«...изм»лардан «ҳирсизм»га...


  • 18 Февраль, 2012
  • 2702

Ёхуд адабиётдаги ахлоқсизликлар

Истиқлол барча соҳалар қатори адабиётга, ёзувчиларга энг асосий неъматни - эркинликни берди. Эркинлик истеъдодни ўртамиёначиликдан, хиралашиб, ўтмаслашиб қолишдан сақлайди. Албатта, истеъдод эгаси адабиётдаги эркинликни тўғри маънода тушунса, шундай. Аммо, ёзувчилик даъво қилаётган одам эркинликни этакни бошга ёпиб, шармандаликни «тараннум этиш» деб тушунса, эркинлик замони экан деб, ахлоқли одам ўз жуфти ҳалолининг қулоғига ҳам айтишга ийманадиган нарсалар ҳақида қоғоз қоралаб, минглаб нусха китоб ҳолида чоп эттирса, адабиётни Худо урди деяверинг!

«Оқ қоғознинг тили, забони йўқ - нимани ёзсангиз чидайберади, аммо истеъдоднинг истеъдодлиги шундаки, у нимани ёзишни билишдан ташқари, нимани ёзмаслик кераклигини ҳам яхши билиши керак» - бу ҳаққоний фикрлар атоқли адабиётшунос олим ва адиб Озод Шарафиддиновга тегишли. Афсуски, ёзувчилик даъво қилиб, ҳар ойда биттадан семизгина «асар» ёзиб битираётганлар айнан нимани ёзмаслик кераклигини англамай ёки англашни истамай «ижод» қилаётганликлари туфайли ҳам, ҳар китоб чиқарганларида адабиёт булоғини булғаётганларини такрор исбот этмоқдалар. Тўғри, ҳар жиҳатдан силлиқ, қўғирчоқдек ялтираб турадиган, идеал ёзувчи бўлмайди. Адабиётни муқаддас биладиган мутафаккир ёзувчи бўлади. Бу муқаддасликни ҳис қилолмайдиганлар эса сувга бавл қиладиган ҳайвон каби ўзларининг ишлари булғанч эканини ҳам англамайдилар.

Асл адабиёт ҳеч қандай «...изм»лар қолипига, ҳеч бир андозаларга  сиғмаслигини, ҳеч қайси «...изм»лар қаричига мослашмаслигини яқин ўтган тарих исботлаб берди. Лекин ҳозир адабиётимизда яна бир «...изм», тўғрироғи, «ҳирсизм» деган услуб пайдо бўлгандай...

Китоб дўконларига бир назар ташланг. Ялтироқ, қалин жилдли китоблар сифат борасида дунёнинг исталган давлатидаги сифатли китоблар билан беллаша олади. Лекин бу зоҳиран шундай. (Бу гаплар атоқли ёзувчиларимизнинг асл асарларига тааллуқли эмас). Енгил-елпи мазмундаги аксарият китобларнинг жилди кишига бир нималарни ваъда қилаётгандай, ишвали боқиб турган, деярли ярим яланғоч аёлларнинг суратлари билан «безалган». Безакчи рассомлар ҳам муқова учун бош оғритиб ўтиришни исташмаган чоғи, суратлар интернет саҳифаларидан шундоққина кўчириб олиниб, «коллаж» қилинган. Деярли ҳаммасида аёл, пул (албатта, доллар), автомашина суратлари акс этган, «асар»даги мазмунга қараб гоҳо янчилган гул, кишан ёки илон сурати ҳам «коллаж»нинг таркибий қисмига киритилган. Ниҳоятда сийқа услуб! Лекин гап бунда ҳам эмас.

Боя бежизга «ҳирсизм» деган услуб пайдо бўлганга ўхшайди, демадик. Бир ойда иккитадан китоб чиқараётган айрим «адиб»ларнинг бир неча «асар»ларини ўқиб кўргач туғилди бу шубҳа. Тўғри, мен бунақа китобларнинг ҳаммасини ўқиб битирганим йўқ, ўзимга бундай зулмни раво кўролмайман. Лекин шундай ўйдаманки, айрим «ёзувчи»ларимизнинг ижодхонаси ётоқхонасида жойлашганга ўхшайди.

