Рус самолёти ҳалокатга учради


  • 1 Ноябрь, 2015
  • 1259

Россияга тегишли йўловчи самолёти 224 нафар пассажири билан бирга Мисрдаги Синай ярим оролига қулаб тушгани маълум қилинди.

Шарм-ал-шайх аэропортидан кўтарилган “Metrojet ҳаво йўллари”га тегишли Airbus A321 русумли пассажир самолёти Синай чўлига қулаб тушди. Самолёт Миср ҳаво ҳудудини Оқденгиз устида тарк этиб, турк ҳаво ҳудудига кириши керак эди.

Бортида 224 нафар йўловчи бўлган самолёт билан сўнгги алоқа парвоздан 23 дақиқа ўтгач, Синай чўли устида бўлган. Қидирув-қутқарув ишлари натижасида самолёт қолдиқларига дуч келинди.

Мисрлик мутахассислар самолёт билан алоқа Миср ҳаво ҳудудидан Туркия ҳаво ҳудудига ўтиш жойида узилганлигини билдиришди.

Россия чартер рейсларини амалга оширадиган “Metrojet” ширкатига оид A321 русумли самолётнинг EI-ETJ қайдли ва 1997 йили ишлаб чиқарилгани маълум бўлди.

Миср ҳукумати Россия самолётининг Синай марказига тушганлигини билдирди. Миср бош вазири Шариф Исмоил самолёт ҳалокати ортидан тезкор кризис қўмитасини тўплади. Самолётнинг бўлаклари Мисрдаги Синай ярим оролидан топилди. У ерга Ал Ариш шаҳридан 20 та тиббий ёрдам кўрсатиш транспорти юборилди.

Россия Ташқи ишлари вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Мисрдаги Россия элчихонаси ходимларининг вазиятни аниқлаштираётганини, аниқ хабарлар қўлга киритилгач, эълон қилинишини айтди. 


Бошқа мақолалар