Дунёдаги энг бой инсон номланди


  • 11 Сентябрь, 2025
  • 21

Oracle дастурий таъминот ишлаб чиқувчиси ҳамасосчиси Ларри Эллисон Bloomberg миллиардерлар рейтингида биринчи ўринга чиқди ва Tesla ҳамда SpaceX асосчиси Илон Маскни орқада қолдирди.

Эллисоннинг бойлиги 393 миллиард долларга етди, Маскники эса — 385 миллиард доллар.

Bloomberg маълумотида қайд этилишича:

«Эллисоннинг бу қадар кескин кўтарилишига сабаб бир кунда капитали 101 миллиард долларга ошиши бўлди. Бу — Bloomberg рейтинги тарихи давомида энг катта ўсиш».

Маск Bloomberg рейтингининг биринчи поғонасини қарийб бир йил давомида сақлаб келган эди. У биринчи марта бу ўринни 2021 йилда эгаллаган, аммо кейинроқ уни Amazon асосчиси Жефф Безос ва LVMH раҳбари Бернар Арнога бой берган. Ҳозир Безос тўртинчи, Арно эса саккизинчи ўринда турибди.

Июлдан бери Эллисон Bloomberg рўйхатида иккинчи ўринда эди, у Meta раҳбари Марк Цукербергни орқада қолдирган.

Forbes ҳам Эллисон бойлигининг ўсишини қайд этди — 102 миллиард доллар ёки умумий капиталининг деярли 35 фоизи. Forbes ҳисобича, Эллисоннинг умумий бойлиги 395 миллиард долларни ташкил этади. Бироқ, уларнинг рўйхатида Маск ҳануз биринчи — 437 миллиард доллар билан.

Эллисоннинг бойлиги Oracle акцияларининг кескин ўсиши ҳисобига кўпайди. АҚШ молиявий йили 1 октябрдан 30 сентябрга қадар давом этади. Oracleнинг биринчи чорак ҳисоботидан сўнг акциялари 45 фоизга ўсди, 9 сентябрда тарихий максимумга етди ва чортшанба куни яна 41 фоиз кўтарилди.

Bloomberg таъкидлашича, сунъий интеллект (ИИ) ривожланиши шароитида булут инфратузилмасига қилинган инвестициялар Oracleнинг юксалишига туртки бўлди. Сўнгги ҳисоботга кўра:

булут технологияларидан тушум 28 фоизга ошиб, 7,2 миллиард долларга етди,

булут инфратузилмасидан тушум эса 55 фоизга кўтарилиб, 3,3 миллиард долларни ташкил этди.

Oracleнинг шартнома портфели 359 фоизга ўсиб, 455 миллиард долларга етди. Бу йирик битимлар ҳисобига амалга ошди, жумладан ChatGPT ишлаб чиқувчиси OpenAI билан 4,5 ГВт қувватга эга дата-марказлар қуриш бўйича шартнома ҳам бор.

Шунингдек, Oracle Stargate номли сунъий интеллект инфратузилмаси лойиҳасида ҳам иштирок этмоқда. Бу лойиҳа 2025 йил январда АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан эълон қилинган. Эллисон республикачиларни қўллаб-қувватлайди.

Маълумот учун:

Эллисонга 81 ёш.

У Oracle компаниясини 1977 йилда Боб Майнер ва Эд Оутс билан бирга асос солган.

37 йил давомида компанияга раҳбарлик қилиб, 2014 йил сентябрда бош директорлик лавозимини тарк этган, кейинчалик кузатув кенгаши раиси ва техник директор бўлган.

Oracle акцияларининг 40 фоиздан ортиғи унга тегишли.

Шунингдек, у Paramount Skydance компаниясининг тахминан 50 фоизига эгалик қилади (компаниянинг бош директори — унинг ўғли Дэвид).

2018–2022 йилларда у Tesla директорлар кенгаши аъзоси бўлган ва ҳозир ҳам компания акцияларига эгалик қилади.

Эллисон жорий йил бошида Дубайда бўлиб ўтган Бутунжаҳон ҳукуматлар саммитида ҳам нутқ сўзлаб, сунъий интеллект турли соҳаларни ўзгартириши ва яқин келажакда инсоният тақдирида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлишини таъкидлаган эди.


Бошқа мақолалар