- 2019-09-09
Бир замонлар барча мусулмон ўлкалар мустақил ва фаровон яшарди. Лекин диёнатда, илм-фан ва адолатда сусткашлик қилган сайин ҳокимиятлари инқирозга қараб йўл олди. Ғарб ва унинг пешвоси бўлган Британия Империяси фурсатдан фойдаланиб, майда ғайримуслим элатларни қуроллантириб ислом ўлкаларига хиёнат ва ҳужумга ташвиқ қилди.
Туркистонда маҳаллий яҳудий, арман, ғайридин ва ғайрисунний элатлар; Олтин ўрдада чувашлар ва чўқинган татарлар; Усмонийларда болқон ғайридинлари ва маҳаллий арманлар; Бобурийларда ҳиндулар ва ҳакозо элатлар асрлар мобайнида уларга ғамхўрлик қилган давлатларга исён қилишни бошлади.
Шундай кунларда инглиз етовидаги болгарлар ҳам қуролланиб, мусулмонларнинг пойтахти Истанбулнинг чекка ноҳияларига келиб қолган эди. Бутун халқ ватан ҳимояси учун сафарбар бўлган, ҳандақ қазиш учун зудлик билан курак ва кетмон тўплашга киришилганди.
Истанбул ташидаги Чаталжа водийсида ҳандақлар қазилиб, душман қандай бўлмасин, шу ерда тўхтатилиб, ҳимоя чизиғи ташкил қилиниши лозим эди.
Аҳвол жуда оғир, бутун Истанбул аҳолиси мудофаага отланганди. Тўпланган кетмон ва кураклар от арваларда тезда Сиркачи вокзалига етказилиб, вагонларга юкланди. Лекин вокзалда бир гала ватанфурушлар пайдо бўлди. Улар Оврупода "ўқиб" келган лўттибозлардан ташкил топган "Иттиҳод ва тараққий фирқаси" деб номланувчи ерости ташкилоти аъзолари эди.
Кетмон-кураклар юкланган вагонлар боши берк изларга тортиб қўйилди. Бу хиёнатлари билан керакли иш қуролларининг жанг майдонига юборилишига тўсиқ бўлинди. Мақсадлари: Чаталжа водийсида душман тўхтаб қолмай пойтахтни истило қилсин, ҳарбий ва маҳаллий идоралардаги иттиҳодчи бўлмаган миллий кадрлар мана шу тариқа тозалансин. Давлат тепасига иттиҳодчилардан таркиб топган гуруҳ келиб ўтирсин.
Ҳозирги Туркиядаги алғов-далғовларга қарасак, бу ҳолат жуда таниш шундоқ эмасми? Масалан Сурия аҳолисига кийим. озиқ ва дори-дармон ёрдам олиб кетаётган Туркия миллий разведка ташкилоти (MİT) юк машиналарини тўхтатиб, уларни ноқонуний ҳибсга олган, Туркияни террор гуруҳларига қурол етказишда айблаб, бошқа давлатларга шикоят қилган Гуленчилар кимлар ва кимга хизмат қилмоқда? Албатта улар Туркиянинг ичидан чиққан ёвлари! Дунёга инглиз тилини тарғиб қилишни ўзларига бурч деб билган хоинлар гуруҳи!
Бундай инглиз шайдоларига яна бир мисол...
Инглизлар анча асрлардан буён Ҳиндистонга кўз олайтирганди. 1600 йили Калькуттада иш жойи очиш ва тижорат қилиш учун султон Акбар шоҳдан изн олдилар. Акбар шоҳ исломиятни ўзига мосламоқчи бўлган бузуқ ақидали шахс эди. Бутун динларни бирдек кўрар, ҳатто турли динга мансуб олимларни бир жойга тўплаб, ўзича ДИНЛАРОРАСИ ДИАЛОГ шиори билан барчасини аралаштириб янги бир дин қуришга киришди. Қурган шу янги динини "Илоҳий дин" деб аташдан ҳам тортинмади. Уни 1582 йили расман эълон қилди ҳам! Бундан ташқари, тезда саройига, яқин атрофига ва идораларга ўзи қурган динига мансуб нокасларни жойлаштирганди.
