- 2013-01-02
Тошкентда “Yangi asr avlodi” нашриётида ўзбекистонлик ёзувчи-публицист Шуҳрат Саломовнинг рус тилида “XIX-XX асрларда Туркистон ва Жанубий Кавказ. Дашноқлар: Фарғонадан Қорабоғгача” номли китоби босилиб чиқди.
Хабарларга кўра, китоб Озарбайжон президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар маркази ва Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси дастаги билан чоп этилган.
Китобда арман терроризмининг дунё терроризмидаги ўрни, XIX-XX асрларда туркий ва мусулмон халқларига нисбатан сиёсий, этник ва диний қарашларни ўз ичига олган оммавий жиноятлар ҳақида сўз юритилган.
Муаллифнинг таъкидлашича, архив маълумотларига кўра Ўрта Осиёга маҳаллий аҳолининг мустақиллик учун курашларини бостириш учун юборилган большевик ва дашноқ жазо отрядлари тарафидан амалга оширилган геноцидда фақат Фарғона водийсининг ўзида ўн мингдан ортиқ ўзбеклар ваҳшийларча ўлдирилган.
Бундан ташқари, ушбу инсониятга қарши жиноятда қишлоқлар, шаҳарлар, масжидлар ва тарихий ёдгорликлар вайрон қилинган.
Муаллиф Фарғонада юз берган ахиска туркларининг оммавий қирғини ва этник тозалаш жинояти терговида арман ташкилотларининг фитна чиқаришда қўллари борлиги аниқланганлигини айтмоқда.
Китобда бундан ташқари арманларнинг Туркия ва Озарбайжондаги қуролсиз, тинч аҳолига қарши жиноятлари ҳақида ҳам ёритилган.
Ушбу китобнинг бошқа тиллардаги таржималарини ҳам чоп этиш режалаштирилган.