Бир «ёзувчи» кеча-кундуз ухламай, ҳаловатидан кечиб «асар»лар битаётгани учун ҳам ижоди шунақа «сермаҳсул» бўлаётганини айтган эди. Бу гап тўғрилигини унинг «ишқ қиссалари» исботлаб турибди: баайни уйқусираб, «ором»дан, «ҳаловат»дан кечиб ёзилган ва кечиб қўйилган «ҳаловат»ларнинг аламини қоғоздан олинган. «Муҳаббат» тасвирлари урғочисининг ҳидига тўймаган қўчқорнинг қилиқларидек бетизгин, очиқ-ошкор, жазавали... Эҳтимол, бундайлар оромларидан кечмай, уйқуга ва бошқа нарсаларга мириқиб тўйиб олганларида, ғовлаган, таъмирталаб калла билан ёзилган «асар»лар сони камайиб, бундан адабиётимизга наф етган бўлармиди, дейман-да.

Журналист бирор соҳани қайсидир масала юзасидан танқид қилишга киришар экан, танқиддан олдин масаланинг кўп томонини ўйлайди, танқид қилинаётган кишини тушунишга ҳаракат ҳам қилади. Лекин гап ўз ватандошларига, миллатдошларига ўзининг пала-партиш ёзилган, бемаъни қораламаларини «роман», «қисса» деган жарангдор номлар билан тақдим этиб, ўқигувчини бетаҳорат қилиб қўядиган «асар»лари учун халқдан мақтов, эътибор кутадиган, керак бўлса мукофот талаб этадиган адабиёт чайқовчилари ҳақида кетадиган бўлса...

«Декамерон»... чўт бўлмай қоляпти

«Шахсан мен шоир ва адибларни жамиятнинг олдинги сафларида юрадиган, ҳаётни кузатиб, одамларнинг юрагида, дунёқарашида бўлаётган ўзгаришларни ҳаммадан аввал сезиб, уларни таъсирчан образлар, ёрқин бадиий бўёқлар орқали маҳорат билан ёритиб бера оладиган, эл-юрт учун куйиниб яшайдиган фидойи инсонлар, деб биламан», дейди Юртбошимиз ишонч билан «Адабиётга эътибор - маънавиятга, келажакка эътибор» номли рисоласида (8-бет). Бу ишончни оқлаётган ижодкорларимиз кўп. Лекин...

Бир қанча китоб дўконларини айланиб, одамларимизнинг қандай китобларни сотиб олиб ўқиётганларини кузатдик. Шукрки, китоб дўконларимиз гавжум. Чиройли пештахталарга таниқли адибларимиздан тортиб ҳаваскор ёзувчиларнинг асарларигача қатор терилган. Лекин, асл адибларнинг китоблари эмас, юқорида таърифланган муқовали китоблар деярли ҳамма китоб дўконларида кўзга яққол ташланадиган жойларга қўйилган: «Ишқ ороми», «Жинсий тарбия сирлари», «Дубайдаги минг бир кеча», «Макрми ё муҳаббат?», «Қасос ва муҳаббат», «Қатортол томонларда» «Дунёдаги энг гўзал аёл», «Арвоҳ жазман», «Қўш узук», «Қора қаср асираси - 1», «Қора қаср асираси - 2», «Гўр қизи», «Ёвузлик фариштаси», «Ажал пирамидаси», «Қотилликнинг қора тарихи», «Марҳум кеч соат саккизда келади»... Баъзи китобларнинг жилдидаги суратларни кўрганда уялиб кетади киши, баъзи китобларнинг номини ўқигандаёқ эт сесканиб кетади. Одамларимиз қандай китобларни кўпроқ сотиб олаётганлари билан қизиқдик.

