарларни синдириб парчаладилар. Ўрнига оддий тошлар теришди. Девордаги бутун чиройли нақшларни йўқ қилишди. Устунларни қулатишга уринишди. Лекин фақатгина бир қисмини қулата олишди. Қолган устунларни оддий оҳак билан бўяшди. Йиқилган устунлар сони юзтадан кўп эди ва масжид ичида кўчириб ташланган мармарлар катта-катта угум ҳолида кўп йиллар туриб қолганди. 20та улкан эшикдан кўпчилиги тош қалаб бекитилди. Ниҳоят ваҳшийликни учига чиқариб 929 (м.1523) йили масжид ичида черков қуришга қарор қилишди. Бу учун ўша даврда Испания ва Германия императори бўлган Карлос V дан [яъни Германия императори Карл Vдан (906-966 (м.1500-1558))] рухсат сўрадилар. Карл V аввал бу таклифни рад этди. Лекин мутаассиб кардиналлар уни тинмай сиқувга олиб, дин йўлида бундай муҳим ишни албатта бажариш кераклигини айтишарди. Бутун бу тарғиботларни бошқариб турган киши обрўли кардинал Алонсо Маурике эди. У худди шу ишни амалга ошириш учун Рим папасини ҳам алдаб, кўндирди. Папада ҳам масжидни черковга айлантириш иштиёқини кўрган Карл V бунга рухсат беришга мажбур бўлди. Черковга айлантириш учун масжид ичидаги устунлардан яна анчаси қулатилди. Сақланиб қолган устунлар сони 812та эди. Яъни камида 600 та қимматбаҳо мармар устун ер билан яксон қилинган эди. Масжид бағрига қурилган черков хоч (крест) кўринишида 52х12 метр кенгликда хунук бино сифатида қад кўтарди. Карл V шахсан Қуртубага келиб, янги черковнинг аҳволини кўрганда ҳафсаласи пир бўлган эди. Қаттиқ хафа бўлган Карл V: “Шу ваҳшийликларингни кўргач, бу иншоотга рухсат берганимга қаттиқ пушаймон бўлдим. Дунёда тенги йўқ шундай чиройли асарни бунчалик ҳароб қилишларингни билганимда асло изн бермасдим ва ҳаммангни жазолардим. Шу қуриб қўйган черковларинг ҳамма жойда тўлиб-тошиб ётган оддий бинодан иборат. Ҳолбуки, шу ҳашаматли масжиднинг ўхшашини қуришнинг имкони энди йўқ” деди. Бугун ҳам ушбу ҳашаматли бинони зиёрат қилганлар хароба бўлишига қарамай ислом меъморчилигининг гўзаллиги олдида ҳайрон қолмоқда. Ўртада пастак бўлиб кўринган черковнинг ҳолига эса, ачинмоқда ва мана шундай улуғ иморатнинг шу аҳволга туширилганига  афсусланмоқда.”


Бошқа мақолалар