“Қорачиқ” мактаби тарихи


  • 30 Май, 2015
  • 1691

1961 йили “Победа” колхозида деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланадиган оилаларнинг фарзандларига билим бериш учун Ф. Пармонқулов туман раҳбарлари билан келишиб, мактаб-интернат очди. Бу мактаб-интернатга устоз Пармонқулов Фаттоҳ ака директор этиб тайинланди. Тажрибали директор мактабга керакли ўқув-жиҳозлари тадорик қилиб, билимли муаллимларни жалб қилди. Мактаб-интернатда О.Абдуллаев, А.Иботов, А.Толипов, З.Мухитов, С.Иботов, С.Жаппарқулов, Т.Қурбонов, Э.Нишонов, У.Қўшонов, М.Ғанишев каби ўқитувчилар ўқувчиларга билим бериб, ўз вазифасини сидқидилдан бажарган. 1979 йили нафақа ёшига яқинлашган Ф.Пармонқулов мактабни ишончли қўлларга топшириш учун тайёрлаган шогирдларидан бири Абдуллаев Отабойга вазифасини топширди. Отабой Абдуллаев мактаб интернатда тарбиячиликдан бошлаб мактаб директоригача бўлган йўлни босиб ўтди. 

1983 йили мактаб интернат тугатилиб, “Ҳамза” номидаги саккиз йиллик мактабга айлантирилиб, янгидан очилди.

1984 йили мактабга “Қорачиқ” номи берилиб, унвони саккиз йиллик “Қорачиқ” мактаби бўлиб ўзгартирилди.

1986 йили мактабга шу мактабда биология ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган Убайдулло Қўшонов директор қилиб тайинланди. 

У.Қўшонов ўз директорлиги вақтида мактабнинг материал базасини кенгайтириб, ўқитувчиларга устозлик қилди. Ёшларнинг мактабни касб-ҳунарли бўлиб битиришлари учун қишлоқ мактабларида “Ўқув ишлаб чиқариш комбинати” (УПК) очишга рухсат берилди.

1988 йили Қорачиқ қишлоғидаги 1936 йили қурилган эски мактаб биноси ҳашар йўли билан қайта таъмирланиб, “Ўқув ишлаб чиқариш комбинати” очилди. Унга кўп йиллардан бери меҳнат дарсидан таълим бераётган Мамир Юсупов директор этиб тайинланди.

Ушбу комбинатда қизларга ошпазлик, гилам, кигиз тўқиш, тикувчилик бўйича таълим берилди. Ўғил болаларга трактор ва енгил автомобиль ҳайдовчиси, дурадгорлик, пайвандчилик каби ҳунарлар ўргатилди.

1991 йилда мамлакат қонунлари ўзгариб, саккиз йиллик “Қорачиқ” мактаби “Қорачиқ” ўрта мактабига айланди. Шу вақтдан бошлаб ўқувчилар ва ўқитувчилар сони орта бошлади. Мактабда узоқ йиллар фаолият кўрсатган ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Аҳмад Эрметов 2002 йили директор қилиб тайинланди. А.Эрметовнинг ўқитувчилар малакасини оширишга, билим беришнинг сифатини кўтаришга, мактабнинг материал-техникавий базасини кенгайтиришга кўп хизмати сингди.

“Қорачиқ” мактаби 2009 йилдан бошлаб, ЯМТ (ягона миллий тест) натижаси бўйича туман мактаблари ичида дастлабки учталикдан ўрин олиб келмоқда. Бир неча ўқувчилар “Алтын” медали, аъло аттестат билан мактабни якунлашди.

2012 йили декабрь ойида “Қорачиқ” мактабида 300 ўринлик янги ўқув биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Ҳозирги кунда мактабда жами 705 нафар ўқувчи таҳсил олади. Тайёрлов синфларида 175 нафар тарбияланувчи бор. Бу ўқувчиларга 82 нафар юқори малакали ўқитувчи билим беради, уларга 22 нафар техник ходим кўмаклашади. 

Умаров Музаффар


Бошқа мақолалар