- Асосан детектив жанридаги ва... - қизаринқираб, тутилиб қолади сотувчи. - Анавинақа... масалан, Ҳабиб Темировнинг китоблари кўпроқ кетади...

«Макрми ё муҳаббат?», «Қасос ва муҳаббат», «Дунёдаги энг гўзал аёл», «Қўш узук», «Қора қаср асираси - 1», «Қора қаср асираси - 2» - Ҳабиб Темировнинг «Севги қиссалари» рукнида чоп этилган, «кўп кетадиган» китоблари шулар экан. «Дунёдаги энг гўзал аёл» номли китобнинг жилдида ярим яланғоч аёлнинг сурати, кириш қисмида бу асарда рассом йигитнинг «муҳаббатлари» тарихи ёритилгани айтилган. Шу ўринда бир фикр: муҳаббат, меҳр - бу дунёда ёвузликдан ғолиб келадиган, унга қарши тура оладиган ягона қудратли куч. Меҳру муҳаббат ёмонликларнинг буткул ғоратини бериб, гумдон қилолмаса ҳам, ҳарқалай муқаррар тарзда улардан устун келади, дунёни асрайди. Афсуски, кейинги вақтларда ҳатто адабиётимизда ҳам «муҳаббат» сўзи тор маънода, жисмоний севги маъносини англатадиган сўз тарзида қўлланилаётган ҳоллар учраяпти.

Ҳабиб Темировнинг бир неча китобларини ўқиб кўрдим. Унинг «Қора қаср асираси - 2» китобини ўқигач, хаёлимга келган биринчи фикр шу бўлди: бу «асар» «Декамерон»ни ҳам чангида қолдириб кетибди! «Асар»да қаҳрамонларнинг ишрат саҳналари шундай берилиб, миридан-сиригача тасвирланганки, ўқиган одам «парнофильм» кўргандай бўлади. Иймонлироқ одам ўқиса, кўнгли кирланади, бунақа нарсаларга кўнгли суст кетадиган одам ўқигандан кейин чўмилиб покланмаса, бўлмайди. Эҳтимол, муаллиф бу «асар»и орқали қандайдир иллатларни қораламоқчи бўлгандир, лекин ҳирсий саҳналарга «ишлов» беришга шундай киришиб кетганки, ёмонликларни фош этмоқчи бўлган хайрли ният тилини тишлаб қолаверган... 

Асарнинг айрим қисмларида ўқигувчининг ростмана кўнгли айнийди: «Хоним тушмагур тун бўйи ухлатмагани етмагандек, эрталаб туриб: «Ичингизда ит ўлганми, нима бало, хонани бунақа саситиб юборибсиз», дея иддао ҳам қилади» (28-бет). Хўш, хонимчанинг айни шу инжиқлиги бу тахлит хунук тасвир этилмаса, асарнинг мазмун-моҳияти ўзгариб кетар эдими?!

Ҳабиб Темиров қаламига мансуб, кириш сўзида «одамлар орасидаги меҳр-муҳаббатдан, яхшилик ва оқибатдан ҳикоя қилади», дейилган «Қўш узук» қиссасида ҳам қаҳрамонларнинг ўта шахсий, энг нозик дақиқалардаги эҳтиросли шивирлашлари, нозланишлари тасвири берилиб баён этилган. Боз устига, эпизодик образ бўлган гараж механиги Абдусамат ака асар қаҳрамони - ўзидан ўн икки ёш кичик қизни иккинчи хотинликка олган Шамойилга қарата шундай дейди: «Ёшинг улғайиб, ҳаёт лаззатларининг маънисини тушуниб, тажрибанг ошган чоғда қиз олиб, яшаш оҳ-оҳ, жоннинг ҳузури-ку!..». Бу «асар»даги ҳаётийликдан йироқ, зўрма-зўраки саҳналар, мужмал жумлалар ҳақида-ку, гапирмай қўя қолайлик.

