- 2024-04-12
Венгрия бош вазири Виктор Орбан Германия ва Австрияни эмигрантлар оқимига ўз чегараларини бекитишга чақирди. Орбан венгер полициясига “Эмигрантларни калтакланг!” амрини бергач, катта шов-шув кўтарилди.
Туркия давлатининг ўзи 2,5 миллион суриялик қочоқни ўз паноҳига олганида Европа иттифоқи ўлкалари “ўлимдан қочаётганларга” нисбатан айни муносабатда бўлишмади. Ёш гўдак Айланнинг фожеали ўлимидан кейин Европа давлатлари бир онда “эмигрантларга дўст” каби кўринса ҳам кеча яна исканжалар бошланди. “Иван Грозний”га ўхшашга уринган Венгрия бош вазири Виктор Орбан қочоқ эмигрантлар оқими билан курашиш учун Европа иттифоқи бирлашиб, Туркия каби давлатлар билан моддий ёрдам эвазига келишув тузишни таклиф қилди. Бунинг ортидан Германия ва Австрияни эмигрантлар учун ўз чегараларини бекитишга чақирди. Венгрияда эса чегараларни бекитган полицияга ҳам, “куч ишлатинг!” амрини берган Орбанга ҳам норозилик кучайди. Юзлаб сурияликларнинг полиция калтагидан жароҳат олгани маълум бўлди. Полицияга қарши норозилигини билдирган суриялик эмигрантлар эса ҳибсга олинди.
Иккинчи жаҳон урушидан бери энг катта қочоқлар оқими инқирозида Венгрия ғайриинсоний муносабатлари чегараларини юқори қувватли электр ўтказилган сим тортиш билан намоён қилди. Венгриянинг Сербия билан чегарасига 175 кмлик ва 4 метр баландликдаги тиканли сим тўсиққа электр ўтказилиши маълум бўлди. Бу ҳолат Европа инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг асл башарасини кўрсатиб берди. Германия эса эмигрантларни қучоқ очиб қарши олаётган тасвирларни бутун дунёга тарқатиб, Орбанга яширинча ёрдам бераётганлиги иддао этилмоқда. Германия бош вазири Меркель ҳам қўллаб-қувватлаш учун Орбанга қўнғироқ қилди.
Эмигрантларга ёлланма қотил сифатида муносабатда бўлган венгер полициясининг 3 сентябрдаги ишлари ҳали ёдимизда. Венгрия ҳукуматининг белгилаб берган қочоқлар лагерига боришни истамаган бир эмигрантлар оиласи полициянинг шиддати қаршисида ёш болалари билан ўзини поезд йўлига отди. Кейинчалик оилага шиддат кўрсатган полициячиларга жазо ўрнига медал берилди. Бу ҳолат қаршисида ҳам Европа иттифоқи аъзоси бўлган давлатлар сукут сақлашни афзал кўришди. Германия ва Австрия раҳбарияти рельсга отилган оила ҳақдаги саволларга жавоб бермади.