- 2024-02-08
Жорий йилнинг 10 мартидан Қозоғистон ва Ўзбекистон пойтахтлари орасида янги мунтазам рейсли Тошкент-Астана-Тошкент йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилади. Маршрут давомийлиги 1646 кмни ташкил этиб, бу масофани 27 соат 30 дақиқада босиб ўтади.
Дастлаб ушбу йўналишда битта автобус қатнайди. Кейинчалик кунига 4 та рейс йўлга қўйилади. Астанадан автобуслар соат 15:00, 16:00, 17:00 ва 18:00да, Тошкентдан эса соат 12:00, 14:00, 16:00 ва 18:00 йўлга чиқади.
Автобуслар Қарғандадан ўтиб, у ердан йўловчиларни олади. Йўл ҳақи Тошкентдан бир томонга 320 минг сўм(37,17 доллар), Қарағандагача 260 минг сўм (30,97 доллар)ни ташкил этади. Ўзбекистон томондан маршрутни “Uzautotrans Service” МЧЖ, Қозоғистон томондан эса “KazAvtoTrans” компанияси ташкиллайди. Қозоғистондан ушбу йўналиш бўйича “VANHOOL” русумли автобуслар, Ўзбекистондан “YUTONG” русумли автобуслар қатнайди.
Ҳозирги вақтда икки ўлка орасида Тошкент-Шимкент, Тошкент-Алмати, Тошкент-Қизилўрда, Тошкент-Туркистон, Нукус-Ушкунур, Чирчиқ-Ушкунур йўналишларида халқаро қатновлар йўлга қўйилган. Янги рейс еттинчи автобус маршрути бўлади.