Келинг, шу ўринда филология фанлари доктори Йўлдош Солижоновнинг «Шарқ юлдузи» журналининг 2011 йилдаги 4-сонида чоп этилган «21-аср  насри масалалари» мақоласидаги фикрларга эътибор қаратамиз:

«...Бадиий асарда воқеанавислик энг жиддий қусурлардан бири саналади. Ёзувчи воқеаларни бирин-кетин қалаштириб ташлаш ва ҳиссиз баён қилишдан эҳтиёт бўлиши лозим. Чунки қаҳрамон кўп воқеалар юки остида қолиб, муаллифнинг асосий ғоявий ниятини ечимга қадар кўтариб кетолмай қолади. С.Вафо, Ж.Халил, Ҳ.Темиров, Н.Исмоилов, Н.Ҳошимов, М.Исмоилов каби ёзувчиларнинг асарларида ана шу қусур кўпроқ кўзга ташланади. Бунинг устига улар яратган персонажлар кўпинча муаллифнинг карнайи бўлиб хизмат қиладилар. Асар муаллифи нимани хоҳласа, шуни айтадилар, қандай ишни буюрса, ўшани бажарадилар ва охир-оқибатда ўзига хосликдан маҳрум бўладилар. Тўғри, асар учун танланган персонажлар одатда, ёзувчининг ғоявий ниятини ўқувчига етказиш воситаси бўлиб хизмат қилади. Бироқ, чинакам ёзувчи ўз қаҳрамонларини нима ишни бажаришга, қандай гапни гапиришга мажбур қилиши кераклигини билиши нечоғлиқ муҳим бўлса, нималарни қилиш ёки қандай сўзларни гапиришга мажбур этолмаслигини билиши ундан ҳам муҳимроқдир. Бадиийлик меъёри шуни талаб қилади. Меъёрни ҳис қилмай туриб ҳақиқий ижодкор бўлиш мумкин эмас.

Унутмайликки, адабиёт ҳар доим поклик, гўзаллик, адолат, ҳақиқат, иймон ва эътиқод кўзгуси бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоғи лозим. Ёзувчи ҳар қандай разолат ва қабоҳат, ифлослик ва иймонсизлик, разиллик ва ахлоқсизлик заминида ўзининг покиза эстетик идеалини илгари суришни  унутмаслиги шарт. Бусиз ўқувчини эзгулик руҳида тарбиялаб бўлмайди...».

Чиндан ҳам, Ҳабиб Темиров асарларидаги қаҳрамонлар фақат муаллифнинг маънавий-ахлоқий даражасида сўзлаб, ўйлаб, шунга кўра ҳаракат қиладилар. Миллатимизнинг ахлоқий қарашлари муаллиф учун икки пулдек, «асар»ларида шаҳвоний тасвирларга зўр беради. Бу нима, миллатга, эркинликка беписандликми? Адабиёт - кўнгли айниган одам келиб қайт қилса бўлаверадиган жоймидики, уни бемалол расво қилмоқдалар?!

Ёзгувчи инсофни унутса...

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг «ijod.uz» веб-сайтидаги наср саҳифасида Саломат Вафонинг «Поезд» номли ҳикоясини ўқидим. Лекин муаллиф бу ҳикояда нима демоқчи, не мақсадда қўлига қалам олган - шунисига тишим ўтмади. Англаганим шу бўлдики, бу аёл яна ёзувчиликни даъво қилиб, шу йўсинда «ижод» қилаверса, ҳурмат тополмаса керак. Бу ҳам майли, аёлликнинг дилбар дунёсига путур етказиб қўйиши ҳам тайин. Бу айбловлар бесабаб эмас. Ҳабиб Темировнинг «Қора қаср асираси - 2» китобининг айрим ўринларини ўқиган одамнинг ростмана кўнгли айнийди, дегандик. Саломат Вафонинг «Поезд» ҳикоясини мутолаа қилиш бахтсизлигига учраб қолган одам эса ростмана қайт қилиб юборади, ҳатто у қадар нозиктаъб бўлмаса ҳам.