Давлат лавозимларига "ўз одамларини" тиқиштириш ғовлаб кетди. Оқибатда ҳукумат ичида иккинчи махфий ҳукумат қурилди. Айни ўша йилларда инглизлар Калькуттадан катта-катта ер майдонларини сотиб олишди. Уларни қўриқлаш баҳонаси билан инглиз аскарларини олиб келиб жойлаштиришди. Ўша беминнат хизмати учун инглизлар шунча Бобурий султони ичида айнан АКБАР ШОҲ исмини ҳар маҳсулга қўйиб, абадийлаштиришга уринишмоқда.
1714 йили эса, инглизлар замоннинг Бобурий султонига лаганбардорлик қилиб, хасталигини даволаб, нафақат Калькуттада, балки бутун Ҳиндистондан катта ер майдонларини олиш имтиёзига эга бўлишди.
Ушбу имтиёздан кўп ўтмай дарров пуллардан Бобурий ҳукмдорларининг исмларини олиб ташладилар. Кўриб турганингиздек инглизнинг ҳамма замонларда биринчи иши ПУЛ бўлган! Чунки инглизларнинг абадий мақсадлари ПУЛ эди. Евроиттифоқ ичида умумий евро пул бирлигига ўтмай, қайсарлик билан ўз пулларида қолган ягона кибрли халқ ҳам айнан инглизлар бўлади.
1837 йили Баҳодир шоҳ ҳукмдор бўлди. Инглизларнинг зулми ва мустамлакасига қарши халқнинг дастаги билан 1857 йили катта озодлик ҳаракатини бошлади. Лекин инглизларнинг жавоби шиддатли бўлди. Деҳли батамом ишғол қилинди. Уйлар, ишхоналар босилиб, талон-тарож қилинди.
Ёш-қари, аёл-эркак ҳаммаси қиличдан ўтказилди. Халқни қаҳатчилик ва очликка маҳкум этишди. Ҳатто шаҳарда ичишга сув ҳам топилмайдиган бўлди.
Иккинчи Баҳодир шоҳнинг қўмондонларидан Мирзо Илоҳий Баҳшни инглизлар ўзларига оғдириб олишганди. Бу хоин инглиз хўжайинларининг таълимоти билан Баҳодир шоҳни таслим бўлишга ва инглизлардан кечирим олиб беришга ишонтирди. Баҳодир шоҳ ҳимояланиш учун чекинган армиясидан ажралиб, Деҳлидан 10 км узоқликдаги бир мақбарага жойлашди. Инглиз армиясида ахлоқсизлиги ва золимлиги билан танилган, лекин разведка зобити бўлган Гудсон исмли поп бор эди. Ражаб Али исмли бир хоин ҳамда 90 нафар маҳаллий ҳамтовоғи билан Баҳодир шоҳнинг олдига борди. Султонга оиласининг дахлсизлиги кафолатини бериб алдади. Султонни ва оиласини келишув учун Деҳлига боришга кўндирди. Деҳли йўлида султон ва икки ўғлини, невараларини занжирлади. Ҳали йўлдаёқ ёш шаҳзодаларни қип-ялонғоч қилиб ечинтириб, шахсан ўзи кўкракларидан отиб, шаҳид этди. Қонларини ичди. Ёш шаҳзодаларнинг жасадларини халқни қўрқитиш учун шаҳар дарвозасига осдирди. Бошларини кесиб, инглиз бош губернатори Генри Бернардга юборди. Бир неча кундан кейин шаҳидларнинг гўштидан шўрва қилдириб, зиндондаги оч сақланаётган султон ва аёлига киритди. Очлигидан ҳамон шўрвадан бир ютум ичган султон ва аёли нималигини билмаганлари ҳолда бошқа ича олмадилар ва ичганларини қайт қилиб ташлашди. Косаларини ерга отишди. Хоин поп “Нимага емадинглар? Жуда яхши шўрва бўлган. чунки ўғилларингни гўштидан тайёрлатдим” деди. Алдаб қўлга туширилган Иккинчи Баҳодир шоҳ Рангонга сургунга юбориб, зиндонга ташланди. У шу ерда вафот этди. Бугун тобора мустақил бўлиб бораётган Туркия ҳам ҳар қадамда мана шу қон-пул сўрувчиларнинг неваралари ва уларнинг найрангларига дуч келмоқда. Тинч ўтирган Қозоғистон раҳбарига Тони Блеер маслаҳатчи бўлиб ёлланган йилларида аввало миллий пул тенге қадрини йўқотди, ортидан давлат ўз аҳолисига тузоқ қуриб, зулм қилишни бошлади. Инглизни ва унинг феъл-атворини танимаган давлатларнинг келажаги умуман йўқ!