- 2017-08-08
Қозоғистонда дарахтлар ёрдамида фазодан ҳам кўринадиган «Казахстан-2050» битиги ёзилди.
Шарқий Қозоғистон вилоятининг Қарағайли қишлоғи яқинида катта ҳарфлар кўринишида дарахт кўчатлари ўтқазиб чиқилди. Мазкур кўчатлар «Семей ўрмони» компаниясининг Букебаев филиали ходимлари томонидан экиб чиқилган.
Дарахтлар ёрдамида шакллантирилган ҳарфларнинг ҳар бирини узунлиги 70, кенглиги эса 50 метрга тенг. Кўчатлар ёрдамида «ёзилган» «Казахстан-2050» ёзуви 1200 метр масофага чўзилган.
Ёзувни ҳозирнинг ўзида қуш парвози баландлигидан томоша қилиш мумкин. «Семей ўрмони» вакилларининг сўзларига кўра, қарағайлар бўй чўзиб, ҳақиқий дарахтга айланганидан сўнг ёзувни фазодан туриб ҳам кўрса бўлади.