Муаллиф эридан калтак еб жағи синган аёлнинг поезддаги кўрган-кечирганларини қаҳрамон тилидан ҳикоя қилган. Асли буларни матбуотда ёзишнинг ўзи ножоиз-у, лекин фикрлар исботсиз, қуруқ бўлиб қолмаслиги учун айтай: ҳикояда аёлни поезддаги ҳамроҳларининг ҳар бир жирканч қилиқлари, одобсизликлари шу қадар батафсил тасвирланганки, геморройи операция қилинган бир кишининг (ҳикояда у киши қори(!) деб тасвирланган) вагон ҳавосини қандай булғашлари-ю, бир тўда гиёҳвандларнинг (баъзиларининг «эгнида иштони ҳам йўқ» дейилган) оғзидан чиқаётган ифлос гап-сўзлар, фоҳишаларнинг бепарда суҳбатлари, поездда олиб кетилаётган, ярим чирик ўликлар тасвири-ю, ҳикоя қаҳрамони бўлмиш аёлнинг қайт қиламан деб иштонини қандай ҳўл қилиб қўйганлари тафсилотини ўқиган одам шуларни аёл киши ёзганига ишонолмайди. «Ўғри бўл, «писмадон» бўл, инсоф билан бўл», деган гап бор халқда. Номи тилга олинаётган «ёзувчи»ларимизда қобилият ва фаросат каби инсоф ҳам йўқ шекилли. Йўқ, булар ўз миллатини ҳам ҳурмат қилмайди. Эътибор беринг, ҳикояда икки гиёҳванднинг ўзаро суҳбати орасида шундай гаплар бор:

«... - Намунча хасиссан, шу шиприцдан  иккинчи кун урвотсан. Гигиена деган нарсани биласанми?

 - Ўзбекча психология...».

Икки-уч исқирт гиёҳванднинг қилиқлари билан ўлчанадиган бўлганми ўзбекча психология?! «Асар»ида бир бетайиннинг тилидан «гигиенани билмайди», дея бутун бошли халққа иддао қилаётган, хунук қилиқлардан тап тортмайдиган, меровсифат «қаҳрамон»ига қориликдек мўътабар мартабани тақаб, мазах қилаётган муаллиф ўзининг миясидаги «ахлат»ларни бир тозалаб олиб, кейин қўлига қалам олса, маъқул бўларди. 

Келинг, яна филология фанлари доктори Йўлдош Солижоновнинг фикрларига диққат қилайлик: «...Хаёлимда Саломат Вафо ва Ҳабиб Темиров асарларидаги персонажлар, айниқса, аёллар нега қатъиятли эмас? Нега бир-икки учрашувдаёқ эркак кишининг хоҳиш-иродасига бўйсуниб, иффатини бой бериб қўяверадилар? Нега улар аёллик шаънини улуғламайди? Нега улар иқтисодий қийинчиликка бардош беролмай, енгил-елпи йўлларни излайдилар? - деган изтиробли саволлар пайдо бўлади ва уларга ижобий жавоб топгим келади. Аммо тополмай, охир-оқибатда, бу ёзувчиларнинг эстетик идеали тиниқ эмаслигига ишончим ҳосил бўлади...».

