- 2015-03-19
Алмати шаҳри ҳокими ўзгарди. Бу ҳақда Оқ Ўрда матбуот хизмати хабар берди.
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Бауржон Бойбекни шаҳар ҳокими этиб тайинлади.
Илгари ушбу лавозимни Аҳматжон Есимов эгаллаб турган эди. Аҳматжон Есимов “Астана ЭКСПО 2017” акционерлик жамиятининг раиси этиб тайинланди.
Бауржон Бойбек 1974 йили Алматида туғилган. “Болашақ” дастури стипендияси асосида Германияда ўқиган. Учта олий маълумотга эга: педагогика, мусиқа ва ташқи иқтисодиёт бўйича.
1999-2002 йилларда дипломатик соҳада фаолият юритган. 2002-2006 йилларда президент маъмуриятида турли лавозимларни эгаллаб турган. 2006-2009 йилларда Қозоғистон президенти протоколи раҳбари. 2013 йилнинг январида “Нур Отан” партияси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бир қатор давлат мукофотларига сазовор бўлган, шунингдек, бир қанча китоблар муаллифи.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими Асқар Мирзахметов ҳокимлик вазифасидан озод қилиниб, “Нур Отан” партияси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланганди. Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими этиб, Бейбут Атамқулов тайинланди.