Словакия бош вазирига суиқасд


  • 17 Май, 2024
  • 103

Жорий йилнинг 15 май чоршанба куни Словакия бош вазири Роберт Фицога суиқасд уюштирилди. Суиқасддан кейин дарҳол касалхонага етказилган бош вазирнинг ҳолати оғир бўлиб қолмоқда.

Словакия бош вазири Роберт Фицо Гандлово шаҳрида ўтказилган ҳукуматнинг кўчма йиғилишидан кейин шу ерда тўпланган маҳаллий аҳоли билан кўришишга борганида 71 ёшли сиёсий фаол томонидан ўққа тутилган.

Фицога отилган 5 та ўқдан 2 таси нишонга тегиб, уни оғир жароҳатлаган. Бош вазир қўриқчилари ва полиция дарров ўқ узган шахсни зарарсизлантириб, Фицони касалхонага етказган. 71 ёшли суиқасдни амалга ошриган шахс бу ҳаракатини “бош вазирнинг олиб бораётган сиёсатига норозилик” деб баҳолаган.

Аҳволи оғир бўлган Фицо дарҳол жарроҳлик амалиётига олинди. Словакия бош вазир ўринбосари Томас Тараба амалиёт муваффақиятли ўтганлигини билдирди. BBCга интервью берган Тараба “Билишимча амалиёт яхши ўтган ва унинг ҳаёти қутқариб қолинди. Шу онда ҳаётига хавф йўқ, лекин аҳволи жуда жиддий” деди.

Ўқ узган шахс “Прогрессив Словакия” либерал мухолиф партиясининг фаолларидан бўлиб, бундан ташқари Словакия ёзувчилар ассоциацияси аъзоси ҳисобланади. Ёзувчилар ассоциацияси агар унинг шахси тасдиқланадиган бўлса, дарҳол аъзолиги бекор қилинишини маълум қилди.


Бошқа мақолалар