Азамат Қоржововнинг «Дубайдаги минг бир кеча» номли китобининг муқоваси ҳам ярим яланғоч нозанин, дубайлик бойвачча сурати ва яна бир қанча деталлар билан «зийнатланган». Бу «асар» асримизнинг глобал муаммоси - одам савдоси ҳақида битилган экан. Муаллиф хайрли мақсадни кўзлаб қўлига қалам олгандир-у, лекин бир қадар уқувсизлик қилиб, ўз ниятига путур етказган. Воқеалар ривожи, тасвирлар, қаҳрамонларнинг ўзаро суҳбатлари ўқувчининг меъдасига урар даражада сийқа, анчайин ишонарсиз, ниҳоятда эзмалик билан баён этилган. Ёзувчининг ўз «ёғига ўзи қоврилиб, минг хил ижод изтиробларини бошдан кечириб, матн устида жон куйдириб» ишламагани, тўғрироғи бунақа ишлашни хаёлига ҳам келтирмагани шундоққина кўриниб турибди. Лекин фоҳишаликка мажбурланаётган қизнинг шаҳватпараст эркаклар майлига кўнишдан бошқа иложи қолмаган ҳолатлари мароқ билан баён этилган, шу ўринларда ёзувчи астойдилроқ тер тўкканга ўхшайди. «Асар»нинг «бозорбоп» қилиб ёзилганини унинг номи ҳам айтиб турибди...

Мазкур мақолани тайёрлаш жараёнида ундаги маълумотларни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси мутасаддилари эътиборига ҳавола этмоқ ниятида эдик. Ҳарқалай, бу нуфузли даргоҳдагиларнинг адабиётга қайишишидан, адабиётга шак келтираётганларга нисбатан қатъий чоралар кўриши мумкинлигидан умидимиз йўқ эмасди. Аммо... юқорида эслатганимиздек, Саломат Вафонинг «Поезд» номли  кўнгилайнитар ҳикоясини айнан Ёзувчилар уюшмасининг веб-сайти саҳифаларида ўқидик...

Аталадай суюлдилар...

Адабиётимизнинг дунё танийдиган, дунё тан олган дарғалари кўп. Улар адабиётимизнинг чинорлари. Асарлари кўзга суртгудек азиз, номлари мукаррам, ҳаёт йўллари - ибрат. Аммо минг афсус, бугунги кунда юқоридаги каби ёзувчиликни даъво қилаётганларнинг «хизматлари» туфайлими, ижодкорларнинг эл аро ҳурмати ҳавас қилгудек эмас.

Яширишнинг ҳожати йўқ, кўпгина (моддий томондан бақувват) идоралар раҳбарлари учун бугунги кун ёзувчиси - «Янги китоб чиқармоқчиман, шунга ҳомийлик қилсангиз» дея, эшикни ёпса тешикдан кирадиган ялтоқи бир шахсни англатадиган бўлиб қолган. Кўпинча, ўша «ёзувчи»нинг китоб қилинаётган «асар»и зўр бўлгани учун эмас, унинг тинимсиз қўнғироқлари-ю, бемаврид ташрифларидан, ўзи хизмат қилмаётган маънавиятни пеш қилиб, хиралик билан иддао қилишидан безган раҳбарлар «Кел, шундан қутулай», деган ўйда ҳомийлик маблағи берадилар. Китобларнинг аҳволи эса ҳалигидай...

Яна бир жиҳатга эътибор қаратинг. Ўқигувчида ахлоқсизликка зимдан ҳавас уйғотадиган, шайтоний ҳисларни қўзғатадиган тасвирлар билан гуноҳнинг «гул юзи»ни суюмли кўрсатаётган «асар»ларнинг муаллифлари йигирма, ўттиз яшар ғўр йигит-қизлар эмас, ҳаётнинг паст-баландини кўрган, камида эллик-олтмиш ёшни уриб қўйган кишилар! Уларни «ҳали ёш-да, ғўр, қони қайноқ» деган баҳоналар билан ҳам оқлолмайсиз, «вақтлар ўтиб, қуюлиб қолади» дея умид ҳам қилолмайсиз. Бўлари бўлган!

Нодир ёзувчимиз, устоз Абдулла Қаҳҳорнинг академик Ўрозбоев юбилейига бағишлаб ёзган мақолаларида дўстига қарата айтилган бундай сатрлари бор: «Майли, юзга киргин-у, лекин бир тоғора аталадай суюлиб кетмай киргин...». Бу иборани бугун ана ўша қариб қуюлолмаётган ёки қуюлишни истамаётган «ёзувчи»ларимизга тилак сифатида айтишимиз керакка ўхшайди.

