- 2017-06-12
Эртага, яъни 17 июль жума куни Рамазон ҳайити байрамидир. Ҳайит куни эрта уйғониш, ғусл олиш, мисвокланиш, хушбўй ҳидлар билан суриниш, янги ва тоза кийим кийиш, қувончини маълум қилиш, узук тақиш, учрашган мўминларга мутабассим чеҳра билан салом бериш, фақирларга кўп садақа бериш, исломиятга тўғри хизмат қилаётганларга ёрдам бериш, аразлашиб қолганларни яраштириш, қариндошларни, дин биродарларини бориб кўриш, уларга ҳадялар бериш суннат. Байрам кечаларини иҳё этган (ибодат билан ўтказган) мўминлар буюк саодатга эришишади. Бир ҳадиси шарифда: “Байрам кечаларини ибодат билан ўтказган кишининг қалби қалблар ўлган вақтда ўлмайди” деб марҳамат қилинди. (Табароний)
Рамазон байрамида байрам намозидан аввал ширинлик, хурмо ейиш, хурмони 1, 3, 5 каби тоқ сонда ейиш суннатдир. Ҳадиси шарифда: “Аллоҳу таоло ёлғиздир, тоқдир ва тоққа риоят қилганларни севади” -деб марҳамат қилинди. (Бухорий)
Байрам кунлари қувониш, хурсанд бўлиш керак. Аразлашиб қолганлар байрам келишини кутиб ўтирмай, дарров ярашиб, тотувлашиб олишлари керак. Рамазон тугаганлиги учун эмас, гуноҳларимиз кечирилганлиги учун, катта савоб ва неъматга қовушганимиз учун байрам қиламиз. Ҳадиси шарифда“Байрам тонгида мусулмонлар намоз учун масжидларга тўпланганда Аллоҳу таоло фаришталарга “Вазифасини бажо келтирган одамга нима берилади?” деб сўрайди. Фаришталар “Иш ҳақи берилади” деб жавоб берадилар. Аллоҳу таоло “Сизлар гувоҳ бўлингки, Рамазондаги рўзаларининг ва намозларининг эвазига қулларимга ўз розилигимни ва мағфиратимни бердим. Эй қулларим, бугун мендан истакларингни сўранглар, иззат ва жалолим ҳаққи истаганларингизни бераман” деб буюради” деб марҳамат қилинди. (Байҳақий)
Расули акрам сарваримиз: “Аллоҳу таоло Рамазон ойининг сўнгги куни рўза тутганларни авф этади” деганларида Асҳоби киром “Ё Расулаллоҳ, у кун Қадр кечасими?” деб савол бердилар. Расулуллоҳ уларга “Билмайсизларми, бирон ишни ишлаб тугаган одамга иш ҳақи берилади” деб марҳамат қилдилар. (Байҳақий)
Рамазондаги савобларнинг миқдорини яққол кўриб билганимизда эди “Қани энди ҳар кун рамазон бўлса” деб орзу қилган бўлардик. Ҳадиси шарифда: “Рамазон ойига хос савоблар маълум бўлганда эди, бутун йилнинг Рамазон бўлишини истардилар” деб марҳамат қилинди. (Абу Наср)
ahlisunnat.comдан олинди.