- 2020-04-13
Буюк Британияда террорчилик ҳужумини тайёрлаганликда гумонланган шахслар қўлга олинди. Улардан тўрт нафари Эрон фуқароси, яна бир шахснинг фуқаролиги аниқланмоқда.
Маълумотларга кўра, қўлга олиш ишлари Лондон, Суиндон ва Манчестер шаҳарларида, шунингдек, Грейт Манчестер графлигидаги икки шаҳар — Стокпорт ва Рочдейлда амалга оширилган. Қўлга олинган шахсларнинг ёши 29 ёшдан 46 ёшгача.
Уларнинг тўрт нафари Эрон фуқароси экани аниқланган, яна бирининг фуқаролиги ҳозирча номаълум. Барча эркаклар ҳозирда полиция ҳибсхонасида сақланмоқда.
Лондон полициясининг терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Доминик Мёрфи тергов ишлари дастлабки босқичда эканини, аммо жадал суръатда олиб борилаётганини маълум қилди.
"Биз эҳтимолий сабабларни аниқлаяпмиз ва бу иш жамият учун ҳали ҳам хавф туғдирадими-йўқми, шуни баҳолаяпмиз", деди у. Шунингдек, мамлакат фуқароларини ҳушёр бўлишга ва агар қандайдир шубҳали ҳолатга дуч келсалар, бу ҳақда полицияга хабар беришга чақирди.
8 март куни АҚШ Адлия вазирлиги “Ироқ ва Шом Исломий Давлати” (ИШИД-Хуросон) террорчилик ташкилоти аъзоси Моҳаммад Шарифулла, бошқа ном билан “Жаъфар” деб танилган шахс, қўлга олингани ва унга айблов қўйилгани ҳақида ҳисобот эълон қилди. АҚШ Адлия вазирлигининг маълум қилишича, айбланувчи Москвадаги “Крокус Сити Холл” концерт залидаги террорчилик ҳужумига алоқадорлиги ҳақида ҳам кўрсатма берган.