Бунақа «адиб»лар одамларимизга фақат «парноқисса»лар, «парнороман»лар керак деган хомхаёлдалар шекилли ёки ҳожатхонага оид ишларни ҳам «бадиий тасвир» сифатида асарга киритсак, одамлар буни «янгича услуб» деб тушуниб, ютоқиб ўқийверишади, деб ўйласалар керак. Лекин адабиёт олдида юзлари қора бўлаётганини, адабиётнинг қарғишига қолаётганларини англамаётганлари аниқ.

Халқимиз улар ўйлаган даражада гўл эмас. Ҳамма даврдаги каби бугун ҳам тарбиявий, ахлоқий, маънавий-маърифий  руҳдаги асарлар қўлма-қўл бўлиб ўқиляпти, уларнинг муаллифларини халқ дуо қиляпти, эъзозлаяпти.

Лекин, инкор этиб бўлмайдиган бир ҳақиқат шуки, бир чимдимгина балчиқ бир челак зилол сувни булғайди. Бугун адабиётимизнинг тоза булоғига балчиқ отаётганлар кўпайиб кетди...

Арзимас туюлган вайронкор ғоя.

«Бугунги кунда нашриётларга тўла эркинлик берилган, уларнинг фаолиятига ҳеч ким четдан туриб аралаша олмайди. Лекин ана шу эркинликни тўғри тушуниш, масалага масъулият билан ёндашиш даркор. Яъни, фақат иқтисодий манфаат ортидан қувиб бадиий жиҳатдан заиф, миллий маънавиятимиз, қадриятларимизга тўғри келмайдиган, адабиётнинг обрўсини туширадиган китоблар нашр этилишига йўл қўймаслик керак», дея қатъий таъкидлаган эди юртимиз раҳбари (И.Каримов, «Адабиётга эътибор - маънавиятга, келажакка эътибор», 34-бет.)

Бу таъкид бежизга эмас. Бир вақтлар арзимаган мактуб тарзидаги қораламаларнинг эътиборсизлик туфайли қўлма-қўл бўлиб кетиши тарихда унча-мунча одамнинг хаёлига ҳам келмаган вайронкор ғоянинг шаклланишига сабаб бўлганди. Гап «садизм» назарияси ҳақида. Бу назариянинг асосчиси ҳисобланадиган Маркиз де Саднинг ҳақиқий исми Донасьен Альфонс Франсуа бўлиб, 1740 йилда Парижда туғилган бу йигит йигирма уч ёшидаёқ жамиятдаги ахлоқий меъёр ва қоидаларни инкор этиб, бузуқчиликка боши билан шўнғиб кетганди. Бу қилмишлари учун у қамоқ жазосига ҳукм этилади, лекин ҳибсхонада ҳам тийилмайди. Ўзининг тийиқсиз ҳиссиётлари, бузуқ ўй-фикрлари битилган мактубларни қамоқхона бошлиғига йўллай бошлайди. Қамоқхона бошлиғи бу мактубларнинг ошкор этилиши жамият учун хатарли жиноятчини, онгни мағлуб этадиган бузғунчи ғоя яратувчисини шакллантириши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаган ҳолда, уларни жамият аъзоларига тақдим этади. Саднинг исми тиллардан тушмай қолади. У ахлоқий бузуқликни тарғиб этишнинг осон йўлини топганини англаб, кишини ахлоқсизликка рағбатлантирувчи бир қанча «асар»лар ёзади. Қисқа вақт ичида бу «асар»лар ўз ўқувчиларини топиб улгуради, қўлма-қўл бўлиб ўқилади. Сад «асар»ларини жиддий ўрганиб, таҳлил этган Э.Фром садизмга шундай баҳо беради: «Садист - кишиларга жисмоний ёки руҳий азоб бериш ва жинсий майлларини қондириш орқали роҳатланувчи шахсдир. У жоҳиллик ва ёвузликнинг тимсоли».

Асарларини юз йилдан буён дунёда нашр этиш маън этилган Сад «Фоҳишахонадаги фалсафа» китобида ўзининг асл ниятини шундай ифодалайди: «Биз бутун дунёни эгалламоғимиз учун бундан буён катта муҳорабаларда қатнашишимиз, жанги жадаллар юритиб, дунёнинг қай бир узоқ ўлкаларида фаранг аскари ҳалок бўлиши-ю, унинг жасади ва этикларининг чириб битиши мутлақо шарт эмас. Агар биз бошқа мамлакатларга, хусусан, Шарққа ахлоқсизликни меникидай китоблар ва бошқа йўллар билан тарқата олсак, уни ўша халқларнинг турмуш тарзига айлантира билсак, жумлаи жаҳон оёғимиз остига ўзи юкиниб келади, бутун одамзотнинг қалбига эгалик қилишга муваффақ бўламиз...».

Сад китобларини доимий ўқиган одамда садизмга мойиллик аста-аста шакллана боргани аллақачонлар исботланган ҳақиқат. Хўш, бу ҳақиқатни инкор этолмас эканмиз, нега инсонни шаҳвоний ҳирсга, ахлоқсизликларга киши билмас мойил қилиб қўядиган «асар»ларнинг кўпайиб бораётгани, қўлма-қўл бўлиб ўқилаётгани ҳеч биримизни - на бу ишга мутасаддиларни ва на бошқаларни ташвишга солмаяпти?!  Улардаги «лаззатдан мислсиз лаззат олиш»га тарғиб бизга безиёндай кўриняптими ё? Ғофил бўлмайликки, кўпчилик ютоқиб ўқиётган бу тахлит «асар»ларда меъёрни унутишга ундаш бор. Ваҳоланки, Афлотун: «Ҳар нарсада меъёр бўлиши шарт. Меъёрни унутган одам ҳатто лаззатда ҳам тубанликка юз тутади», деган бўлса, Абу Райҳон Беруний ҳазратлари: «Инсон ҳаётида лаззат меъёрининг бузилиши уни ҳалокатга етаклайди», дея огоҳлантирган эдилар.

Сўнгги сўз: Кечагина «хорижий мамлакатларда тайёрланган ва халқимизга таклиф этилаётган фильм ва китобларда зўравонлик, одобсизлик, ахлоқсизлик, ҳаёсизлик, тошбағирлик тарғиб этиляпти», дея ташвишга тушаётган эдик. Бугун шу балолар ўзимиздан чиқди. Юқоридаги каби бетамиз «адиб»ларнинг халқимизга маънавий зарар етказадиган «асар»ларини бирор чет эллик одам айтиб туриб ёздираётгани йўқ. Бу китоблар ўзга тилдан таржима қилинаётгани ҳам йўқ, ўзбек тилида ёзилиб, ўзбек нашриётларида нашрга тайёрланиб, ўзбек босмахоналарида чоп этилиб, ўзимизнинг китоб дўконларимизда сотиляпти. Биз бепарво. Бу бепарволик кўп жиҳатларда ўзининг катта зиёнларини кўрсата бошлаётган бўлса ҳам, жиммиз. Тўғри, бизда баҳслашиш маданияти ҳаминқадар. Ҳатто энг яқин дўстингнинг аён камчилигини юзига айтиб қўйсанг ҳам, сени ўзининг душмани деб эълон қилвориши, ўзингнинг юзта айбингни айтиб ноғора қоқиши мумкин. Шуларни ўйлаб ҳам, танқид қилишдан безилласак керак. Лекин, юқорида айтиб ўтганларимиз чакана муаммолар эмас. Уларнинг оқибати бахайр бўлмаслиги аён. Ёки бу бемаъниликларга чек қўйишга қаршимизда яна битта вайронкор «...изм» пайдо бўлгандан кейингина уринамизми?!

Муаллиф: Дилфуза КОМИЛОВА   


Бошқа мақолалар